Мирзиёев энергетика тизими аномал совуққа тайёр ёки йўқлиги билан танишди
Жамият
−
22 Ноябрь 2023
10466Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлиб, энергетика тизимининг қиш мавсумига тайёргарлиги билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари бугун, 22 ноябрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖга бориб, совуқ кунларда энергия ресурсларига бўлган талабни кафолатли таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботини эшитган.
Шунингдек, Энергетика вазири ажратилган маблағ эвазига жорий йилда қилинган ишлар ва яратилган захира, кунлик истеъмол ва уни таъминлаш мўлжаллари тўғрисида Президентга ахборот берган.
Унга кўра, энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтади. Яқин ойларда 1 минг 700 мегаваттли 8 та қуёш ва шамол электр станцияси, Сирдарёда 500 мегаваттли газ турбинаси ишга туширилади. Сурхондарёдаги Шарғун конида 900 минг тонна кўмир қазиб чиқариш бошланади.
Бундан ташқари, суюлтирилган газ, мазут, трансформатор, кабел ва бошқа зарур воситаларнинг захираси тайёрлаб қўйилгани қайд этилган.
“Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент шунингдек, энергия манбаларини барқарор етказиб бериш, шу билан бирга, тўлов интизомини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган. Ноқонуний уланишларга чек қўйиш, об-ҳавога қараб, илиқ кунларда энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича кўрсатмалар берган.
Тадбир якунида “Ўзтрангаз”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари раҳбарларининг ахбороти ҳам тингланган.