Мирзиёев Бухорода газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси ва аэропорт қурилишини бошлаб берди
Жамият
−
31 Май
6902Бугун, 31 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси, Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилгани муносабати билан ўтказилган маросимда қатнашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Улардан бири “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида қуриладиган газ-кимё мажмуасидир. У “мethanol to оlefins” (MTO) технологияси асосида ишлайдиган Ўзбекистондаги биринчи завод бўлади.
Лойиҳа доирасида қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойнинг энг илғор технологиялари келтириб ўрнатилади. Ягона мажмуа доирасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нефть қайта ишланиб, Ўзбекистон ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлар газ нархига нисбатан 5 баробар кўп қўшилган қиймат беради.
Янги заводда 2 минг киши иш билан таъминланади. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик, электротехника ва бошқа турдош соҳаларда ўнлаб корхоналар, яна 4 мингта иш ўрни очилишига туртки бўлади.
"Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида Бухорода нафақат туризм, балки саноат ҳам ҳақиқий “драйвер”га айланади. Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши электр энергияга бўлган талабни йилига ўртача 6 фоизга оширмоқда. Шу боис жойларда янги генерация қувватлари барпо этиб борилмоқда", дейилади хабарда.
Билдирилишича, жорий йилнинг ўзида 14 та қуёш ва шамол станциясининг дастлабки 2,6 гигаватти тармоққа уланади. Натижада мамлакатда ишлаб чиқариладиган жами қувватда муқобил энергия улуши 9 фоиздан 15 фоизга ошади. Умуман, 2030 йилгача бу кўрсаткични 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.
"Бунда, албатта, серқуёш Бухоро алоҳида ўрин тутади. Ҳозирги кунда вилоятда қарийб 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 4 гигаваттли 9 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Энди уларнинг сафига Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуриладиган 250 мегаваттли қуёш электр станцияси ҳам қўшилади. Бу лойиҳа учун Олот туманидан 648 гектар ер ажратилган. Станция 2025 йил декабрда ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Хитойнинг “Gezhouba” компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия мажмуалари барпо этилмоқда. 2030 йилга бориб вилоятдаги қувватлар 9 карра ортиб, йилига 12,5 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ишлаб чиқарилади.
Стартдаги яна бир лойиҳа – янги халқаро аэропорт. Хусусий шериклик шартлари асосида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қуриш кўзда тутилган. 226 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмаси ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур мажмуалар қурилишини бошлаб берди.
Шу ерда Бухоро вилоятида қурилиши режалаштирилган мажмуалар, жумладан, янги аэропорт лойиҳаси тақдимот қилинди.