Мирзиёев Бухоро вилояти раҳбариятининг фаолияти жуда суст эканини айтди

Жамият

image

Бухоро вилояти салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича вилоят раҳбарияти, 13 та туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳозирги фаолияти жуда суст. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Айтилишича, Бухоронинг 4,2 миллион гектар ери бўлса, 6 фоизига экин экилади. Яна 3,2 миллион гектар ер – ишлатилмасдан турган катта имконият. Вилоятдаги 60 минг тонна ип-калаванинг 57 фоизи матога айланмоқда, қолгани хомашё шаклида  арзон сотилмоқда, матонинг 24 фоизи тайёр маҳсулотга айланяпти. Вилоятда 1 миллион 200 минг тонна мева-сабзавот етиштирилса-да, экспорти 15 миллион доллардан кам.

Йиғилишда аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликка кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди. Вилоятда бу ой 21,5 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келади. Уларни ва ишсиз, кам даромадли аҳолини иш ва даромад манбалари билан таъминлаш стратегик вазифа экани таъкидланди.

Янги тайинланган вилоят раҳбарлари тадбиркорга ёрдам бериб, Бухорони камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш шартлиги ҳақида огоҳлантирилди. 

Бухорода кичик бизнесга бу йили 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит ажратилиши эълон қилинди. Туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилади.

Таъкидланишича, Бухорода одамларни ишли қиладиган катта имконият – саноат зоналари. Илғор хорижий тажриба асосида Когон туманида 1 минг гектарда йирик саноат мажмуаси барпо қилинмоқда. Биринчи босқичда 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу  вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт беради. Янги мажмуа тажрибасини, жалб қилинган мутахассислар билимини бошқа саноат зоналарига татбиқ қилиш кераклиги айтилди. Мутасаддиларга саноат зоналари бўйича имтиёз ва шароитлари жозибадор бўлган янги қонунлар пакетини киритиш топширилди.

Шу билан бирга, давлат раҳбари Бухорода ҳам сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлганини қайд этди. Жумладан, вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилинди, 4,6 мингта корхона ишга тушиб, 90 мингта иш ўрни яратилди. Экспорт 215 миллион долларга етди, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди.

Шунингдек, вилоятда электротехника, заргарлик, қурилиш материаллари, кончилик, йўл қурилиши, меҳмонхона соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларни тезлаштириш, инвесторларга ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

Бухоро туманида қурилиши бошланган нефть-кимё кластери ишга туширилса:

  • импорт бўлаётган бензол, олефин, ароматик углеводород, нафтадан пентан ва гексан эритгичлари ишлаб чиқарилади;
  • вилоят саноатига 4,5 триллион сўмлик қўшилган қиймат ва 600 та юқори даромадли иш ўрни яратилади;
  • экспорт 130 миллион долларга ошиб,  йилига 300 миллиард сўм солиқ тушуми пайдо бўлади.

Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Бухоро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг