Мирзиёев Бельгия қиролини Ўзбекистонга таклиф қилди

Жамият

image

Бугун, 24 октябрь куни Брюссель шаҳрига расмий ташриф доирасида Лакен саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгияликлар Қироли Филипп билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Қирол Филипп Ўзбекистон етакчисининг ЕИ раҳбарияти билан музокараларининг якунларини юксак баҳолаб, мамлакат етакчисини Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битим имзолангани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон – Бельгия муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Вазирлар даражасида фаол мулоқотлар йўлга қўйилган, сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказилмоқда, икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Тошкент ва Кортрейк, Самарқанд ва Льеж шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди. Кортрейкда буюк аллома Абу Али ибн Синонинг бюсти очилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Бельгия компаниялари Ўзбекистонда, хусусан, тўқимачилик, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Ўтган йили Тошкентда Бенилюкс мамлакатларининг савдо палатаси очилди.

Суҳбат чоғида Бельгия компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш, шунингдек, маданий тадбирларни ўзаро ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари Қирол Филиппни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бельгия Брюссель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг