Мирзиёев банкларда рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича топшириқ берди
Жамият
−
10 Сентябрь 4014 2 дақиқа
Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш учун сингапурлик экспертлар жалб этилди. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинди.
Билдирилишича, бугунги кунда дунёда молиявий технологиялар бозори тез суръатда ривожланяпти. Унинг ҳажми бу йил 300 миллиард доллардан, 2030 йилга бориб, 600 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда катта имкониятлар мавжуд бўлиб, мамлакатда 2018 йилда FinTech корхоналари 24 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 103 тага етган. Жорий йил маҳаллий корхоналар 260 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп.
Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида 1 мингта стартапни қўллаб-қувватлаш, “Open banking” тизимини жорий қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши айтилган эди. Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги режалар ва таклифлар юзасидан ахборот берди.
Стратегияни пухта ишлаб чиқиш учун, аввало, меъёрий-ҳуқуқий база, молиявий технологияларнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар масаласи таҳлил қилинмоқда.

“Сингапурлик экспертлар жалб этилиб, халқаро тажриба ўрганилмоқда. Шу асосда бу соҳадаги миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик тартиби белгиланади. Якуний мақсад барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратишдир”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди. Таҳлилларга кўра, булар орқали банклар даромадини 20 фоизга, молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириб, хавфларни 15 фоизга камайтириш мумкин.
Давлат раҳбари банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириб, рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, Соҳада муваффақият мезонларини аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банкда Финтех офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди. Стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестицияларга шароит яратиш учун инновацион хаб ташкил қилиниши маъқулланди. Билдирилишича, бу чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг минтақавий финтех марказига айланишига хизмат қилади.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь