Мирзиёев банк тизимини хусусийлаштириш жараёнлари бўйича йиғилиш ўтказди
Жамият
−
20 Ноябрь 2023
8950Бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда банк секторида рақобат кучаяётгани ва банк хизматларига талаб ошаётгани қайд этилган. Бу жараён эса тизимида трансформация ишларини жадаллаштиришни талаб қилаётгани айтилган.
Бу борада давлат улушига эга банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларнинг қимматли қоғозларини “IPO”га чиқариш, соҳага тажрибали хорижий мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилган.
Давлат раҳбари масъуллар олдига халқаро рейтинг компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириб, банкларнинг рейтингини ошириш бўйича ўрта муддатли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйган. Шунингдек, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини замон талабларига мослаштириш кераклигини айтган.
Йиғилиш давомида банк раҳбарлари Президентни трансформация ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш, ходимларни ўқитиш, соҳада илғор IT ютуқларни жорий қилиш бўйича режалари билан таништирган.
Мирзиёев ҳар бир банк ўзи сармоя киритган лойиҳаларни таҳлил қилиб, ишга тушишини кузатиб бориши, ҳудудлар ва соҳаларда самардорлиги юқори бўлган лойиҳаларни амалга ошириши кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 сунтябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида “Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессер билан учрашган эди. Учрашувда давлат раҳбари Лессер билан Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, банкларнинг рақамли инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш ва энергетикадаги лойиҳаларни экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилганди.