Мирзиёев аномал совуқда қийналган тадбиркорларни қўллайдиган қарорни имзолади
Жамият
−
06 Февраль 2023 7256 1 дақиқа
Қаттиқ совуқда қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади. Бу ҳақда “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-март ойларида муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади. Шунингдек, 9 минг нафар тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва “пеня”сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда тадбиркорларга қуйидагича енгилликлар бериш кўзда тутилган:
• қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади;
• носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;
• 27 минг тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади);
• давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва “пеня” 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;
• Ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
Live
Барчаси