Мирзиёев Алиевни тарихий воқеа билан қутлади

Жамият

image
Ўзбекистон Трамп воситачилигидаги Озарбайжон-Арманистон тинчлик келишувини олқишлади north_east

Ўзбекистон Трамп воситачилигидаги Озарбайжон-Арманистон тинчлик келишувини олқишлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари қардош Озарбайжон етакчиси ва халқини тарихий воқеа – куни кеча Вашингтон шаҳрида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик декларацияси имзолангани билан самимий қутлаган.

Тез фурсатда тинчлик битими расман имзоланиши Жанубий Кавказда тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг июль ойида Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Маълумот учун, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ёмонлашув асосан Қорабоғ можаросидан келиб чиққан. Совет даврида Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида бўлса-да, аҳолининг катта қисми арманлардан иборат эди. 1980 йилларнинг охирида СССР парчалана бошлаганда, арман миллатчилари ҳудудни Арманистонга қўшишни талаб қилди, бу эса миллатлараро кескинликни кучайтирди. 

1988 йилда қуролли тўқнашувлар бошланди, 1991 йилда урушга айланиб, 1994 йилда Россия воситачилигида Бишкек сулҳи имзоланди. Натижада арман кучлари Тоғли Қорабоғ ва атрофидаги 7 туманни эгаллаб олди, Озарбайжон эса бу ҳудудларни босиб олинган, деб ҳисоблаб келди. 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 44 кунлик уруш бўлиб, Озарбайжон Туркия ёрдами ва замонавий қуроллар ёрдамида катта ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини қайтариб олди. Россия воситачилигида сулҳ тузилиб, Арманистон Қорабоғдан ташқари уч туманни Озарбайжонга топширди. 

2023 йил сентябрда Озарбайжон “антитеррор операцияси” орқали бутун Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳудуддаги арман аҳолиси деярли тўлиқ Арманистонга кўчиб кетди. Ҳозирда ёмонлашувнинг асосий сабаблари чегара масалаларининг ҳал қилинмагани, йиллар давомида уруш ва миллий адоват туфайли ўзаро ишончсизликнинг юқорилиги, Зангезур коридори бўйича келишмовчиликлар ва геосиёсий омиллардир.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон кеча, 8 август куни АҚШ воситачилигида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолаганди. Трампнинг айтишича, икки давлат урушни тўхтатиш, дипломатик муносабатларни очиш ва бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг