Мирзиёев Абэнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
08 Июль 2022
15029Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ суиқасд натижасида бевақт вафот этгани муносабати билан Япония Императори Нарухито ва Бош вазири Фумио Кисидага ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Таъзияномаларда жаноб Абэнинг стратегик дастурлари ва инновацион ташаббуслари Япониянинг барқарор ривожланишига, мамлакатнинг халқаро муносабатлар ва жаҳон иқтисодиёти тизимидаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилгани қайд этилган.
Йирик давлат арбобининг Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш, стратегик шериклик алоқаларини изчил ва самарали кенгайтириш борасидаги шахсий хизматлари доимо юксак қадрланиши таъкидланган.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари марҳумнинг рафиқаси ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этган.
Эслатиб ўтамиз, Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ бугун, 8 июль куни Нара шаҳрида сайловолди ташвиқоти чоғида ўлдирилди. Собиқ Бош вазир қон кетаётган ва ҳушини йўқотган ҳолда шифохонага ётқизилган. Орадан кўп ўтмай, Абэ вафот этди.
Қўлбола милтиқдан бир неча марта ўқ узган шахс воқеа жойида қўлга олинди. У 41 ёшли маҳаллий фуқаро Тэцуя Ямагами – Япония ўзини-ўзи мудофаа кучларининг собиқ денгизчиси бўлиб чиқди. Ҳозирда полиция уни сўроқ қилмоқда.