Мирзиёев 2 йил олдин ёпиб юбориш керак деган завод ўтган йили 1 трлн 375 млрд даромад қилган
Жамият
−
06 Июль 2019
18203QALAMPIR.UZ мухбирининг маълум қилишича, UzAuto Motors заводи 2019 йилда 1 трлн 375 млрд сўм соф фойда кўрган. Бу ҳақда Асакада жойлашган UzAuto Motors’га уюштирилган медиа-тур давомида ташкиллаштирилган Матбуот анжуманида завод бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистларга маълум қилди.
Журналистлар томонидан завод раҳбарига, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида Асака шаҳрида ҳам бўлиб, завод фаолиятини кескин танқид остига олгани эслатилди ва Рустам Ражабовдан президентнинг “Заводни ёпиб юбориш керак”, дея билдирган кескин танқидига изоҳ сўралди.
“Президент ўшанда бизни тўғри танқид қилган эди. Ҳаммангизга маълумки, ўша пайтларда 3-4 йил зарарга ишлаб қолган эди. Сабаби экспорт қилишда пала-партишликка йўл қўйилган. Россияда ва бошқа бир қатор МДҲ давлатларидан минглаб автомобилларимиз сотилмай қолган эди.
Президент бугунги жамиятдаги ҳар бир тизимни яхши ўрганиб чиққан инсон. Ўз вақтида бизни тўғри йўлга қайтара олди. Охирги икки йил давомида биз сезиларли ўсишга эришдик. Масалан, 2018 йилда 2016 йилга нисбатан 1 ярим баробар кўпроқ автомобил ишлаб чиқардик. Ўтган йилда бизнинг соф фойдамиз 1 трлн 375 млрд сўмни ташкил этди. Биз икки йил ичида катта миқдорда фойда келтирувчи компанияга айландик”, деб айтиб ўтди Рустам Ражабов.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ UzAuto Motors раҳбари заводда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг сифати Lada автомобиллариникидан яхшироқ эканини айтиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, энди Ўзбекистон фуқаролари исталган пайтда Асакада жойлашган UzAuto Motors заводида автомобиль йиғиш жараёнини кузата олиши мумкин.