Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан футболни жарликка итарган сабаблар ва шахслар ҳақида суҳбат
Интервью
−
07 Июль 2021
24464Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги омадсиз ва муваффаққиятсиз иштирокидан сўнг, футбол мухлислари яна жиғибийрон бўлди. Аммо, фойдасиз. Абрамов кетказилди, Аҳмедов истеъфо берди, Ҳайдаров ҳам қочиб қолди... Икки ўртада Ўзбекистон яна ЖЧдан қуруқ қолди. Лекин бу ҳайратланарли воқеа эмас.
QALAMPIR.UZ таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан ушбу мавзу юзасидан интервью ташкил этди.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Аҳмедовнинг кетиши йўқотиш эмас. 4 йил аввалги Одил бугунгисидан кучлироқ эди – Мирзаҳаким Тўхтамирзаев
Абдулла Маннонов, мухбир: — Бугун сизни кўриб турганимиздан мамнунмиз. Суҳбатимиз аввалида ўзбек шарҳловчилик мактаби ҳақида гаплашсак...
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, журналист, шарҳловчи: — Ўзбек шарҳловчилик мактаби асосчилари сифатида Ахбор Имомхўжаев ва Роман Турпишевни эътироф этиш керак. Чинакам катта футбол 1960 йили бошланган. "Пахтакор" Собиқ Иттифоқ чемпионатига қўйилган. Сафардаги учрашувлар радио орқали, уйдаги ўйинлар телевизор орқали шарҳлаб борилган. Танловда ғолиб бўлганлари учун ўзбек тилида Ахбор Рустамович, рус тилида Роман Абдуллаевич баҳсларни шарҳлаб борган. Кейинчалик уларнинг сафига янги шарҳловчилар келиб қўшилган.
Давлат Турдиалиев, Азим Алимов, Раҳмонқул Болтаев, Ҳусан Темировларнинг таъсирида, кейинги авлод вакиллари сафга қўшилди. Ҳар бир даврнинг ўз услуби бўлади. Ахбор Имомхўжаев кўпроқ радио орқали шарҳлагани учун, уни эшитиб, майдондаги воқеаларни кўз олдимизга келтирардик. Интернет ривожланмаган, телевизорлардаги тасвир оқ-қора рангли бўлган, шунинг учун шарҳловчилар ахборот манбаи бўлишган.
А.М.: — Шарҳловчиларнинг ўз даври бўлгани ҳақида гапирдингиз, лекин футболчиларнинг даври бўлдими?
М.Т.: — Барча соҳада авлодлар алмашинуви бор гап. Бизнинг давримиздаги одамлар ҳалигача 60-йиллардаги футболни соғинч билан эслайдилар. Геннадий Кроснидскийнинг майдон марказидан берган зарбалари, барчаси голга айланмагандир, лекин у зарба бераётган пайтда дарвозабонлар зир титраганини телевизор орқали кўрганмиз. Биродар Абдураимовнинг бурчак зарбаларидан бевосита голлар уришини соғинадилар. "Пахтакор" 1962 йили чемпионатда 6-ўринни эгаллаган, 1967 йилда кубок финалига чиққан. Бу клуб тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади. 1968 йилда жамоа ўрта поғоналарни эгаллаган бўлса ҳам, Биродар Абдураимов 22 гол билан энг сермаҳсул тўпурар бўлган. Уни дарров ЦСКА сафига олиб кетишган. Кучли жамоалар билан ўйинларда дарвозасини ишончли қўриқлагани учун Юрий Пшеничниковни Москвага олиб боришган ва СССР терма жамоасига жалб қилинган. Аксарият футболчилар куч билан марказга олиб кетилган. Фақатгина Владимир Фёдоров 1976 йилда "Пахтакор" сафида қолган.
А.М.: — Биз яна қанча йил шундай “дежавю” билан яшаймиз? 70 йиллик тарих ҳақида гапиряпсиз...
М.Т.: — Истасак, ундан ҳам узоқроқ тарихни гапиришимиз мумкин. "Пахтакор - 79" жамоасини бизнинг тенгқурларимиз кўпроқ қўмсайди, сабаби, жамоа эндигина ўз ўйинини топа бошлаган эди. 1994 йилги Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган терма жамоа ҳам фахр ва ифтихор билан эсланади. Чунки, 7 учрашувнинг барчасини ҳали Осиё миқёсида барча таниб улгурмаган Ўзбекистон ютган эди. Ярим финалда Жанубий Корея дарвозасига супергол урилган ўйин ёки финалда Хитой мағлуб этилган баҳсни ҳозирги ўйинлардан яхшироқ кўринади. Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Тимур Кападзе, Одил Аҳмедовлар давридаги жамоа ҳам кўпчиликка манзур бўладиган ўйинлар ўтказган.
Рауф Инилеев мураббийлигида 2007 йилги Осиё чемпионатида чорак финалга қадар етиб борган. 2008 ва 2011 йили Сервер Жепаров Осиёда энг яхши футболчи, деб топилиши бежиз эмас. Худди шу авлод 2011 йилда Қатар мезбонлик қилган Осиё чемпионатида яхши ўйин кўрсатди. Натижа ўз йўлига, бироқ ўша жамоанинг ўйини мухлисларга ёққан эди. Кейинроқ, Япония ва Эрон терма жамоалари мағлуб этилди. Бу ўзбек футболининг ўсаётганидан далолат берарди. Ҳозир эса Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичига чиқолмай ўтирибмиз. Демак кейинги авлод, аввалгиларидан кучсизроқ экан.
А.М.: — Авлодлар алмашинуви даври келмадими?
М.Т.: — Таркибни бутунлай алмаштириб бўлмайди. Агар фақатгина ёшлардан иборат жамоа тузилсаю улар мағлуб бўлаверса, ўзларига бўлган ишонч йўқолиб бораверади. Ҳозир ҳам авлодлар алмашинуви даври кетмоқда. Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлади, Олег Зотеев ва Вагиз Галиулин таркибга жалб қилинмайди.
А.М.: — Одил Аҳмедовнинг кетиши терма жамоа учун йўқотишми?
М.Т.: — Назаримда, ҳозирги Аҳмедовнинг кетиши йўқотиш эмас. Истаймизми-йўқми, бутун дунёда футболчилар 30 ёшдан ўтгач, аввал терма жамоада, сўнгра клублардаги фаолиятини якунлайди.
Табиийки, бундан 4 йил аввалги Одил бугунгисидан кучлироқ эди. Одилни яхши кўраман, у ҳам мени яхши кўради, деган умиддаман. Муносабатимиз яхши, лекин у ўз даврида ўзбек футболига беминнат хизмат қилди. Ўрнак ва руҳлантира оладиган куч сифатида гавдаланди. 2011 йилда катта пуллар эвазига араб клубларига ўтмасдан "Анжи"да, ундан сўнг "Краснодар"да ва катта сумма эвазига "Шанхай СИПГ" клубларида доимий асосий таркибда майдонда ҳаракат қилиши, бошқаларга ўрнак. Футбол ортидан ўзбек халқининг севимли Одилига айланди.
Тўрақўрғонда ўзининг футбол академиясини очди. Ҳозир Тошкентда унинг бўлимлари фаолияти юритяпти. Уларда шуғулланаётган болалар кейинги Жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларига қадар етук футболчиларга айланишлари учун бутун жамоа ҳаракат қиляпти. У айтмоқчи бўлган фикр, менинг наздимда, “футболга ҳамманинг қайғуриши, Ватан футболи учун ўз манфаатларини ўйламасдан ҳаракат қилиб, уни кўтариш учун ишласа”, деган маънода. Унга алам қилган. У шунинг учун ҳам, "Агар ҳозир ўзгармасак, ҳар тўрт йилда узр сўраб юраверамиз", деган.
А.М.: — Одил Аҳмедовнинг гапларидан қандай сигнал олдингиз? Айтилган гапларининг айтилмаган нимкосаси нима эди?
М.Т.: — Одилнинг кўнглидан нима ўтганини фақат унинг ўзи билади. Одилнинг армонлари ҳақида гап кетса, Мираброр Зуфарович вилоятларда майдонларни шакллантириб берди. Асосий зарур бўладигани бу майдон ҳисобланади. Бироқ, миллий терма жамоанинг ўқув-машғулот йиғинлари учун базаси йўқ. Қурилиши режалаштирилган, ҳар хил сабабларга кўра муддати чўзиляпти. Биринчиси, терма жамоалар учун база кераклиги. Иккинчиси, жамоларни шакллантириш ва мусобақалари ўтказишда ошкоралик ва шаффофлик. Аввалгига нисбатан камайгандир, бироқ ён босишлар ҳали ҳам бор. Сотиб олинган, дейиш фикридан йироқман. Ҳакамларимиз қарор чиқаришда, мутасаддиларимиз эса шароит яратишда ён босишади.
Сўнгги ҳафта воқеалари ҳақида гапирайлик, стадион ёритгичларининг носозлиги сабаб, "Андижон", Тошкентда, "Сурхон" АГМК майдонида ўйин ўтказяпти. Меҳмон ролидаги жамоа ўз уйида ўйнаяпти. Клуб раҳбарлари нейтрал майдонни ижарага олиш учун пул сарфлагиси келмагандир, лекин, ўз-ўзимизни алдаяпмиз-ку. ПФЛ қатъият, принципиаллик деган тамойилини ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Нима учун ёритгичлари яхши ҳолатда бўлмаган стадионларни йил бошида қабул қиляпти? Нима учун дабдаласи чиқиб ётган Навоийдаги майдонда футбол ўйналяпти? Буни ҳамма кўрди.
Ўтган йили "Қўқон" ва "Навбаҳор" стадиони яхши ҳолатга келгунча меҳмонда ўйин ўтказди, бу йил эса "Қизилқум"га рухсат берилди. Сабаб нима? Қаердадир кимгадир қатъий талаб қўйиляпти-да, кимгадир қўйилмаяпти.
А.М.: — Ёки талаблар умуман ишламаяпти...
М.Т.: — Албатта, терма жамоанинг иш фаолияти шакллантирилиб, ўша фаолияти бўйича ишлаши керак. Жаҳон футболида, терма жамоалар қачон, ким билан, соат нечада ўйнашигача белгилаб қўйилади. Тасдиқланган дастурга мувофиқ мураббий эҳтимолий рақибларининг услубига яқин жамоалар билан ўйин ўтказиш учун келишувга эришади. Худди шу нарсани нима учун, биз қилмаймиз? Нимага бизда кейинги рақибимиз ҳақида ҳеч нарса йўқ.
Шароитларни оғзимизни тўлдириб айтиш учунгина яратиб беряпмиз. Пандемия вақтида бир неча марта йиғин ташкил этилди. Ассоциациянинг қанчалаб пули кетди. Ўша таркибга кимлар жалб қилиндию қайси легионерлар келди? Майдонга тушириладиган футболчиларнинг ярми йўқ йиғин ташкил қиламиз. Улар ким учун бўляпти? Мутасаддилари шу нарсаларни билмайдими? Агар қолганларнинг тажриба орттириши учун ташкил қилинаётган бўлса, нима учун улар тажриба орттирмаяпти?
А.М.: — Мана шундай гаплар “ичкарида” ҳам овоз чиқариб айтиладими?
М.Т.: — Айтилади ва кабинетдагиларнинг барчаси буни яхши билади. Чет элда ўйнайдиган легионерлар ўйинини кузатиш учун терма жамоа бош устози бир ҳафтага Беларусга бориб келди. Бу вақт легионерларни кузатиш учун етарлими? Албатта, йўқ!
Корея, Япония каби мамлакатларда бир нечта футболчиларимиз ўйнайди. Улар ҳақида, фақатгина сайтлар орқали, хабардормиз холос. Улар гол урса, ёки голли пас берсагина биламиз. Умуман олганда, 90 дақиқа қандай ўйнади, мана шуниси муҳим. Терма жамоалар бўлимида футболчиларнинг ўйинларини таҳлил қила оладиган бундай гуруҳ йўқ.
А.М.: — Буни ким қилиши керак? “Жаноб, Тўхтамирзаев, келинг, таҳлилни бошланг”, дейишса тайёрмисиз?
М.Т.: — Биз журналистмиз, бу аслида футбол мутахассисларининг иши. Жисмоний тайёргарлик учун жавобгар махсус гуруҳлар бўлиши керак. Европа футболчилари 11-12 километрлаб югуряпти. Нима учун терма жамомизнинг ўйини 60 дақиқадан кейин ортга қараб кета бошлайди. Шуларни таҳлил қиладиган гуруҳ қани?
А.М.: — Одил Аҳмедов ўзбек футболи ҳақида конференцияда гапириб ўтди. Фаолиятини якунлаши, болалар футболи ҳақидаги фикрлари жуда кўп нарсага сигнал, аслида. Шуни билдимки, Аҳмедовнинг Ўзбекистон футбол ассоциацияси, уларга яратилаётган шароитлар ва футболчиларни эшитиш масалалари хусусида айтар гапи кўп эди, менимча. Футболчилар ва мураббийни айблаяпмизу, аслида улар билан ишлайдиган ташкилот ҳақида ҳеч нарса демаяпмиз. Ваҳоланки, Равшан Эрматов футбол майдонидан чиққан. У футболчилар дардини кўпроқ тушуниши керак эди.
М.Т.: — Глобал маънода қаралса, бизда тизим йўқ. Буни тан олишимиз керак. Мураббийларни танлаш ва тайинлаш категорияси ҳам йўқ. Айтайлик, болалар ва ёшлар жамоасида қайси мураббий ишлаши ва қандай талабаларга жавоб бериши керак. Ҳар бир ёш тоифасидаги жамоалар даражаси ҳам бир хил бўлиши керак. Ўсмирлар терма жамоасининг шаклланишида, қайси жамоа кучли бўлса, ўша жамоанинг бош мураббийи бош мураббий этиб тайинланади ва табиийки, ўз шогирдларини ва Тошкент чемпионатида кўрган футболчиларини ўйнатади. Вилоятни кезиш имкони унда йўқ.
Тўғри, вилоятлардан келган футболчилар бўлиши мумкин, бироқ ота-онаси ёки мураббийи олиб келганлари, холос. Яна қанча истеъдодлар кашф қилинмади. Тимур Кападзе футболчилик фаолиятини тугатди, "Локомотив"да ўринбосарлар жамоасига устозлик қилди. Салоҳиятли, тажрибали мутахассисга айланди. Бабаяндан сўнг, терма жамоа мураббийсиз қолган пайтда у мураббийлик қилди. Кейинчалик Купер олиб келинди. Ҳозир "Олимпик" жамоаси билан ишлаяпти. Кейинги Олимпиадага тайёрланаётган жамоанинг ўзаги сифатида эътироф этяпмиз. Украинада Лобановский Хотира турнирида ғалаба қозониб келди, эртага Олимпия терма жамоасига номзодларни ўзи мураббийлик қилаётган жамоадан танлаб олади. "Олимпик" Про-лигада "Нефтчи", "Хоразм", Шўртан каби клублар билан ўйнаяпти, Тимур эса, фақат шуларни кўряпти. 18 ёшгача бўлганлар чемпионатини кўргани вақти йўқ.
А.М.: — Авваллари, футболчилар клублари учун миллий терма жамоада ўзларини аяган ҳолда ўйнайди, қабилидаги гаплар қулоғимизга чалинган эди. Бу қанчалик ҳақиқат? Аҳмедов ҳам шу йўлдан юрганми?
М.Т.: — Биласизми, бу гап барча замонларда ўйини қовушмаган терма жамоаларнинг ҳаммасида бўлган. Бу ҳақиқатдан йироқ фикр. Одил Аҳмедовдан аввал терма жамоада тўп тепган Максим Шацких "Динамо Киев" сафида Европа чемпионлар лигасида етакчи ҳужумчи сифатида ўйин кўрсатган ва голлар урган. Ўзбекистон терма жамоасига келган пайтда, мухлислар бугун Элдор Шомуродовдан кутганларидек, у бор, рақиб дарвозасини ишғол этади ва биз ғалаба қозонамиз, деб ўйлашган. Агар жамоа мағлуб бўлса, ишқибозлар Максим, Одил ва Элдор сингари футболчилар ҳақида, "клубида миллионларни олиш учун, оёғини аяди, ўзини аяди", деб гапира бошлайди. Бўлмаган гап!
Биз бошқа томонини инобатга олмаяпмиз: улар билан бир клубда ўйнайдиган шериклари даражасидаги футболчилар терма жамоамизда йўқ! Футбол жамоавий ўйин. Якка спорт турларида бокс ва дзюдо кабиларда Ўзбекистон вакиллари деярли барча мусобақаларда медалларни қўлга киритмоқда. Бироқ футболни 11 киши ўйнайди. Ҳимоячилар ишончли ўйнашлари, ярим ҳимоячилар қулай тарзда ҳужумчиларга тўпни етказиб, доимий равишда бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари керак. Мисол учун Иньеста ва Хави "гуллаган" пайтдаги Месси қай даражада ўйнардию, ҳозиргиси қай даражада ўйнаяпти?!
Шу жиҳатдан олиб қарасак, ҳеч бир футболчи Ватани учун ҳеч қачон жонини аямаган.
А.М.: — Миллий терма жамоага хориждан мураббий олиб келдик, ҳайдадик, қувдик. Улар ҳам текинга кетишмади, миллиардлаб пуллар сарфланди. Энг ёмони ҳар доим вақт йўқотиляпти. Мураббийлар пайпоқ алмаштиригандек, алмаштирилди. Балки уларга имкон бериш керакдир? Табиийки, спорт бутун дунёда коррупциялашган соҳа сифатида кўрилади. Футболчини, майдондаги вазиятни қўяверинг, наҳотки мураббий танлашда 30 йил ичида тажриба орттира олмаган бўлсак?
М.Т.: — Интервью бошланишидан аввал, йигитлар билан бир жиҳатга эътибор қаратдик. Одамлар: "34 миллион аҳолининг ичидан 11 тагина тўп тепадиган топилмадими?", деган гапни кўп айтишади. Куламан: Хитой 1,5 миллиарддан тополмаяпти. Европа чемпионатида дастлабки икки ўйинда мағлубиятга учраган, сўнгра ўйиндан ўйинга кучайиб бораёган Данияда 5,5 миллионга яқин аҳоли яшайди. Менталитет ва тизим бўлиши керак,бу эса ўтган 30 йил давомида ишлаб чиқилиши шарт эди.
А.М.: — Нима учун тизим яратилмади? Сиз кўп “ичкарида” бўласиз. Сиздан кўпчилик фикр сўрайди.
М.Т.: — Нима учун тизим яратилмади? Мираброр Зуфарович раҳбарлик қилган даврда Бабаянга охиригача имконият бергани учун унга қанча тошлар отилди. Охирги икки ўйинидан аввал Даврон Кабулов ўз уйини ўртага қўйиб, терма жамоа бош мураббийлигини сўраганди. Бабаянга эса охиригача ишонилган. Чунки алмаштириб юборилса, ўзининг яни келганини баҳона қилиши мумкин эди. Аслида цикл бошланишидан аввал мураббий масаласини ҳал қилиш ва охиригача имконият бериш керак. Лекин танловда эҳтиёт бўлиш – энг асосий иш.
Хорижлик мураббий керакми, марҳамат дейилди-да, Эктор Купер бош мураббийликка олиб келинди. Купер нима қилди? Ўзбек футболининг энг заиф нуқтаси ҳимоя чизиғи эканини айтди. Кўпчилик ҳимояни тузатишни кутганди, лекин у ҳам аввалги таркибдаги ҳимоячилардан фойдаланди. Янги ҳимоячиларни кашф қилмади.
А.М.: — Қайсидир маънода ҳимояни яхшилади, авваллари олтиталаб гол ўтказганганмиз. Австралия билан 0:0 ҳисобни эсланг...
М.Т.: — Кечирасиз, 2011 йилдаги Австралия билан 2019 йилдагисини умуман солиштириб бўлмайди. Улар жуда заифлашган. Аввал Англия премьер лигасида ўйнайдиган футболчилари қанча эдию, ҳозир қанча? Исталган жамоа билан басма-бас беллаша оладиган Австралиянинг қўлидан ҳозир бу иш келмайди. Бу жамоадан гол ўтказмаганимизни ютуқ, деб ҳисобламаслик керак. Яна бир томони, Купер даврида ярим ҳимоя ва ҳужумда бирор баҳсда маъноли ўйин кўрмадик.
Абрамов эса, кучли томонимиздан кўпроқ наф чиқаришимиз керак деган ғоя билан келди. Ҳужумкор футбол намойиш этилди. Бундай жамоа барчага ёқади. Тошкентда ҳисобда олдинда бориб, якунда Саудиядан мағлубиятга учралмаганда, бугун балки Абрамовни мақтаётган бўлардик. Келинг, буни ҳам очиқчасига тан олайлик.
Вадим Абрамов истеъфога чиқарилгач, яна Тимур Кападзе ёки Рўзиқул Бердиев тайинланадими, деб турибмиз. Бизда ҳамма гўё футбол мутахассиси, ҳатто мураббийдан ҳам тепароқда. Барча хатоларни тан олган ҳолда хориждан мураббий олиб келиниши керак.
А.М.: — Кимни?
М.Т.: — Бу бошқа масала. Менга қолса, энди ўсиб келаётган ва ўзининг кимлигини исботлашга ҳаракат қилаётган германиялик мутахассисни олиб келардим. Юрген Гёде келиши ҳақида гап-сўзлар чиқди. У 20 йил аввал ёшлар терма жамоасига Борисовнинг ёрдамчиси сифатида келган ва футболчиларни 2003 йилги Жаҳон чемпионатига тайёрлаган эди. Кейин Хитой мезбонлик қилган Осиё чемпионатига Равшан Ҳайдаровнинг ёрдамчиси сифатида жамоани олиб борди. Гёденинг таъсири сезилди. Лекин у мураббийлик қилган давда ҳам ютқаздик, Жаҳон чемпионатига чиқолмадик. Сўнгра истеъфога чиқардик. Лекин ҳозирги Гёдени эмас, унга ўхшаган ёшроқ мутахассисни олиб келиш керак.
А.М.: — Куни кеча Ироқ терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец олиб келиниши ҳақида хабарлар пайдо бўлди...
М.Т.: — Болқонликлар орасида ҳам яхши мутахассислар бор. Катанец Ўзбекистонда ишлашга қанча чидай оларкан, деган савол туғилади. Руҳият нуқтайи назаридан олиб қарасак, немислар битта саралаш босқичига шартнома имзоласа, охиригача жамоани бошқаради. Болқонликларга миллионларни берсак, эртага бошқалар ундан кўпроқ тўласа, баҳона топиб, улар тарафга ўтиб кетишлари эҳтимоли юқори.
А.М.: — Миллий терма жамоанинг аввалги мураббийларидан қайси бирига ишонганмиз, Абрамовгами?
М.Т.: — Тўғриси, Купер кетган вақтда биздаги мураббийлар ичида Абрамовдан муносиброғи йўқ эди. Европа чемпионатида қониқарсиз натижа қайд этган Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов ўз ўрнида қолди. Футболчиларнинг савияси етарли эмас, дея баҳоланди. Биз эса жамоамиз ғалаба қозонган куни футболчиларни ҳам, мураббийларни ҳам кўкларга олиб чиқамиз. Мағлубият бўлган куни эса, ер билан битта қиламиз. Сўнгги ўйинда Вадим Корленовичнинг қарорини тушунгани йўқ, тўғриси.
Сингапур билан ўйинга 20 соат қолганда етиб бориб, ғалаба қозонган Абрамовга тан берганман. Самолётда ундан сўрагандим: “Федерация шу даражада пулдан қийналганми?”, дедим. У эса, агар яқинроқ давлат бўлганида ўйин куни учиб келардим. Бу ерда нам ҳаво бўлгани сабабли футболчиларни асрагим келди. Мана кўрасиз, эртага машғулотсиз ўйинга чиқамиз, деди. Якунда Ўзбекистон 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Санжар Қодирқулов ҳақида “у терма жамоага керак эмасди” қабилида кўп гапиришди. Фаластинга мағлуб бўлган жамоа Яманни йирик ҳисобда мағлуб этишида Қодирқулов дастлабки дақиқаларда киритган голнинг ҳиссаси бор. Футболчиларимизнинг руҳияти барқарор эмас. Жамоа ютаётган бўлса, барча яхши ўйнайди, ҳисобда ортда қолаётганимизда, етакчиликни қўлга олиб, жамоани олдинга бошлайдиган лидер йўқ.
А.М.: — 2019 йилдан бери кўтарилиб қолган битта мавзу бор: футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва еб-ичиши қай даражада таъминланган? Улар ўз соғликларига қай даражада эътиборли ва зарарли одатлардан йироқ?
М.Т.: — Катта футболда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммо йўқ. Болалар футболида эса бу муаммолар бор. Бунёдкор раҳбари, Улуғбек Мирзаев, болалар мактабидаги футболчилар сонини камайтирмоқчимиз, уларнинг озиқ-овқатлари ва яшаш шароитларини яхшилаб берайлик, деган фикрни илгари сурди. Озиқ-овқат учун балки пул топиш қийин бўлаётгандир, лекин, экипировка билан боғлик муаммо деярли йўқ. Футболда таъминот муаммосиз амалга оширилади.
А.М.: — Футболчилар ўзини-ўзи қай даражада асраяпти? Уларнинг ичиш ёки чекишини аниқлаш имкони йўқми?
М.Т.: — Истаймизми, йўқми, футболчилар ҳам ёш йигитлар. Мураббийнинг айтганини бажаришади, балки дам олгиси келар. Мураббий футболчиларнинг ҳаммаси билан бирма-бир гаплаша олмайди. Спортчилар орасида 1-2 таси ўзича зарарли одатларга ўрганмаган бўлса, 90 фоизи ичмайди ва чекмайди.
А.М.: — 90 фоизи...
М.Т.: — Ҳаммаси учун жавоб бера олмайман. Кўрганим учун гапиряпман. Улар ўзларига душман эмас. Бизда бор смартфон уларда ҳам бор, бўш вақтларида, кино, мусиқа, интернет ва ҳоказоларга вақт сарфлашлари хам мумкин.
Бир куни қорлари четга кураб қўйилган сунъий қопламали майдонда иккита жамоа ўйин ўтказяпти, фахрийлар кенгаши ўйинни томоша қиляпти. Тўп кураб қўйилган қорнинг орқасига тушди. Футболчи майдон маъмури келиб тўпни олмагунча кутиб турди. Бу фахрийларнинг энсасини қотирди. "Шунчалик ҳам ўзини аяйдими, шу қадар нозик бўладими, биз асфальт, кўмир кукуни сепиб қўйилган майдонларда ўйнаганмиз. Уларга ҳамма шароит қилиб бериляпти, қордан сакраб ўтиб, тўпни ололмаяпти”, дейишди.
Фахрий футболчиларнинг суҳбати бевосита ўзлари тўп тепган даврга бурилди. Биродар Абдураимов ҳар куни икки соатлик машғулотлар тугаб бўлганидан сўнг, Владимир Штерндан у билан бирга ярим соат қўшимча машғулот ўтказишни сўрар экан. Биродар Ҳасанович алдаб ўтишни, Штерн эса тўпни олиб қўйишни машқ қилар экан. “Пахтакор”нинг энг зўр ҳужумчи ва ҳимоячиси мйдонда қолиб шу тарзда ўз устида ишлаган. “Мени кўндириш учун кунига бир коса лағмон олиб берарди”, деган эди Штерн. Биродар Абдураимов, бошқа кунлари дарвозабон Юри Пшеничниковга илтимос қилиб, машғулотлардан сўнг, ўз устида ишлашни таклиф қилган экан.
А.М.: — Демак, улар қўшимча равишда ўз устида ишлаганлар?
М.Т.: — Ҳозирги футболчиларга худди шу нарса етишмаётгандек кўринади. Мисол учун, Криштиану Роналду ҳақида кўп гапиришади. У 36 ёш бўлса ҳам 21-22 ёшдагилардек ҳаракат қилади. Бир жамоадоши, унинг уйига меҳмонга бориб, машғулотдан сўнг уйида яна машғулот ўтказишини кўрган. Ҳозир ҳам унинг харидорлари бор. Бизда эса футболчилар, ўсмирлик ёшидан сўнг, арзимаган моддий манфаат эвазига у жамоадан, бу жамоага ўтиб юрибди. Роналду самолёт олди, машиналарини санасангиз бармоқларингиз етмайди. Одил Аҳмедов ҳам топган пулларини фойдали ишларга йўналтирган. Қолганлар ҳам унга ўхшашга интилиши керак. Эртага бошқалардан кучли эканини яққол кўрсата олса, Ўзбекистонда қолмайди, олиб кетишади. Элдор Шомуродов "Ростов"дан "Женоа"га кетди-ку.
А.М.: — Футбол борасида саволларимиз жуда кўп. Бу сафарги муваффаққиятсизликдан сўнг, асосий тош раҳбариятга отиляпти. Жаҳон тажрибасидан маълумки, бундай мағлубиятдан сўнг бутун жамоа ишдан олинади. Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаровнинг истеъфоси ЎФАга қилинган бойкот эмасми?
М.Т.: — Йўқ. Аҳмедов бундан 4 йил аввал хам кетиши мумкин эди. Чунки ёш ўз таъсирини ўтказади. У жамоага нафи тегишини ҳис қилгани учун яна тўрт йил юрди. Бўлмаса, мухлисларнинг энг катта аудиторияси таянч ярим ҳимоясида ўйнаган Отабек Шукуровга эътироз йўқ, деяпти. Шукуров ва Одил марказ футболчилари, ҳимояда ўйинчи йўқ. Ҳатто, Одилнинг укаси Азим Аҳмедовни ҳам синаб кўришди. Рустам Ашурматов Саудия билан ўйинда қўпол хатоларга йўл қўйди, аслида меҳнаткаш йигит. Йўқса, Кореяда нон топиб ея олмасди. Вақти келиб, ўсар, лекин аввалдан бизда ҳимоя муаммо бўлган. Ўша муаммоларнинг олдини олиш учун ҳамма ишлаши керак, фақатгина терма жамоалар бўлими эмас.
Азиз Ҳайдаровнинг кетиши – бойкот эмас. У футболчи сифатида ўзбек футболига кўп нарса берди. Терма жамоалар бўлими бошлиғи сифатида ишлар тўғри йўлга қўйилмагани учун, Азиз жавобгар. Истеъфога чиқиши эса, натижага эришилмагани сабабли.
А.М.: — Терма жамоага доимо вазифа қўйилади: илиниб бўлса-да Жаҳон чемпионатига чиқиш. Биз мундиал сабабли футболчиларимиз Европа клублари назарига тушади, деб ўйлаймиз. Лекин 2018 йилда Панама термаси сингари шармандали натижа қайд этилса, қўйилган вазифалардан нима фойда. Раҳбариятга бу фикрни сингдириш керакми ёки халқинг фикрини ўзгартириш?
М.Т.: — Халқнинг фикрини ўзгартирмаслик керак. Футбол халқ учун. Бўлмаса, нима кераги бор? Жаҳон чемпионатига илиниб чиқиш ва шарманда бўлиш ҳақида ўйламаслик керак. Аввал ҳеч бўлмаса, бир марта чиқайлик, мунтазам чиқишни ҳамма хоҳлайди. Ўзбек футболи бошқалардан бир бош баланд, деб ўйлардим. Авваллари 5 ёки 6-жамоа сифатида кўрилардик, лекин ҳозир 13 та жамоанинг орасида йўқмиз. Кейинги сафар Осиё учун 8-9 та ўрин берилган тақдирда ҳам ҳозирги мавқеимиз билан ЖЧга чиқа олмаймиз. Муносиб ўйин кўрсатиш учун тайёр бўлиб чиқиш керак. Барча футболчилар Европа жамоаларининг назарига тушмас, аввал иккитаси кучлироқ клубга ўтса, қолганлар ҳам шунга қараб ҳаракат қилади.
А.М.: — Агар футбол мухлисларига бугунги суҳбатдан келиб чиқиб айтадиган гапларингиз бўлса, бемалол фикр билдиришингиз мумкин...
Қадрли футбол ихлосмандлари, футбол, барибир, оддий бир ўйин. Биз уни яхши кўрамиз, баъзида асабларимиз дош бермаганида, уларни сўкамиз. Майли сўкинг, лекин ҳақорат қилманг. Ўша жамоада фаолияти юритаётганлар ютқазаман, деб майдонга чиқмайди. Биз максималистмиз, фақат ютишни ўйлаймиз. Фақат ютиш учун бошқа соҳаларда ҳам рақобат қила олишимиз керак. Ўзимизга савол берайлик: вазифамизни нечоғлик бажардик.
Спортимиз эса Олимпиада ўйинларида МДҲ давлатлари орасида Россиядан сўнг, иккинчи, Осиёда Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади. Демак амалласа, бўлар экан. Спортда эриша олдикки, унинг бир бўлаги бўлган футболда ҳам эриша оламиз. Озгина сабр-қаноат ва ҳурмат керак. Ўшанда ҳаммаси яхши бўлади. Сўзимни барчага таниш бўлган ибора билан якунламоқчиман: омад сиз ва бизни асло тарк этмасин!
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь