Миришкор туманига янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
03 Август 2023
6461Файзулло Қурбонович Ғуломов Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 3 август куни халқ депутатлари Миришкор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтиб, унда ташкилий масалалар кўриб чиқилган.
Сессияда депутатлар Файзулла Ғуломовни Миришкор тумани ҳокими лавозимига тасдиқлаган. Сессияда вилоят ҳокими Муроджон Азимов иштирок этган.
У тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Файзулла Ғуломов 1974 йилда Миришкор туманида туғилган. У Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган.
Маълумот учун, Миришкор туманининг олдинги ҳокими Шерали Санаев 2023 йилнинг 11 июлида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тумандаги инвестиция муҳити қониқарсизлиги сабаб ишдан олинган эди. У 2020 йил октябридан буён Миришкор тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётган эди.