Минглаб “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг пейжерлари оммавий равишда портлатиб юборилди (видео)
Олам
−
17 Сентябрь
10994Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланаётган пейжерлар оммавий равишда портлаб кетди. Воқеа оқибатида бутун мамлакат бўйлаб 2800 киши жароҳатланган, камида 8 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда бугун, 17 сентябрь куни Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар орасида икки жангчи, жумладан, “Ҳизбуллоҳ” етакчиларидан бирининг ўғли, шунингдек, 10 ёшли қиз ҳам бор.
“Жароҳатланганлардан бири Эроннинг Байрутдаги элчисидир”, деб хабар беради Эроннинг “Fars” агентлиги.
“Reuters”нинг аноним учта манбаси портлаган барча пейжерлар сўнгги моделлар эканини айтди. “Ҳизбуллоҳ” эса сўнгги бир неча ой ичида улардан фойдалана бошлади.
Расмий Байрут ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати вакиллари воқеада Исроилни айблади.
“Ҳизбуллоҳ” яҳудий давлати қилган ишлари учун “лойиқ жазо” олишига ваъда берди. Исроил томони ҳозирча нима бўлганига изоҳ бермади.
Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант кеча, 16 сентябрь куни АҚШ Президенти ёрдамчиси ўринбосари ва Давлат департаментининг энергия хавфсизлиги бўйича катта маслаҳатчиси Амос Хокстин билан учрашувда Ливан билан чегарада деярли ҳар куни рўй бераётган тўқнашувлар туфайли “Ҳизбуллоҳ” билан дипломатик келишувга эришиш имкониятлари камайиб бораётганини айтган.
“Ҳизбуллоҳ” ўзини ҲАМАС билан боғлашда давом этар экан ва можарога барҳам беришдан бош тортар экан, келишув эҳтимоли камайиб бормоқда. Исроилнинг шимолий чегарасида ўн минглаб исроилликлар ўз уйларига қайта олмаяпти. Уларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг ягона йўли – бу йирик ҳарбий операция”, деган вазир.
Ҳарбий таҳлилчи Илёс Магниер “Al-Jazeera” телеканалига берган интервьюсида “Ҳизбуллоҳ” аъзолари Исроилнинг алоқаларни ушлашига йўл қўймаслик учун пейжерларга кўп ишонишларини айтди. У, шунингдек, портлаган қурилмалар гуруҳ аъзоларига тарқатилишидан аввал бузиб кирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Ҳарбий эксперт Жозеф Нассарнинг сўзларига кўра, пейжерларнинг дастурий таъминотига вирус киритилган бўлиши мумкин, бу эса батареяларнинг портлашига олиб келган.
LiveБарчаси