“Миллий тикланиш” партияси TikTok'ни буткул тақиқлашни таклиф қилди
Жамият
−
14 Сентябрь 2021
4175“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифи билан чиқди.
Депутатнинг таъкидлашича, Навоий шаҳридаги икки ўқувчи қиз дарс пайтида TikTok ижтимоий тармоғи орқали тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, ножўя сўзлар ишлатгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган. Муҳаммаджоновага кўра, ушбу вазият умумтаълим мактабларида маънавий муҳитнинг носоғломлигидан, тарбия жараёнининг етарли даражада ташкил этилмаётганидан далолат беради.
“Афсуски, ҳозирда одоб-ахлоққа зид ҳаракатлар медиа маконида урчиб ётибди. Кўп ҳолда видеороликларнинг асосий қаҳрамонлари мактаб ўқувчилари эканлиги масалага ечим берадиган ва унинг ижросини таъминлайдиган соҳа вакилларини чуқурроқ ўйлантириши керак”, дейди Феруза Муҳаммаджонова.
“Миллий тикланиш” демократик партияси буларни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифларни илгари сурган:
• вояга етмаганлар томонидан қилинадиган бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш;
• TikTok фаолиятини бутунлай чеклаш, чунки партия бу тармоқни болалар учун хавф майдони деб ҳисоблайди;
• TikTok’ка ўхшаган ахборот манбалари ҳисобига тўғри келаётган инфоэпидемиянинг олдини олиш учун қонуний чораларни кучайтириш.
“Навоийда сўконғич қизлар билан бўлиб ўтган ҳодиса нафақат таълим, маҳалла, ҳуқуқ тартибот идоралари мутасаддилари, балки ёшлар тарбиясига бевосита масъул ташкилотларга ва кенг жамоатчилигимизга огоҳлик қўнғироғи бўлиши даркор.
Биз фарзандлар камолотига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай хавфларни ўзимиз аниқлаб, уни ҳамкорликда бартараф этиб, мактабни чин маънода таълим-тарбия ўчоғига айлантиришимиз мумкин. Бу борада жадидимиз Фитратнинг ‘Оиладаги яхши тарбия мактаб учун катта мадад’ эканлиги ҳақидаги фикрларини ҳисобга олиб ҳаракат қилишимиздан бошқа чора йўқ!”, дея хулоса қилган партия етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудида Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” чекланди. Аввалроқ Ўзбекистон юқоридаги компанияларга серверларини Ўзбекистонга кўчириш бўйича талабномалар юборганди. Шундан сўнг, жорий йилнинг 2 июлида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатилган.
LiveБарчаси