Миллий гвардия ходимлари қўшиқчини қўриқлаб юрибди. Бу қонунийми? (видео)

Маданият-санъат

image

Ижтимоий тармоқларда хонанда Дилдора Ниёзовани тадбирлардан бирида Миллий гвардия ходимлари қўриқлаб юргани акс этган видеолар тарқалди. Унда Ниёзова қўшиқ куйлаётган маҳалда Миллий гвардиянинг икки нафар аёл ходимаси санъаткорни унинг атрофидаги одамлардан ҳимоя қилганини кўриш мумкин. Давлат қўриқчилари ҳисобланган Миллий гвардия ходимларининг бу хатти-ҳаракати эса муҳокамаларда одамларнинг таажжубига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Миллий гвардия бошқармаси муносабат билдирди. 

Унда ёзилишича, давлат соқчилари хизмат қилган тадбир кеча, 2 февраль куни бўлиб ўтган.

“Соат 14:00 ҳамда 18:00 да Жиззах шаҳрида жойлашган “Версал” тўй-тантаналар мажмуасида “Севимли наво” хусусий корхонаси томонидан эстрада юлдузи Дилдора Ниёзованинг концерт дастури ташкиллаштирилган.

Бу каби оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлаш, оммавий тадбир ўтказиладиган объект ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жалб қилинади”, дея ёзилган хабарда.

Қайд этилишича, ушбу тадбирда ҳам Миллий гвардия ҳамда бошқа ҳамкор вазирлик ходимлари томонидан  ўрнатилган тартибда “Версал” тўй-тантаналар мажмуасининг хавфсизлиги таъминланган ҳолда ташриф буюрган фуқаролар белгиланган вақтда киритилган.  

“Концерт дастурининг биринчи босқичи якунланиши эълон қилиниб, хонанданинг охирги қўшиғи куйланаётган пайтда томошабинлар уни ўраб олиб, саҳнага қайтишига тўсқинлик қилиш ва расмга тушиш учун йўлини тўсиш каби ҳолатлар кузатилгандан сўнг, чақирувга асосан Миллий гвардия аёл ходимлари ичкарига кириб хонандани ўзига ажратилган хонага қайтишига ёрдам кўрсатилган. Шу ҳолатнинг қисман жараёни акс этган видеотасвир ижтимоий тармоқларда тарқатилган”, дейилади хабарда.

Хўш, бюджетдан маош оладиган Миллий гвардия ходимларининг санъаткорларга хизмат кўрсатиши қанчалик қонуний?

Қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасига кўра, қўриқланадиган объектларга – белгиланган тартибда қўриқлашга олинган жисмоний ва юридик шахсларнинг бинолари, иморатлари, иншоотлари, уларнинг ҳудудлари, жойнинг участкалари, транспорт воситалари, транспортда ташиладиган юклари, пул маблағлари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулки, шунингдек, жисмоний шахслар киради.

Аммо шу қонуннинг 13-моддасига биноан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқланиши лозим бўлган объектларда шартнома асосида қўриқлаш фаолиятини амалга ошириши лозим.

Жиззах вилояти Миллий гвардия бошқармаси муносабатида эса давлат органи билан на жисмоний шахс ҳисобланган Дилдора Ниёзова ва на хусусий корхона ўртасида шартнома тузилмагани ёзилган.

Қонуннинг 14-моддасида эса қўриқлаш фаолиятини шартнома тузмасдан амалга оширувчи субъектлар қаторига:

  • давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари;
  • идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари;
  • идоравий қоровуллик бўлинмалари киради, холос.

Хонанда Дилдора Ниёзованинг ўзи ҳам ҳолатга муносабат берар экан, Миллий гвардия ходимларини пул тўлаб ёлламаганини очиқлади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “қўқонлик табиб” Иқболжон Солиевни қўриқлаб юрган махсус ҳарбий кийимдаги 4 нафар “тансоқчи” йигитлар жавобгарликка тортилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий гвардия Дилдора Ниёзова қўриқлаб юрган

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг