“Миллий фожиа”: Ўғрилар Луврдан нималарни олиб қочди? (фоторепортаж)

Олам

image

Кеча, 19 октябрь куни Париждаги Лувр музейидан ўғирлаб кетилган бебаҳо артефактлар орасида Наполеон томонидан иккинчи рафиқасига ҳадя қилинган 1 000 дан ортиқ бриллиант ва тошлардан ясалган зумрад маржон, шунингдек, “беқиёс” қийматга эга бошқа хазиналар ҳам бор.

Ўғрилик Луврнинг юқори қаватида жойлашган Аполлон галереясида амалга оширилган — айнан шу ерда Франциянинг тож зеблари сақланади. Франция Маданият вазирлиги маълумотига кўра, ҳаммасини жами етти дақиқада амалга оширган ўғрилар иккита юқори хавфсизликдаги витрина шишаларини бузиб, тўққизта буюмни олиб қочган. Полициянинг айтишича, улар мотоциклларда ҳудуддан қочиб кетган.

Ўғирланганлар орасида XIX асрда яшаган император Наполеон IIIнинг рафиқаси Юженина томонидан тақилган тож ҳам бор эди. Маданият вазирлигига кўра, айнан шу тож ҳодиса жойига яқин ердан топилган.

Санъат асарларини тиклаш бўйича эксперт Артур Бранд бу ҳодисани Франция учун “миллий фожиа” деб атади.

“Бу – Наполеон, унинг хотини ва ворисларининг тож зеблари. Улар Франциянинг миллий ифтихори саналади. Бу буюк йўқотиш”, дейди Бранд. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу буюмлар жуда танилгани сабабли ўғрилар эҳтимол уларни парчалап, олтин ва кумушни эритиб сотишга уринишлари мумкин.

Бир неча малика таққан сапфир диадема, маржон ва сирға

Ўғирланган буюмлар орасида Голландия маликаси Гортенз де Боғарне, Франция маликаси Мари-Амели ва Гиз герцогиняси орлеанлик Изабелла таққан олмос ва сапфирларнинг тўлиқ зеб-зийнат тўплами ҳам бор.

Диадема – ҳукмдорлар тақадиган зебли тож – ўз таркибида 24 та Цейлон сапфири ва 1 083 та олмосни ўз ичига олади. Лувр маълумотига кўра, ушбу тошлар ажратиб олиниб, брошь сифатида ҳам тақилиши мумкин.

Зийнатлар тўпламининг аниқ келиб чиқиши номаълум, аммо айримлар унинг бир вақтлар қиролича Мария Антуанеттага тегишли бўлганини тахмин қилади. Гарчи бу зебларда ўша даврнинг машҳур француз заргарларининг белгиси бўлмаса-да, Луврга кўра, улар XIX аср бошларидаги Париж усталарининг маҳорат даражасини яққол намоён қилади.

Бу тўплам Орлеанлар хонадонида 1985 йилгача сақланган, шу йили Лувр музейи томонидан сотиб олинган.

Наполеон томонидан Мария-Луизага ҳадя қилинган замруд маржон ва сирғалар

1810 йил март ойида Наполеон ўзининг иккинчи хотини австриялик Мария-Луизага тўй совғаси сифатида шу ҳайратланарли зеб-зийнат тўпламини тақдим этган. Заргар Франсуа-Реньо Нито томонидан ишланган бу тўплам таркибида 32 та мураккаб усулда кесилган замруд тоши ва 1 138 та олмос мавжуд эди.

Наполеон империяси парчаланганидан сўнг, Мария-Луиза ушбу тўпламни, жумладан, тиарани ҳам ўз қариндошларидан бирига васият қилиб қолдирган ва у насабдан-насабга ўтиб келган.

1953 йилда бу тўплам Van Cleef & Arpels заргарлик уйига сотилган. Кейинчалик тиарадаги замрудлар алоҳида сотиб юборилган ва кейинроқ бир америкалик коллекционер томонидан улар феруза тошлар билан алмаштирилган. Ўзгарган тиара ҳозирда Смитсониан институти коллекциясига киради.

Бироқ маржон ва сирғалар асл ҳолатида сақланган ва 2004 йили Лувр музейи томонидан тахминан 3,7 миллион евро эвазига сотиб олинган.

Реликварий броши

Наполеон III нинг рафиқаси Эжени (Евгения), Лувр сайтига кўра, ушбу бриллиантлар билан безатилган брошнинг илк соҳибаси бўлган. Бу брошь 1855 йили махсус равишда Пол-Альфред Бапст томонидан унинг учун ясалган.

Испаниялик графиня бўлган Эжени 1853–1870 йилларда Франция императорининг рафиқаси бўлган ва ўз замонасининг энг мода пешволаридан бири сифатида танилган.

Реликварий брошь — муқаддас реликвияни сақлайдиган брошь бўлиб, у Эженининг католик эътиқоди рамзи ҳисобланади. 94 та бриллиантдан иборат бўлган бу брошь таркибида XVII–XVIII асрларга тегишли икки Мазарин бриллианти ҳам бор. Лувр маълумотларига кўра, бу тошларни 1661 йили кардинал Мазарин Франция қироли Людовик XIV га тақдим этган.

Катта бриллиантлар брошь марказида бир-бирига қарши жойлашган. Олтин брошнинг орқа томони ўсимлик ва барг нақшлари билан ажойиб ўйиб безатилган. У 1887 йили Лувр томонидан сотиб олинган.

Эженининг бриллиант банти броши ва диадемаси

Лувр маълумотларига кўра, кумуш, олтин ва бриллиантдан ясалган бу банти шаклидаги брошь аввал 4 000 та тошдан иборат бриллиант камарининг тугмаси бўлган. У 1855 йилдаги Умумжаҳон кўргазмасида намойиш этилган, сўнгра Эжени томонидан тақилган.

Эжени ушбу камарни 1855 йил август ойида Версалда Британия қироличаси Виктория ташрифи пайтида, шунингдек, 1856 йил июнь ойида шаҳзодасининг таъмид маросимида таққанлиги айтилади. Кейинчалик Эжени камарни брошга айлантиришга қарор қилади ва шахсий зaргарларидан бирига унга янада мураккаб шакл беришни буюради, унга осилиб тушадиган бриллиант “қошиқчалар” (таселлар) қўшади.

1887 йилда бу брошь Кристис аукционида заргар Эмиль Шлезингер томонидан 42 200 француз франкига сотиб олинган.

Брошь Асторлар оиласида бир асрдан ортиқ сақланганидан сўнг, 2008 йилда Лувр уни сотиб олиб, Францияга қайтарди. Fondation Napoléon маълумотларига кўра, музей ушбу брошь учун 6,72 миллион евро (ўша вақтда 10 миллион доллардан ортиқ) тўлаган.

Марваридли диадема эса 1853 йилда ювелир Александр-Габриэль Лемоннье томонидан Эжени учун яратилган бўлиб, у 212 та марварид ва 1 998 та бриллиантдан иборат.

Ўғирланган, аммо топилган: Эжени тожи

Франция Маданият вазирлигига кўра, ўғрилар Эженининг тожини ҳам ўғирлашга уринган, аммо у Лувр ташқарисида топилган.

1 354 та бриллиант ва 56 та зумрад билан безатилган ушбу юксак нақшли олтин тож талончилик пайтида шикастланган, деб хабар берди TF1 телеканали ва “Le Parisien” газетаси.


Мақола муаллифи

Теглар

Париж Лувр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг