Миллиардерлар, сионистлар ва БМТ расмийси: Ғазо тақдири кимларнинг қўлида қолмоқда?

Таҳлил

image

Жорий ҳафта бошида Британия собиқ бош вазири Тони Блэр раҳбарлигидаги Ғазонинг келажакдаги бошқарув режаси ҳақидаги ҳужжат тармоқларга сиздирилди.

Ироқ урушига Британияни бошлаб кирган ва лавозимни тарк этганидан сўнг бутун дунё бўйлаб пул ишлаш ва таъсир доирасини кенгайтириш билан шуғулланган Блэр Фаластин анклавидаги ўтиш бошқарув органи раҳбари сифатида кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр

GITA (Gaza International Transitional Authority – Ғазо халқаро ўтиш маъмурияти) учун таклиф қилинган режага кўра, бошқарув тузилиши шундай бўлади:

  • Юқорида – халқаро даражадаги миллиардерлар ва бизнесменлардан иборат кенгаш;
  • Пастда – қаттиқ текширувдан ўтган, “нейтрал” деб баҳоланган фаластинлик маъмурлар.

Бу маъмурият Исроил, Миср ва АҚШ билан яқин ҳамкорликда ишлайди ва “Haaretz” нашри келтирган исроиллик манбаларга кўра, Оқ уйнинг қўллаб-қувватловига эга бўлади.

Лойиҳага кўра, GITA'ни халқаро кенгаш бошқаради ва у ўтиш даврида Ғазо учун олий сиёсий ва ҳуқуқий ваколатга эга бўлади.

Ҳужжатда бу кенгашга номзод сифатида 4 киши тилга олинган, уларнинг ҳеч бири фаластинлик эмас. Улардан бири – БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус координатори Сигрид Кааг.

Қолган уч киши “ижроий ва молиявий тажрибага эга етакчи халқаро шахслар” сифатида тавсифланган:

  • Марк Роуэн – АҚШдаги энг йирик хусусий инвестиция компанияларидан бирининг миллиардер соҳибидан бири;
  • Нагиб Савирис телекоммуникация ва технология соҳасидаги мисрлик миллиардер;
  • Арйе Лайтстоун – Abraham Accords Peace Institute бош директори.

Ҳозирча бу шахслардан ҳеч бири бу вазифани расман муҳокама қилгани ёки розилик бергани ҳақида маълумот йўқ. Шундай бўлсада, Тони Блэрнинг Ғазо учун таклиф этилган “жамоаси”ни яқиндан ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Арйе Лайтстоун

Арйе Лайтстоун – ишбилармон ва раввин бўлиб, у Ғазо Гуманитар Жамғармаси (GHF)ни яратиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этган. Бу жамғарма – АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаган ёрдлам тақсимот тизими бўлиб, унинг Ғазодаги пунктларида 2000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, яна минглаб одамлар яраланган.

“Чегарасиз шифокорлар” халқаро тиббий ташкилот GHF фаолиятини “институтлашган очлик ва инсонни ҳақоратлаш тизими” ҳамда “ташкил этилган қотиллик” деб атаган. Бу жамғарма жорий йил бошида Ғазодаги асосий ёрдам тақсимловчи вазифасини БМТдан қабул қилиб олган.

Лайтстоун аввал АҚШнинг Исроилдаги элчиси, яҳудийлар манзилгоҳлари ҳаракатининг қатъий ҳимоячиси Дэвид Фридманнинг юқори даражадаги маслаҳатчиси бўлган. Ҳозирда у АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоффнинг яқин маслаҳатчиси ва ёрдамчиси ҳисобланади.

У Яқин Шарқ ҳақидаги китоб муаллифи ҳам бўлиб, уни Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер мақтаган. Кушнер ҳам Тони Блэр режасида иштирок этмоқда ва Ғазонинг “жуда қимматли” денгиз соҳили потенциали ҳақида кўп марта гапирган. Лайтстоун расман “Abraham Accords Peace Institute” раҳбари – бу ташкилот ўзини “тарихий тинчлик келишувларига бағишланган партиясиз, нотижорат Америка ташкилоти” деб таърифлайди.

Лайтстоун Иброҳим келишувлари – Исроилнинг БАА ва бошқа бир неча араб давлатлари билан расмий муносабатлар ўрнатиши – бўйича музокаралар ва уларни амалга ошириш жараёнларида ҳам иштирок этган.

“Jewish News Syndicate” хабарига кўра, Кушнер томонидан ташкил этилган ва америкалик миллиардерлар маблағ тўлаган “Kohelet Policy Forum” билан боғлиқ шахслар ишлаган мазкур институтни жорий йил бошида  АҚШдаги ўнгчи фикрли таҳлилий марказ The Heritage Foundation сотиб олган.

Лайтстоун БМТнинг қаттиқ танқидчиси ҳисобланади ва “Haaretz”га кўра, у Оқ уй билан ҳамкорликда Ғазонинг “урушдан кейинги кун” сценарийларини ишлаб чиқишда иштирок этган. Ҳужжатларга кўра, БМТ билан музокараларда икки давлат ечими масаласи кўтарилганида, Лайтстоун “бундай қадам учун вақт ҳали тўғри эмас, асосий устуворлик – ҲАМАСни майдондан чиқариш бўлиши керак” деган.

2018 йилда Фридманнинг маслаҳатчиси бўлганида, декларация шаклларида Лайтстоуннинг Исроил сиёсати билан боғлиқ ёки ҳукумат билан шартнома тузиши мумкин бўлган ташкилотлар билан молиявий алоқалари борлиги очиқланган. Шулардан бири – аноним тарзда асос солинган Shining City Community бўлиб, у Исроилдаги “сионизмни ва давлатни ҳимоя қилиш учун фаол ишлаётганини” даъво қилувчи Im Tirtzu ташкилотига тахминан 1 миллион доллар берган ва Лайтстоунга 50 000 долларгача қарздор бўлган.

2016 йилда ҳатто Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам Im Tirtzu'ни танқид қилган, чунки у юзлаб исроиллик маданият арбобларини чаппараст ташкилотлар билан алоқаси борлиги учун “чет эл агентлари” деб атаган кампания бошлаган эди.

Лайтстоун бир вақтлар Shining City'нинг ижрочи директори сифатида ҳам ишлаган ва “Исроилга қарши бойкотларнинг хавфлари ҳақида давлат ва федерал амалдорлар учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш” билан шуғулланганини айтган.

Нагиб Савирис

Бойлиги тахминан 10 миллиард долларга яқин бўлган Нагиб Савирис бойлар оиласидан чиққани билан танилган. Унинг отаси Онси Савирис – Мисрнинг биринчи халқаро конгломератига айланган “Orascom” компаниясини асос солган қурилиш магнати эди.

71 ёшдаги Савирис асосий бойлигини телекоммуникация соҳасида тўплаган — у Мисрдаги энг илк мобил алоқа оператори бўлган “Mobinil” (ҳозирги “Orange Egypt”) компаниясининг ҳаммуассисларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, у Люксембургда жойлашган “La Mancha” холдинг компанияси орқали олтин саноатида ҳам фаол иштирок этади.

Мисрлик миллиардер Тони Блэр билан узоқ йиллардан бери яқин муносабатда бўлиб келади, бу муносабат ҳатто Блэрнинг Буюк Британия бош вазири бўлишидан аввал бошланган бўлиши мумкин.

Блэр 2020 йилда Савириснинг ўғли Ансийнинг Гиза пирамидалари ёнида бўлиб ўтган тўйига таклиф этилган. 2013 йилда эса улар Италиянинг ўнг қанот сиёсатчиси ва собиқ президенти Сильвио Берлусконига тегишли виллалардан бири ёнида бирга суратга тушган.

Шунингдек, улар бир неча марта Савириснинг Люкс класли яхтаси бортида, хусусий самолётида, Қоҳирада ва Жанубий Африкада ҳам учрашган. Савирис айниқса Юнон ороли Миконосни яхши кўради – у ерда кўчмас мулк сотиб олган ва севимли мисрлик мусиқачи ҳамда актёрларни у ердаги зиёфатларига таклиф қилиб туради. 2017 йилда у Блэр билан бирга Миконосда Том Хэнкс ва британиялик бизнесмен Филип Грин ташриф буюрадиган нуфузли ресторанда суратга тушган.

Савирис АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги босқиндан кейин Афғонистонни “қайта тиклаш” жараёнида иштирок этган ва шу пайтда ҳам Блэр билан ҳамкорлик қилган.

“Савирис аввал ҳам Блэрга маслаҳатлар берган. Унинг асосий ихтисослиги – мобил тармоқлар яратиш, шундай экан, у асосан инфратузилма ёки қайта тиклаш ишларига жавобгар бўлади деб ўйлайман. У Мисрдаги энг бой одам, бироқ сиёсий жараёнларда иштирок этишни ҳам ёқтиради. У доим Twitter (ҳозирги X)да фаол, лекин сиёсий жиҳатдан Илон Маскчалик кескин эмас”, деди vисрлик тадқиқотчи Нихал Эл-Аасар.

Эл-Аасарнинг сўзларига кўра, Савирис Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг ҳукуматини танқид қилган ва ўзини “мувозанатли” шахс сифатида кўрсатишни ёқтиради.

“Бироқ у ҳали ҳам Мисрдаги асосий муаммо – бу иқтисодиётда ҳарбийларнинг жуда катта иштироки ва эркин бозорнинг тўлиқ ишламаслиги деб ҳисоблайди. У эркин бозор ғояларининг соф тарафдори”, дейди тадқиқодчи. 

БААнинг Мисрга катта сармоя киритиши ва фаол иштироки сабабли Савирис ўз маблағларини мамлакат ташқарисида сақлайди ва Дубай намунасидаги “эркин иқтисодий зона” сифатида Ғазо учун Блэр кўраётган режа билан ҳамоҳанг бўлган амирликлар билан яқин муносабатда.

2024 йилда у “Moniify” номли молиявий медиа-платформани ташкил этди – у CNBC’нинг ёшлар учун мўлжалланган версияси сифатида кўрилган. Платформа Дубайда жойлашган ва у ерда жорий йил бошида ўзи ди-жейлик қилган дабдабали тадбир билан ишга тушган. Бироқ бир неча ҳафта ўтибоқ компания йўққа чиқди, ходимлар ишсиз қолди.

“Мусулмон биродарлиги” ҳаракатининг қаттиқ танқидчиси сифатида у “Араб баҳори”дан кейин марказ-ўнг қанотдаги “Эркин мисрликлар партияси”ни тузган. Савирис ғарб капитализмига қатъий ишонган бўлса-да, Исроил ва АҚШни танқид қилган ва ҳатто Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан ҳам учрашган.

“Исроил ҳам, АҚШ ҳам Миср учун яхшиликни истамайди. Миср учун яхшиликни фақат мисрликлар ўзлари хоҳлайди”, деди Савирис жорий йил бошидаги интервьюсида.

Марк Роуан

Уолл-стритдаги энг бой молиячилaрдан бири бўлган Марк Роуаннинг бойлиги, “Bloomberg” маълумотларига кўра, тахминан 10,2 миллиард долларни ташкил этади.

63 ёшли яҳудий-америкалик Роуан “Apollo Global Management” компаниясининг бош ижрочи директори (CEO) ҳисобланади. *CNN* уни “хусусий капитал дунёсидаги йирик монстр, фойда учун ҳар нарсани қурбон қилишга тайёр саноат” деб таърифлаган.

Apollo ҳозирда 840 миллиард долларлик активларни бошқаради, уларнинг катта қисми Саудия Арабистони ва БАА сармоядорларига тегишли. 

“Абу-Даби ва БАА – Apollo’нинг энг йирик сармоядорлари”, деган Роуан ўтган йили Исроилдаги интервьюсида.

Ўша суҳбатда Роуан ўзини “Исроил ва унинг ҳарбий кучларининг фахрли тарафдори” сифатида таърифлаган, Исроилни “биз учун паноҳгоҳ” деб атаган ва “бу ўзига хос, махсус жой, биз – танланган халқмиз” деган.

У 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужуми бўлган куни “эҳтимол Абу-Дабида бўлганини” айтган. 

“Энди вазиятни ўзгартириш имконияти пайдо бўлди. Бу вазият – Эрон ҳақида”, деган у ҳужум ҳақида фикр билдириб.

2020 йилда Роуан ва унинг рафиқаси Кэролин Дональд Трампнинг президентлик кампаниясига 1 миллион доллар хайрия қилган. 2024 йилда эса у Трамп маъмуриятида молия вазири лавозими учун суҳбатда иштирок этган, ва маълумотларга кўра, Президент ундан жуда яхши таассурот олган.

Роуан Пенсильвания университетининг машҳур Уортон бизнес мактаби кенгашига аъзо бўлиб, унинг йирик донорларидан бири ҳисобланади.

2023 йилнинг иккинчи ярмида у университет раҳбари ва кенгаш раиси истеъфога чиқиши учун кампания бошлаган – сабаби, университет “Palestine Writes” номли фестивални ўтказган, унда “Pink Floyd” гуруҳи аъзоси Рожер Уотерс иштирок этган – Роуан уни “яхши маълум бўлган антисемитлар ва нафрат тарқатувчилар” қаторига киритган.

2023 йил 7 октябрдан кейин у университетнинг “Исроилга қилинган ҳужум ортидан етказилган оғриқни тан олмаганидан” қаттиқ ғазабланган.

Битта академикнинг таърифича, Роуан университетда “оғир аҳволдаги муассасани Республикачилар томонидан тажовузкор тарзда эгаллаш”ни амалга оширган. Унинг босими остида университет президенти Лиз Магилл истеъфога чиққан.

АҚШ университетларида Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар кенгайганда, Роуан уларни қаттиқ танқид қилди:

“Бу антисемитизм эмас. Бу – антиамериканизм”.

Сигрид Кааг

Бу рўйхатдаги номзодлар орасида энг кам баҳсларга сабаб бўлган шахс Сигрид Кааг бўлиб, у Европада ҳурматга сазовор технократ сифатида танилади. У 2023 йилнинг охиридан 2025 йилнинг ўрталаригача Ғазо учун БМТнинг инсонпарварлик ва қайта тиклаш бўйича бош координатори сифатида хизмат қилган.

Бундан аввал Кааг БМТнинг Байрут, Дамашқ ва Қуддусдаги ваколатхоналарида ишлаган, шунингдек, Нидерландияда – ўз ватанида – ҳукуматда вазир бўлган.

Либерал сиёсатчи яқиндаги интервьюсида ўзи ва бошқа дипломатлар ҳамда инсонпарварлик ходимлари “Ғазодаги можаро бундай узоқ давом этади деб ҳеч қачон ўйламаган”ини айтган. 

“Ғазо шундай вайрон қилинганки, унинг манзараси Ой юзасини эсга солади”,  деган Кааг.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо Тони Блэр Сигрид Кааг Марк Роуан Нагиб Савирис Арйе Лайтстоун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг