Миллати учун жон олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ – Қудратхўжа тожик бола ҳақида
Жамият
−
18 Декабрь 8257 3 дақиқа
Россияда 10 яшар тожик миллатига мансуб мактаб ўқувчиси 15 яшар бошқа ўқувчи томонидан ваҳшийларча ўлдирилиши нафақат Тожикистонда, балки барча туркий халқларда чуқур қайғу билан қабул қилинмоқда. Жамоатчилик вакиллари, фаоллар, зиёлилар фожиада қотилликни содир этган боладан ҳам кўпроқ, бунга олиб келган, у ва бошқа миллионлаб одамларнинг юрагига бошқа миллатларга нисбатан нафрат уруғини сепган Ҳукуматни, унинг ғоясини, қонли миллатчилик ва империалистик сиёсатини қоралаяпти, жумладан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам.
“Москвада бир мактаб ўқувчисининг ваҳшийларча ўлдирилгани акс этган видеони кўриб, қаттиқ шок ҳолатига тушдим. Ичимда нимадир узилгандек бўлди... Юрагим тўхтаб қолгандек бўлди!
Даҳшат. Ҳозир қурбоннинг онаси ва яқинлари қандай қайғуда эканлигини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли. Ҳеч бир онанинг бошига бундай мусибат келмаслиги керак! Ҳеч бир онанинг!
Боланинг миллати туфайли шафқатсизларча ўлдирилишини ҳеч қандай сўз билан таърифлаб бўлмайди”, дейди профессор Қудратхўжа.
Унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзишича, ксенофобия туфайли даҳшатли қотиллик содир этилган Россия Федерацияси сингари кўп миллатли ва кўп динли мамлакатларда мактабларда миллий бағрикенгликка оид фан ўқитилиши керак. Мактаб ва жамиятдан ташқари, айниқса, уйда катталар болаларнинг олдида ҳам, уларсиз ҳам ксенофобик “маданият” ва муҳитни кучайтирадиган “чурка”, “черножопый”, “урюк”, “хачик” каби ва шунга ўхшаш камситувчи ҳақоратларни айтишни бас қилишлари керак!
“Биз оммавий ахборот воситаларида ҳукумат аъзолари, депутатлар, сенаторлар, сиёсий партиялар раҳбарларининг мигрантлар ва уларнинг оилалари масаласини йўл қўйиб бўлмайдиган ва номақбул тарзда муҳокама қилаётганини тез-тез кўрамиз. Болалар катталардан ўрганади ва бу, минг афсуски, бугунги жамиятнинг кўзгусидир.
Болалар мактаб ёшиданоқ бағрикенглик тушунчасини онгли равишда англаб етишлари ва шу қадриятлар билан улғайишлари лозим. Акс ҳолда, бундай ҳодисалар қайта-қайта такрорланаверади. Тожиклар, ўзбеклар, қозоқлар, татарлар, қирғизлар, ҳиндлар, афроамерикаликлар, чеченлар, доғистонликлар ҳам худди руслар каби Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган, улар ҳам биз каби инсонлардир! Аллоҳ Таолодан бошқа ҳеч ким, ҳеч қаерда ва ҳеч қачон уларнинг жонини олишга ҳақли эмас, фақат У ва бошқа ҳеч ким!
Ёшларимиз бундай шавқатсизларча ва беҳуда ҳалок бўлмасликлари керак, худди кеча Москвада бўлган ушбу воқеа ва бир неча кун аввал АҚШда отишма қурбони бўлган ватандошимиз, нейрохирургия факультетининг биринчи курс талабаси Муҳаммадазиз Умрзоқов билан содир бўлганидек!Қадрдон Тожикистон, биз сиз билан бирга мотамдамиз, биз биргамиз”, дейди университет ректори.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У қўриқчи ва тўртинчи синф ўқувчисини пичоқлаб, болани ўлдирди. Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.
17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олинган. Унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
Live
Барчаси