Миграциядан тортиб божхонагача. Арипов ва Мишустин 10 дан ортиқ ҳужжатларни имзолади
Олам
−
02 Декабрь 2022
11547Бугун, 2 декабрь куни ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилиши якунлари бўйича Россия ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари Михаил Мишустин ва Абдулла Арипов жорий учрашув якунлари бўйича қўшма коммюникени имзолаган.
Икки давлат божхона органлари раҳбарлари Россия ва Ўзбекистон божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш ва товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштиришнинг электрон тизимларини ўзаро қўллаш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар ҳамда товар ва транспорт воситаларини олиб ўтишда божхона операцияларининг соддалаштирилган тартибини ташкил этиш, яъни “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақида Баённома имзолаган.
Бундан ташқари, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, меҳнат мигрантларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланган.
Имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар комплекс дастури ва 2022-2023 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича амалий ҳаракатлар режасини ўз ичига олади.
“Татнефт” компанияси бош директори Наиль Маганов ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Татнефт” ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Шунингдек, “Татнефт” ва “Ўзкимёсаноат” АЖ ўртасида “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг 100 фоиз улушини олди-сотдиси бўйича шартнома имзоланган. Икки давлат ички ишлар органлари ваколатига кирувчи масалалар бўйича электрон шаклда ахборот алмашиш жараёнида ахборот билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича техник баённома имзолангани эълон қилинди.