Мигрантларнинг Россияда ишлаши учун талаблар кучайтирилди
Жамият
−
08 июл 7207 3 дақиқа
Россия Давлат думаси меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига қўйиладиган талабларни кучайтирувчи қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда “The Insider” хабар берди.
Қайд этилишича, ўзгартиришлар “Хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунга киритилмоқда. Асосий ўзгариш шундан иборатки, хорижликларнинг Россия Федерациясида ишлаш ҳуқуқи амалда уларнинг даромадига боғлаб қўйилмоқда. Меҳнат мигрантлари ўзларини ва Россияда бирга яшаётган, ўзларининг қарамоғида бўлган оила аъзоларини боқа олишини исботлаши керак бўлади. Даромад миқдори ҳудудий коэффициентга кўпайтирилган яшаш минимумидан (тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан) кам бўлмаслиги шарт.
Агар ушбу талаб бажарилмаса, хорижликларнинг патенти ёки ишлаш учун рухсатномаси муддати узайтирилмайди. Шундан сўнг, улар вояга етмаган фарзандлари билан бирга, агар мамлакатда қолиш учун бошқа қонуний асослари бўлмаса, 15 кун ичида Россияни тарк этиши шарт бўлади.
Солиқ хизмати хорижликларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига автоматик равишда узатиши керак бўлади. Мигрантларнинг ўзлари эса мамлакатда яшаш тўғрисидаги йиллик билдиришномани топширишда даромадлари ҳақида ҳисобот беришга, жумладан, даромадлар тўғрисидаги маълумотнома, солиқ декларацияси нусхаси ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлангани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишга мажбур қилинади.
Қонун меҳнат мигрантлари фарзандларининг мамлакатда бўлишини алоҳида тартибга солади. Вояга етмаган болалар Россияда фақат ота-онасининг патенти ёки ишлаш рухсатномаси амал қилиш муддати давомидагина қолишлари мумкин. Яна бир шарт – ҳам мигрантларнинг ўзи, ҳам уларнинг ҳар бир фарзанди учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича белгиланган аванс тўловини амалга ошириш ҳисобланади.
Мигрантларнинг фарзандлари 18 ёшга тўлганидан кейин ё бир ой ичида мамлакатни тарк этишлари ёки худди шу муддат ичида шахсий патент олиш учун ариза топширишлари ва даромад солиғи бўйича бўнак тўловини тўлашлари керак бўлади.
Қонун, шунингдек, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ва яшаш гувоҳномасини бекор қилиш асосларини кенгайтиради. Агар хорижликлар бир йил давомида белгиланган меъёрдан кам ишлаган бўлса ёки унинг даромади оиланинг ҳар бир аъзосига ҳисоблаганда ҳудудий яшаш минимумидан паст бўлиб чиқса, яшаш учун рухсатнома ёки яшаш гувоҳномаси олиб қўйилиши мумкин.
Ўзгартиришларнинг яна бир блоки юқори малакали мутахассисларга тегишли. Улар учун энг кам иш ҳақининг иккита тоифасини қолдириш таклиф этилмоқда. Инновацион марказлар, олий ўқув юртлари, фанлар академиялари, махсус иқтисодий зоналар, IT-компаниялар, тиббиёт кластери, “Сколково”, “Сириус”, Қрим ва Севастополда фаолият юритаётган мутахассислар учун қуйи чегара 358,5 минг рублни ташкил этади. Қолган юқори малакали мутахассислар учун эса 717 минг рублдан кам бўлмаслиги керак. Бу маблағлар ҳар йили индексация қилиниши шарт.
Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг айтишича, ушбу ўзгартиришлар миграция соҳасида “тартиб ўрнатиш”га ёрдам бериши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин миграция соҳасидаги қатор давлат божлари миқдорини ошириш ҳамда янги бож турларини жорий этишни назарда тутувчи қонунни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси