Мигрантларга уй ажратиш тартиби белгиланди
Жамият
−
30 Январь 2020
6334Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлг Матбуот хизмати хабар берди.
Қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ, уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили туман(шаҳар)лардан белгиланган тартибда ажратилади.
Уй-жой ажратиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
• ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун талабгорларни танлаш бўйича комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича ҳужжатларни ва сўровнома-аризани тақдим этади;
• комиссия ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади;
• комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қатор ижтимоий мезонлар асосида (талабгор номида уй-жой йўқлиги, ижарада туриши, бошқа оила билан бир уйда яшаши, кўп болалилик ва б.) аниқлайди;
• аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитини ўрганиш натижасида комиссия ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
• ёзма тавсия берилган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига мурожаат қилади.
2020 йил дастурлари доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун ипотека кредитларини ажратиш бўйича:
• имтиёзли давр – 1 йил;
• кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2019 йил 20 августдаги ПФ-5785-сон Фармонида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши белгиланган.