Россия мигрантларга қарши “уруш” очди, озарбайжонликлар “ови” эса давом этмоқда. Исроил Сурияни яна жаҳаннамга айлантириши мумкин, Аш-Шаранинг ҳаёти эса хавф остида – Midweek

Таҳлил

Россия мигрантларни янада қаттиқроқ буғмоқчи. Бу кетишда Россия ҳудудида меҳнат муҳожирлари учун фақатгина нафас олиш эркин бўлиши мумкин.

Россияда озарбайжонликлар ови давом этмоқда. Икки давлат бир-бирининг маданий тадбирларини бирин-кетин бекор қилмоқда. Улар ҳали ҳам келиша олмаяпти.

Эрдўған 15 июль кунини хотирлаш билан овора бўлган бир пайтда Суриядаги ҳокимиятга Исроил томонида чинакам тажовуз юз бермоқда. Ҳатто Аҳмад аш-Шара ҳаёти хавф остида қолган.

Жорий ҳафта ўртасига қадар жаҳонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишасиз. 

Россияга борманг – 2

Аҳолиси кун сайин камайиб бораётган, табиий ўсишдан бир неча йиллардан буён дарак йўқ бўлган, иқтисоди четдан келувчи мигрантларга муҳтож бўлган Россияда мигрантларга қарши қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда, уларни ҳаракатларини чеклайдиган таклифлар берилмоқда. Ўтган ҳафта Россияда мигрантларни фуқароликдан маҳрум этиш асосларини кенгайтирадиган қонун лойиҳаси Давлат Думасида биринчи ўқишдан ўтди. Дума расмийлари қонун лойиҳаси июль ойи охиригача тўлиқ қабул қилинишини айтди. Жорий ҳафтада эса мигрантларга қарши яна қатор тақиқлар жорий қилиш масаласи ўртага чиқди. 

Россия Давлат Думасида бу ҳафта мигрантлар учун янги давлат божлари жорий этишга оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилиши маълум бўлди. Дума раиси Вячеслав Володинга кўра, чет эллик фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга патент бериш ёки уни қайта расмийлаштириш учун 4200 рубль, меҳнат рухсатномасини узайтириш учун яна 4200 рубль, патент ёки рухсатнома нусхасини бериш ва унга ўзгартириш киритиш учун эса 2100 рубль бож тўлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Володиннинг айтишича, чет эл фуқароларининг аксарияти Россияга пул топиш учун келади. Визасиз мамлакатлардан келганлар ойлик нархи ўртача 8–10 минг рубль бўлган патент олади, у максимал бир йил амал қилади. Кейин эса уни янгилаш керак бўлади. Визали давлатлардан келганлар эса меҳнат рухсатномасини расмийлаштиради.

Бу ҳам етмагандек бошқа бир қатор давлат божлари ҳам жорий этилиши ёки оширилиши режалаштирилмоқда. Масалан, мигрантларни яшаш манзили бўйича рўйхатга олиш, вақтинчалик яшаш муддати узайтирилганда ҳамда автомобиль ва бошқа транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишдаги ҳаракатлар учун божлар жорий қилиш ёки олдиндан мавжуд бўлган тўловларни амалга ошириш кабилар шулар жумласидандир. Володин бу чоралар бюджет тушумларини кўпайтириши, мигрантлар устидан назоратни кучайтириши ва ноқонуний миграцияни камайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Аммо бундай тўсиқлар бугун Россия меҳнат бозоридаги энг катта куч бўлган марказий осиёлик мигрантлар учун келгусида Россияни эмас, балки Шарқий Европадаги мамлакатларни жозибали қилиб кўрсатаётганидан Володиннинг хабари йўқ чоғи.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Жорий ҳафтада шундай қаттиқ ва мигрантлар ҳаётини оғирлаштирувчи яна 3 та таклиф ҳам рус расмийлари оғзидан янгради. Жумладан, Давлат Думасининг Меҳнат қўмитаси раиси Ярослав Нилов Россияда ишлаш учун бораётган хорижликларга нисбатан қўшимча тиббий талабларни жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Таклифга кўра, ҳозирда амал қолаётган тиббий суғуртага қўшимча равишда, мигрантлар наркотик ва психотроп моддалар мавжуд эмаслигини тасдиқловчи тест натижаларини, ОИВ (ОИТС), Б ва C гепатити, сил касаллиги йўқлиги ҳақида янгиланган тиббий маълумотномани тақдим этишлари лозим бўлади. Ниловнинг қўшимча қилишича, агар кўрсатилган тиббий ҳужжатлардан бирортаси етишмаса, мигрантлар қайтариб юборилади. Албатта, тиббий маълумотномалар зарур. Аммо бундай ҳужжатлар бўйича талабларни ўзида акс эттирадиган қонун лойиҳаси Россияга нега айнан ҳозир керак бўлиб қолди, буниси бизга номаълум.

Аммо ишонаверинг, булар ҳали ҳамир учидан патир. Россия мигрантларнинг ойлик маошига ҳам кўз олайтиртмоқда. Хусусан, РИА Новости хабарига кўра, ҳукуматга меҳнат мигрантларидан маошининг 5,1 фоизи миқдорида солиқ ундириш таклифи билдирилган. Хабарга кўра, тегишли мурожаат Ижтимоий-иқтисодий таҳлил ва ривожланиш дастурлари институти томонидан Бош вазир Михаил Мишустинга юборилган. Энг қизиғи, ушбу маблағлар айнан ўша мигрантларнинг ўзлари учун мўлжалланган таълим дастурларини ривожлантиришга йўналтирилиши айтилмоқда. Аммо бу пул ростдан ҳам тинч ва маданий-маърифий мақсадларда эмас, балки Украина осмонида учаётган худкуш дронларга сарфланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Шундай қилиб, турли хил божларни ошириш таклифи бор, қўшимча тўловлар жорий қилиш бойича ҳам таклифлар етарли. Ойликдан катта қисмини юлиб олиш ҳам муҳокама марказида. Ёпишилмаган фақат мигрантларнинг ўз уйларига юборадиган пули қолди, деб тургандик, афсус адашибмиз. Россия Давлат Думаси депутатлари мигрантларнинг хорижга юборадиган пул маблағларига чеклов қўйишни таклиф қилди. Бу таклифни “Новие люди” партияси вакиллари Марказий банк раҳбарига мурожаат қилиш орқали билдирди. Ушбу таклифга кўра, агар мигрант ўз расмий даромадидан ортиқча миқдорда пул жўнатмоқчи бўлса, у даромадларини тасдиқловчи молиявий декларацияни тақдим этиши лозим бўлади. Ҳозирги кунда амалдаги қонунчиликда бундай чекловлар мавжуд эмас ва пул ўтказмалари устидан назорат қилинмасди. Ташаббус муаллифларининг фикрича, айни вақтдаги ҳуқуқий бўшлиқ ноқонуний даромадларни легаллаштиришга, солиқлардан бўйин товлашга ва маблағларни яширинча хорижга чиқаришга шароит яратмоқда экан.

Баку ва Москва зиддияти тугамади

Россия мавзусидан узоқлашмаймиз. Баку ва Москва ўртасидаги зиддият ҳали ҳам якунига етмади. Россиянинг Новосибирск шаҳридаги “Глобус” театри Озарбайжон давлат академик рус драма театрининг иккита спектаклини бекор қилди. Аммо “Минвал” нашрининг ёзишича, бекор қилиш ташаббуси Россиядан эмас, балки Озарбайжон маданият муассасаси вакилларидан чиққан. Нашрга кўра, Самад Вурғун номидаги Озарбайжон давлат рус драма театрининг ўзи Россиядаги гастролларини тўхтатишга қарор қилган. Шунинг учун бу қарор Баку ёки Москва томонидан қабул қилингани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Чунки ҳозирча ҳеч бир томон спектакллар бекор қилинишининг сабабини очиқламади.

Аммо шунга ўхшаш ҳолат 23-26 июль кунлари Бакуда ўтказлиши режалаштирилган Dream Fest  атрофида ҳам содир бўлди. Аввалроқ тадбир ташкилотчилари барча россиялик артистларни фестивал дастуридан чиқариб ташлаган эди. Улар орасида Егор Крид, Стас Пьеха, Клава Кока, шунингдек, “Руки Вверх!” гуруҳи бор эди. Оммавий ахборот воситалари мусиқа ижрочилари Озарбайжон Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи билан фестивал таркибидан четлаштирилгани ҳақида хабар берди. Бунинг ортидан Россиядаги кўпчилик сайёҳлар Dream Fest-2025'га боришдан бош тортди. Шундан сўнг, Dream Fest мусиқа фестивали бошловчилари Милош Бикович ва Регина Тодоренко ўрнини маҳаллий юлдузлар – продюсер Ҳусния Магеррамова ва телебошловчи Мурод Дадашов эгаллади.

Бу фақат маданият соҳасидаги зиддият, холос. Диаспора аъзоларини қамаш, узоқ муддат ҳибсда сақлаб туриш эса ҳали ҳам давом этмоқда. Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги Верх-Исетский туман суди ўтган ой ҳибсга олинган саккиз нафар Озарбайжонликнинг ҳибсда қолиш муддатини 19 октябргача узайтирди. Суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида, матбуот иштирокисиз, лекин Озарбайжоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги вакиллари иштирокида ўтган. Туман судининг маълум қилишича, Камол, Акиф, Аяз, Мазоҳир ва Бакир Сафаровлар ҳамда Аҳлиман Ганжиев, Шаҳин Лалаев ва Азиз Аббосовга  нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси 3 ойга узайтирилган. Уларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “г” банди – уюшган гуруҳ томонидан содир этилган қотиллик бўйича айблов қўйилган.

Аммо Россия ҳуқуқ тартибот идоралари бу билан чеклангани йўқ. Улар озарбайжонликларни “овлаш”да давом этмоқда. Екатеренбург шаҳрида Озарбайжон диаспораси раҳбари Шахин Шихлинскийнинг ўғли Мутвала Шихлинский 15 июль куни яна қўлга олингани айтилди. Хавфсизлик кучларидаги манбаларига таянган маҳаллий нашрлар хабарига кўра, кичик Шихлинский тергов қўмитасига сўроқ учун олиб кетилган, сўнгра вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жўнатилган. Эслатиб ўтамиз, Мутвала Шихлинскийнинг ҳибсга олинишига 1 июль куни содир бўлган воқеа сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Ўшанда махсус кучлар ходимлари “Баку Плаза” савдо маркази ёнида йўл ўртасида Озарбайжон диаспораси раҳбари Шахин Шихлинскийни қўлга олганди.  Интернетда Шихлинскийни ҳибсга олиниши акс этган видеолар ҳам тарқалди.  Унда ичида диаспора раҳбари бўлган Mercedes-Benz G-класси автомобили ўраб олингани ва ходимлардан бири унинг ойнасини синдирганини кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур жараёнда машина орқага ҳаракатланиб, хавфсизлик ходимларидан бирининг устидан босиб ўтгани айтилади. Рулда эса Мутвала эди. Бу ҳаракат Россия Жиноят кодексининг 318-моддасида назарда тутилган ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш жинояти бўлиши мумкин.

Аш-Шара ҳаёти хавф остида

Исроил томонидан гижгижланаётган друзлар Аҳмад аш-Шара учун чинакам муаммога айланди. Жорий ҳафта Суриядаги янги ҳукумат яна друзлар муаммоси билан юзлашди. Аш-Шара ҳокимиятни эгаллагандан буён Сурия жанубидаги асосан друзлар яшайдиган Сувайда шаҳрида кўчманчи бадавий қабилалари билан маҳаллий қуролли гуруҳлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар камида 37 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ушбу ҳодиса шу йил апрель-май ойларидан бери минтақада кузатилган энг йирик зўравонлик тўлқини бўлди.

Сурия Ички ишлар вазирлиги расмий баёнотда 30 дан ортиқ ўлганлар ва 100 га яқин ярадорлар борлиги ҳақида маълум қилган ва Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда қўшинлар сафарбар этилган. Вазирликка кўра, бу кучлар можаро ҳудудига “бевосита аралашиб, тўқнашувларга барҳам бериш, тартиб ўрнатиш, айбдорларни жазога тортиш ва судга топшириш” учун юборилган. Дараа ва Сувайда вилоятлари ўртасидаги маъмурий чегарага хавфсизлик кучлари жойлаштирилди. Сувайда губернатори Мустафо ал-Бакур аҳолига “сабр-тоқатли бўлиш ва миллий ислоҳот чақириқларига жавоб беришга” даъват қилган. Бир қатор друз диний арбоблари ҳам аҳолини тинчликка чақирган ва Дамашқ ҳукуматидан вазиятга аралашишни сўраган. Кучайган зўравонлик сабабли Сурия Таълим вазирлиги 14 июль куни Сувайдада ўтказилиши режалаштирилган мактаб битирув имтиҳонларини номаълум муддатга кечиктирган. Аммо ҳукумат кучларининг катта қисми Сувайдани тарк этишга мажбур бўлгани айтилмоқда. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда мазкур ҳудуддаги бинолар тепасига друзлар томонидан Исроил байроқларини илинаётгани акс этган тасвирлар тарқалди.

Сувайдо вилоятида бадавийлар ва друзлар ўртасидаги зиддиятлар узоқ йиллардан бери давом этиб келади. Айрим пайтларда бу келишмовчиликлар очиқ зўравонликка айланади. Сурияда Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг мамлакатда янги кучлар ҳукмрон бўла бошлади, аммо ҳали уларнинг тўлиқ тартибни ўрнатишга муваффақ бўлмагани фонида этник озчиликлар, хусусан, друзлар Исроил томонидан Аш-Шарага қарши қайралмоқда. Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу билан улар курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик ҳисобланади. Бундан олдинги друзлар исёни апрель-май ойларида кузатилганди ва ўшанда друзлар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлганди. Шундан сўнг маҳаллий қабила етакчилари ва диний арбоблар тинчликни сақлаш, друзларни ҳукумат тузилмаларига интеграция қилиш бўйича келишувлар имзолаган эди.

Бу сафарги тўқнашувларни эса ҳудди ўтган сафардагиси каби Яқин Шарқдаги саратон бези яна қўзғади. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада 15 июль воқеаларини хотирлаб катта тадбир ўтказиш билан овора бўлган бир пайтда Исроил 16 июль куни Дамашқдаги Сурия армияси Бош штаб биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ушбу кадрлар Сурия телевидиниесининг жонли эфирида яққол кўринди. Исроил кучлари томонидан ўтказилган ҳужум жанубий Сурияда, айниқса, Сувайда минтақасида авж олган тўқнашувлар фонида амалга оширилди. Исроил расмийлари ушбу ҳужумни “друзлар ҳимояси” учун қилинди, дея изоҳлади. Исроил яна бир қатор ҳукумат объектларига, ҳатто муваққат президент Аш-Шаранинг қароргоҳига ҳам зарба йўллагани айтилди. Кейинчалик Исроил ақлдан озган Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Сурия муваққат президенти Аҳмад Аш-Шарани йўқ қилиш кераклигини, у билан келишиб бўлмаслигини айтиб чиқди.

“Суриядан олинган даҳшатли кадрлар битта ҳақиқатни исботлайди: бир марта жиҳодчи бўлган одам ҳар доим жиҳодчи бўлиб қолади. Ўлдирадиган, мўйловини қирқадиган, камситадиган ва зўрлайдиганлар билан музокара олиб бориб бўлмайди. Уларни йўқ қилиш керак. Илоннинг боши – Аш-Шарани ҳам йўқ қилиш лозим”, деган Бен-Гвир.

Исроил ҳаво кучларининг Суриядаги нишонлари жуда кенг масштабда бўлди. Улар  Сурия жанубидаги ҳукумат ва ҳарбий биноларга, жумладан ҳукумат бош қароргоҳига ҳам зарбалар берди. Исроил ҳаво ҳужумлари аҳоли яшаш пунктларини ҳам четлаб ўтмади.  Шу сабаб Сурия аҳолиси Исроил ҳужумларидан сўнг ўз ҳукуматини қўллаб қувватламоқда. Сурия халқи яҳудий давлатининг ҳужумларига қарши намойишга чиқди. Улар Аш-Шара ҳукуматини қўллаб, мамлакатнинг янги байроқлари остида митинг ўтазди. Аш-Шара друзларни ҳимоя қилишга ваъда берди. Сурия муваққат президенти друз фуқароларини ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш унинг вазифаси эканлигини айтди. Қатор друз етакчилари эса ўз халқини Исроил сиёсати қурбони бўлиб қолмасликка чақирмоқда. Хусусан, ливанлик друз етакчиси Валид Жанболат Исроилнинг друзлардан хўрак сифатида фойдаланаётганини ва улар орқали Сурияда кескинликни кучайтираётганини таъкидлади. 

“Исроил Сурияда тартибсизлик чиқариш учун баъзи друзлардан фойдаланмоқда. Улар ҳеч кимни ҳимоя қилмайди, фақат ўз манфаатлари учун ва араб давлатларининг хавфсизлигига таҳдид солиш мақсадида бошқалардан фойдаланади. Энди бу сафар улар бизнинг миллатдан фойдаланмоқда”, деган Жанболат.

Ташқи дунёда ҳам Исроил ҳужумлари кескин танқид қилинмоқда. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги, АҚШ давлат департаменти ва бошқалар бу бўйича ўз муносабатини билдирди. Эрон Ташқи ишлар вазир Аббос Ароқчи бутун дунёни Исроилга қарши бирлашишга чақирди. Рубио ҳам Исроилнинг Сурияга қилган ҳужумларидан “қаттиқ хавотирда” эканлигини айтди. Давлат котибининг қўшимча қилишича, АҚШ кеча-ю кундуз ҳар икки томон билан алоқада бўлиб, тарангликни юмшатишга ҳаракат қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Сурия Озарбайжон Исроил Аҳмад аш-Шара Мутвала Шихлинский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг