Минтақа етакчилиги Мирзиёев чекига тушдими? – Midweek
Таҳлил
−
10 Июль 15021 11 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Озарбайжондаги саммитга бормагани Путиндан қўрққани билан изоҳланмоқда.
Толибонни дунё ҳамжамиятига интеграция қилишда энг фаол мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистон БМТнинг “Толибон”га қарши резолюциясини қўллаб-қувватлади.
АҚШ Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиши ортидан Россия босқини ростманасига кучайди. Аммо етказиб беришни дарҳол тиклагани хабар қилинди.
Ҳафта ўртасига қадар жаҳонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг Midweek дастури.
Тўқаев Путиндан қўрқяптими?
Жорий йилнинг 4 июль куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ташриф буюрмади. Унинг нега келмагани эса муҳокамаларга сабаб бўлди ва турли тахминларни ўртага чиқарди. Саммитда Қозоғистон номидан ҳукумат раҳбари қатнашди. “Орда” нашри эса Тўқаев нега бу йиғинда бўлмагани юзасидан қатор тахминларни келтириб ўтди. Нашр қайд этган биринчи тахминга кўра, Москва ва Баку ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик фонида Тўқаев Озарбайжонга ташриф буюришдан тийилган бўлиши мумкин. Аммо бу версия бироз ўзини оқламаслиги мумкин. Чунки ўтган йиллар давомида турли халқаро тадбирларда Путин билан юзма-юз тортишувларга киришган, унинг ёнида турган ҳолда, Россия томонидан тортиб олинган Украина ҳудудларини Кремль томонидан жорий қилинган статусини тан олмаслигини очиқ ойдин билдирган кам сонли лидерлардан бири айнан Тўқаевдир. Аммо у ҳам қолган постсовет давлатларидаги раҳбарлар каби Путин ва дунё ҳамжамияти ўртасида жуда нозик ҳаракат қиляпти. Тўқаев ҳам икки қадам олдинга бир қадам орқага иборасидан мустасно эмас. Шундай экан бир тарафдан Кремлдан қўрқув тахминида жон бордек кўрингани билан, бошқа томондан Тўқаевнинг Путинга тез-тез қилиб турадиган кескин сиёсий риторикаси инобатга олинса, бу тахмин ҳақиқатга бироз тўғри келмаслиги мумкин.
Назарда тутилган бошқа сабабга кўра эса, Тўқаевнинг Хонкендига бормагани Қозоғистоннинг расмиятчиликка амал қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аслида расмий даражада айтилса бўладиган ва ҳатто оз-моз ҳақиқатга яқин фараз мана шу. Чунки Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, унинг ишида Президент эмас, Бош вазир иштирок этиши кераклиги айтилади. Эсингизда бўлса, 2023 йил ноябрь ойида мазкур ташкилотнинг 16-саммити Тошкентда ўтганди. Ўшанда ҳам Қозоғистон номидан Бош вазири Алихан Исмаилов саммитда иштирок этганди. Бундан ташқари масалан, бу сафар Хонкендида ўтган саммитда Туркманистон ва Покистон Президентлари ҳам иштирок этмади. Аммо Тўқаевнинг Тошкентга келмагани ўшанда расмиятчиликдан кўра, кўпроқ бошқа сабаблар билан ҳам боғлиқ эди. Негаки, Тошкентда ИҲТ саммити бўлаётган 9 ноябрь санасида Путин Қозоғистонга ташриф буюрганди ва у Оқўрда қароргоҳида Тўқаев томонидан тантанали тарзда кутиб олинган. Шу боис расмиятчилик, дипломатик протоколга амал қилинганлик тахмини ҳам сўроқ остида.
Аммо Тўқаев Озарбайжонга ташриф буюрмаганининг учинчи тахминий сабаби сифатида Эрдўғаннинг ҳаракатлари келтирилмоқда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған нафақат бу саммитдан, балки бошқа кўплаб сиёсий лойиҳалардан Шимолий Кипр Турк Республикасини дефакто тан олинишини тарғиб қилиш учун фойдаланмоқда деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Қозоғистон раҳбари эса бундай масалаларда доимо эҳтиёткорона ҳаракат қилган. Боз устига, жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтган ЕИ-МО биринчи саммитида минтақа давлатлари ШКТРга таллуқли бўлган БМТ резолюциясига амал қилишини тасдиқлаганди. Шу боис, Тўқаев ташқи кучлар ўртасида мувозанат сақлаш мақсадида саммитга бормай қўя қолган бўлиши мумкин. Бу Марказий Осиёдаги раҳбарларнинг бугунги ташқи сиёсат курсларига бегона эмас.
Мирзиёев минтақа етакчилигини қўлга оляптими?
Аммо шу ўринда сиёсий векторларнинг кўнглига озор бермаслик учун нозик ҳаракат қилиб, охир-оқибат ўз позициясини йўқотиб қўйиш ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳар бир мамлакатнинг миллий манфаатлари мавжуд ва бу манфаатлар юзасидан ҳисоб-китоблар ҳамда муҳокамаларга ўрин йўқ. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Midweekнинг Бакуга ташрифи бунга ёрқин мисол бўла олади. Россия ва Озарбайжон ўртасидаги зиддият энг юқори чўққига чиққан маҳал Ўзбекистон етакчиси биринчи бўлиб, Бакуга борди. Албатта, бу давлат ташрифи ва унинг доирасида саммитда қатнашиш мақсадидан бошқа нарса эмас. Аммо шундай бўлса-да, бу ўтакетган даражадаги асоссиз эҳтиёткорликни четга суриш ҳамдир.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев шу саммитдаги нутқида Исроил ва АҚШнинг Эронга қилган ҳужумларини қоралади. Ўзбекистон Президенти Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиётлар бутун минтақани урушга жалб қилиш ва кенг миқёсида атроф-муҳит фалокатининг содир бўлиш эҳтимолини юзага келтирганини билдирди. Шу билан бирга, у мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори эканини ҳам таъкидлади ва бу Шавкат Мирзиёевнинг Фаластиндаги адолатли ечим борасида қилган биринчи баёноти эмас. Ўзбекистон сўнгги йилларда Марказий Осиёда мустақил Фаластин давлати тузилиши лозимлигини энг кўп такидлаб келадиган мамлакатдир.
Боз устига, тан олинмаган ШКТР ҳам ИҲТ доирасида доим кўриниш беради. Хонкендидаги саммитда ҳам Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти қаторида Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари Эрсин Татар ҳам қатнашди. Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади. Аллақачон уни тан олмаслик бўйича резолюцияга амал қилишларини ҳам расмий даражада тасдиқлашган. Аммо Эрсин Татар Эрдўғанга эргашиб, Ўзбекистон мавжуд бўлган минтақалараро саммитларга келаверади, дефакто тан олинишга ҳаракат қилаверади. Шундай бўлишига қарамай бу ҳолат Ўзбекистонга ўша саммитларда олий раҳбарият даражасида иштирок этишига тўсқинлик қилганича йўқ.
Ҳа айтганча, Хонкендидаги ИҲТ саммитидан 4 кун ўтиб, 8 июлда Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Олий даражада, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилнинг кузида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш ва унинг натижадорлигини таъминлаш зарурлиги ҳам таъкидланган.
Ўзбекистон “Толибон”га қарши овоз берди
Ўтган ҳафта Россия “Толибон”ни тан олганди. Аммо Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Москванинг тан олишидан сўнг улар учун бирин-кетин муаммолар чиқа бошлади. Жумладан, Халқаро жиноий суд Афғонистондаги вазиятни тергов қилиш доирасида “Толибон” муваққат ҳукумати олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Афғонистон бош судьяси Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олишга ордер берди. Суд Охундзода ва Ҳаққонийни инсониятга қарши жиноятлар, хусусан, жинсга асосланган таъқиб қилишни буюрган, рағбатлантирган ёки ундаган деб топди. Суд хулосасига кўра, бу ҳаракатлар Афғонистонда 2021 йилнинг августида “Толибон” ҳокимият тепасига келган пайтдан бошлаб содир бўлган ва камида 2025 йилнинг 20 январигача давом этган. ХЖСга кўра, аёллар ва қизлар тизимли равишда, жумладан, уларнинг таълим, шахсий ва оилавий ҳаёт, ҳаракат эркинлиги, сўз, виждон ва диний эътиқод ҳуқуқларини чекловчи фармонлар орқали таъқибга учраган.
ХЖС шунингдек, “Толибон” сиёсати бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келганини таъкидлаган. Улар ораси қотилликлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар ва зўрлаш каби ҳолатлар борлиги такидланган. Шунингдек, таъқиблар нишони сиёсий мухолиф ҳисобланган шахслар, жумладан, “Толибон” сиёсатига шунчаки пассив қаршилик кўрсатганлар ҳам бўлгани қайд этилган. Аммо бу ҳаммаси эмас. “Толибон” муваққат ҳукумати ХЖС билан бирга БМТ томонидан ҳам оммавий қаршиликларга учради. Жорий йилнинг 7 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси Афғонистондаги вазиятга оид 11 саҳифалик резолюцияни маъқуллади. Унда мамлакатдаги аёл-қизлар билан боғлиқ вазият кескин қораланди. Якуний овоз беришда 116 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган. Яъни “Толибон”нинг аёлларга қарши сиёсатини қоралаган. 2 давлат эса “Толибон” томонида туриб бунга қарши чиққан. Энг қизиғи “Толибон”нинг ёнини олган ўша икки давлат АҚШ ва Исроил эди. Ҳатто, уни тан олган Россия, бундан ташқари Хитой, Ҳиндистон ва Эрон каби давлатлар овоз бериш жараёнида бетараф қолган бир пайтда АҚШ ва Исроилдан бундай қадам ташланиши ҳайратланарли бўлди.
Шавкат Мирзиёев эса Хонкендида ўтган ИҲТ саммитида “Толибон” муваққат ҳукуматининг ҳам қатнашаётганидан хурсанд эканини айтганди. Орадан уч кун ўтиб эса Ўзбекистон БМТнинг “Толибон”га қарши резолюциясини қўллаб-қувватлагани ҳам бир қарашда кутилмагандек кўриниши мумкин. Аммо расмий Тошкент “Толибон” билан мулоқотларни йўлга қўйган илк кунлардан то ҳозиргача Афғонистондаги аёллар ҳуқуқи ва уларнинг таълими борасида муваққат ҳукуматга ўз тавсияларини бериб келади. Шу боис резолюциядаги Ўзбекистоннинг позицияси янгилик эмас, десак муболаға бўлмайди.
“Толибон” назорати остидаги Афғонистондаги аёллар ҳуқуқи билан боғлиқ бугунги вазиятни эса “нафас олишдан бошқа ҳамма нарсага тақиқ” деб таърифласак бўлади. Уларга хавф туғдираётган жинсий тажовуз ва эрта турмуш ҳолатларини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган қизалоқларнинг 40 – 50 ёшли эркакларга узатилиши ҳақидаги хабарлар қалашиб ётибди. Бу эса аслида турмушга бериш эмас, сотиб юборилиш экани кўпчиликка сир эмас. Хусусан, бундан бир неча кун олдин, Афғонистонда ота 7 ёшли қизини 45 ёшли эркакка турмушга бергани ҳақида “Толо News” нашри хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, тўй маросими Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида бўлиб ўтган. Бўлажак куёвнинг аллақачон икки хотини борлигига қарамай, боланинг отаси келишувга рози бўлган. Бу воқеа ҳатто “Толибон” орасида шов-шувга сабаб бўлган, улар аралашиб, никоҳни тўхтатган. “Толибон” расмийлари қизнинг отасини ҳам, унга уйланмоқчи бўлган эркакни ҳам ҳибсга олган. Аммо бу билан улар қизнинг отасига ва унга уйланмоқчи бўлган педофилга жазо қўллаган деб ўйламанг. Маҳаллий манбаларга кўра, ҳеч кимга нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган, ўша эркакка қиз тўққиз ёшга тўлгунга қадар унга уйланиши тақиқланган, холос.
Ҳилманднинг айрим аҳолиси ва шифокорлар эса ёш турмуш қуришдан хавотир билдириб, бундай амалиётлар, айниқса, қизлар учун жиддий психологик, ижтимоий ва жисмоний оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, эрта турмуш қуриш нафақат боланинг келажагига таҳдид солади, балки унинг руҳий саломатлиги, табиий ривожланиши ва таълим олиш имкониятларига ҳам салбий таъсир қилади. Болалар никоҳининг кўпайишига эса мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви ҳам ўзининг катта тасирини ўтказган. БМТ га кўра, 2021 йилда “Толибон” ҳокимият тепасига келиб, қизларнинг ўқишини тақиқлаганидан сўнг Афғонистонда эрта турмуш қуриш 25 фоизга, вояга етмаганлар туғиши 45 фоизга ошган. Юқоридаги 7 ёшли қизалоқнинг турмушга берилиши эса биринчи бундай ҳолат эмас. 2021 йилда отаси томонидан 55 ёшли эркакка озиқ-овқат, қўй-қўзи ва ер эвазига сотиб юборилган 9 ёшли Парвона Малик воқеаси кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган. У хайрия ташкилоти томонидан қутқариб олинган эди.
АҚШ Украинага ёрдамни тиклади
2 июль куни Пентагон Украинага ракеталар ва ўқ-дорилар партиясини юборишни тўхтатгани маълум бўлганди. Кейинчалик очиқланишича бу қарор Оқ уй билан маслаҳатлашилмаган ҳолда Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет томонидан амалга оширилган. Бунга АҚШ Қуролли кучларидаги захиралар борасидаги хавотир сабаб бўлгани айтилган эди. Украина уруши ва Яқин Шарқдаги можаро туфайли АҚШ армияси захиралари анча камайиб кетгани ҳақидаги хабар шундан сўнг ўз тасдиғини топди. Аммо кейинчалик АҚШ Давлат департаменти қурол етказиб бериш тўхтатилмагани, балки вақтинча пауза олинганини маълум қилди. Халқаро вазият кескинлашган заҳоти, масалан, Эрон ва Исроил ўртасидаги урушдан фойдаланиб Украинага босқинни кучайтиришни одат қилган Россия учун бу яхшигина имконият тақдим қилди. Украина осмони ҳимоясиз қолди.
Россия Қуролли кучлари, ҳатто, пойтахт Киевга ҳам дронлар ва ракеталар ёрдамида зарба берди. Энг ҳалокатли ҳужумлардан бири 10 июлда содир бўлди. Зарбалар оқибатида 16 киши жароҳат олгани, улардан 10 нафари шифохонага ётқизилгани, икки нафар тинч аҳоли эса ҳалок бўлгани маълум қилинди. Киевда турар-жой бинолари, омборхоналар, офис ва нотурар объектлар ҳамда ёнилғи қуйиш шохобчаларида ёнғинлар юзага келган. Шунингдек, бир қатор автомобиллар шикастланган. Киев мери Кличконинг айтишича, Россия ҳужуми оқибатида 1-сонли Бирламчи тиббий ёрдам марказининг амбулатор бўлими деярли тўлиқ вайрон қилинган.
Киев осмони очиқ қолиши фонида Трамп ва Путин ўртаси биргина қўнғироқдан кейин бузилди. Трамп ниҳоят Путин уни лақиллатаётганига ишонч ҳосил қилди ва Украинага ёрдам беришни тиклади. Бироқ Трамп бу ёрдам бироз олдин тўхтатилганидан ҳудди бехабардек, таассуфда. 8 июль куни АҚШ ҳукумати йиғилишида Президент Дональд Трамп Украинага қурол етказиб бериш тўхтатилишини маъқулламаган ва уларни қайта тиклашни буюрган. Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, юқорида таъкидланганидек, Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ўтган ҳафтада Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилганида бу ҳақда Оқ уйни олдиндан хабардор қилмаган.
Президент Дональд Трамп бу қадам учун ўзини масъул эмаслигини айтган. Ҳукумат йиғилишида ундан “қурол етказиб беришни тўхтатишни маъқуллаяпсизми?”, деб сўралганда, Трамп бу саволга рад жавобини берган ва АҚШ Украинага мудофаа қуролларини етказишда давом этишини айтган. Шундан сўнг, у Ҳегсетга ўқ-дорилар, хусусан, Patriot ҳаво мудофааси тизимлари учун тутиб қолувчи ракеталарни етказиб беришни тиклашни буюрган. Бу ракеталар Украина учун ракета ва дрон ҳужумларидан ҳимояланишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Маъмуриятдаги юқори мартабали расмийнинг айтишича, қурол-яроғ тўплами олдинги маъмурият томонидан ажратилган бўлиб, у аллақачон Украинага жўнатилаётган бўлган, бироқ кейинчалик тўхтатилган. Бу ўқ-дориларнинг кўпчилиги айни дамда Польшада бўлиб, улар тез орада Киевга етказилади.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь