Ўзбекистон иқтисодиёти бу йил 180 миллиард доллардан ошади
Жамият
−
10:27 1000 2 дақиқа
Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатларда ўсишда давом этаётганини таъкидлаб, 2026 йил якунларига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулоти 180 миллиард доллардан ошиши кутилаётганини маълум қилди.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, жаҳон иқтисодиёти ва глобал капитал бозорларидаги кескин ўзгаришлар шароитида инвесторлар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинган, иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётган давлатларга сармоя киритишга интилмоқда. Шу боис, Янги Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентнинг маълум қилишича, ўтган йили мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсган, иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Миллий валюта барқарорлиги таъминланиб, халқаро захиралар ҳажми 70 миллиард доллардан ошган.
“Тўрт йил аввал илк форумда 2026 йил якунига қадар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилган эдик. Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, мамлакатнинг халқаро кредит рейтинги йил сайин яхшиланиб бораётгани таъкидланган. Жорий йилда Ўзбекистон нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторига кирган.
Президентнинг таъкидлашича, мазкур натижалар Ўзбекистон иқтисодиёти янги суръат ва янги имкониятлар босқичига чиқиб бораётганининг яққол далилидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонга 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб этилганини таъкидлаб, мамлакат тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шерикликка тайёр бўлган инвесторлар учун доимо очиқ эканини билдирганди.
Live
Барчаси