Метрода йўл ҳақини кафт билан тўлаш мумкин бўлди
Жамият
−
30 Ноябрь 2023
7119Тошкент метрополитенининг "Халқлар дўстлиги" бекатида илк маротаба кафтни сканерлаш орқали тўловни амалга ошириш тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, эндиликда Тошкент метрополитенидан фойдаланганда йўл ҳаққини тўлаш учун банк карталари, транспорт карталари ёки QR-кодли чек олишнинг ҳожати қолмайди. Ўтиш жойида UZINFOCOM’нинг – Palm ID, томирлар тасвирига асосланган идентификациялаш янги биометрик лойиҳаси ишга туширилган.
Таъкидланишича, фойдаланувчи кафтини сканер устига тутади ва тизим уни идентификация қилади. Йўловчидан автоматик тарзда тўлов ечиб олинади. Бунинг учун у бир неча дақиқа сарфлаб, дастур орқали ўз шахсий маълумотларини киритиши керак бўлади.
Бундан ташқари, жамоат транспорти фойдаланувчилари учун мобиль илова ҳам ишга туширилган. Мобиль илова орқали виртуал карта очилиб, пул маблағи билан тўлдирилади. Шундан сўнг тўлов учун кафтнинг ўзи кифоя қилиб, ҳеч қандай интернетсиз, карта ёки QR-кодли чекларсиз тўловни амалга ошириш мумкин бўлади.