Метан “заправка” қуришга рухсат йўқ – Бош вазир ўринбосари (видео)
Жамият
−
08:41 5311 2 дақиқа
Ҳозир метан газ “заправка” қуришга рухсат йўқ. Бор метан заправкаларга газ етказиб беришолмаяпти. Бу ҳақда жорий йилнинг 6 февраль куни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳукумат вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида айтиб ўтди.
Мулоқотда Амударё туманида тадбиркор автомобиллар учун электр, газ ва бензин заправкалар қурмоқчи эканини айтган. Бунинг учун 40 сотих ер олгани, қурилишга барча жиҳозлар тайёрлигини билдирган. Фақатгина метан “заправка” қуриши учун Энергетика вазирлигидан рухсат олишда муаммо бўлаётганини айтиб, масалани ҳал қилишда ёрдам сўраган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бунга жавобан, масъуллар ишлаб турган “заправка”ларга ҳам газ етказиб бера олмаётганини айтган.
“Ҳозир метан газ “заправка” қуришга рухсат йўқ. Бор метан заправкаларга булар газ етказиб бера олмаяпти. Буни тадбиркорларга айтмаганмисизлар?” дея савол берган у Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрмановга.
Жамшид Хўжаев тадбиркорга метан “заправка” қурмаслик кераклигини таъкидлаган.
“Қурганиз билан пулингиз шундай ётади. Сизга метан бермайди. Қурилишни бошламаслик керак. Нега буни ҳокимият айтмайди?” дея яна сўроқ ташлаган Бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли метан “заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилганди.
Кейинчалик, 2 февралдан бошлаб метан “заправка”лар соат 10:00 дан 16:00 гача фаолият юритишни бошлаган.
Live
Барчаси