Мессининг хет-триги ортида қандай рекордлар турибди?
Спорт
−
17 Июнь 2580 3 дақиқа
Бугун, 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Аргентина терма жамоаси Жазоирни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувнинг бош қаҳрамони эса, одатдагидек, Лионель Месси бўлди. 38 ёшли ҳужумчи хет-трик қайд этиб, нафақат жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди, балки футбол тарихидаги яна бир қатор рекордларни ҳам янгилади.
38 ёшли футболчи Канзас-Сити шаҳридаги баҳсга миллий жамоа сафидаги 200-ўйинини ўтказиш учун майдонга тушди. Шу тариқа у футбол тарихида олтита Жаҳон чемпионатида иштирок этган биринчи футболчига айланди. Бу натижани кейинроқ Португалия ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам такрорлаши мумкин. Шунингдек, Мексика терма жамоаси дарвозабони Гильермо Очоа ҳам турнир давомида майдонга тушса, ушбу рекордга шерик бўлади.
Месси учрашувнинг 17-, 60- ва 76-дақиқаларида гол урди. У ҳатто учрашувнинг 5-дақиқасида ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилганди, аммо бу гол офсайд сабабли бекор қилинди. Шунга қарамай, аргентиналик юлдуз жорий йилги мундиални тарихий натижа билан бошлади.
Энг муҳим рекордлардан бири – Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхати билан боғлиқ. Жазоир дарвозасига урилган уч голдан кейин Мессининг мундиалдаги умумий голлари сони 16 тага етди. Шу тариқа, Месси Германия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Мирослав Клозенинг кўп йиллар давомида сақланиб келган рекордига тенглашди. Клозе 2002, 2006, 2010 ва 2014 йилги Жаҳон чемпионатларида жами 16 та гол урган бўлса, Месси бу натижага олтита мундиал орқали эришди.
Бу учрашув Мессининг Жаҳон чемпионатлари тарихидаги биринчи хет-триги сифатида ҳам қайд этилди. Қизиғи шундаки, у фаолияти давомида деярли барча йирик мусобақаларда хет-триклар қайд этган бўлса-да, мундиалда бу натижага илк бор эришди. Бу эса унинг беқиёс фаолиятидаги кам сонли “очилмаган саҳифалардан” бири эди.
Жазоирга қарши баҳс Месси учун яна бир тарихий воқеага айланди. У олти карра Жаҳон чемпионатларида иштирок этган биринчи футболчи бўлди. Аргентиналик юлдуз ўзининг биринчи мундиалини 2006 йилда Германияда ўтказган бўлса, кейинчалик 2010, 2014, 2018, 2022 ва энди 2026 йилги мусобақаларда ҳам иштирок этмоқда. Мессининг Жаҳон чемпионатлари билан боғлиқ тарихи 2006 йилда бошланган. У ўшанда Германияда бўлиб ўтган мундиалда 18 ёшида дебют қилган. Энг қизиқ тарафи шундаки, Жазоирга қарши баҳс Мессининг Сербия ва Черногорияга қарши ўйиндаги биринчи мундиал иштирокидан роппа-роса 20 йил ўтиб бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, 38 ёш-у 11 ойлик Месси Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг кекса хет-трик муаллифига айланди. Бу борада аввалги рекорд Криштиану Роналдуга тегишли эди.
Шунингдек, Месси кетма-кет бешта Жаҳон чемпионатида гол урган илк футболчи сифатида ҳам тарихдан жой олди. Унинг голлари 2010, 2014, 2018, 2022 ва 2026 йилги мундиалларга тўғри келмоқда.
Амалдаги жаҳон чемпионлари мусобақани ишончли ғалаба билан бошлаган бўлса, Месси олдида яна бир нечта рекордларни янгилаш имконияти бор. Аргентина терма жамоаси гуруҳ босқичида навбатдаги учрашувларини Австрия ва Иорданияга қарши ўтказади. Энди аргентиналик юлдуз олдида яна бир тарихий имконият турибди. Кейинги гол уни Мирослав Клозени ортда қолдириб, Жаҳон чемпионатлари тарихидаги якка тартибдаги энг яхши тўпурарга айлантиради. Агар Месси мундиал давомида яна бир марта рақиб дарвозасини ишғол қилса, футбол тарихидаги энг муҳим рекордлардан бирига якка ўзи эгалик қилади.
Агар Месси жамоасини яна бир бор жаҳон чемпионлигига етаклай олса, у Аргентина тарихида Жаҳон чемпионатида ўз чемпионлик унвонини муваффақиятли ҳимоя қилган илк сардорга айланади. Бу натижага ҳатто Диего Марадона ҳам эриша олмаган.
Live
Барчаси