Мессининг Барселонадаги уйига ўғри тушди
Спорт
−
07 Апрель 2023
4418ПСЖ ҳужумчиси Лионель Мессининг Барселонадаги уйига ўғрилар бостириб киришга уринди. Бу ҳақда “Antena 3” хабар берди.
Манбага кўра, воқеа 5 апрель куни Барселонадан 20 километр узоқликда жойлашган Кастелдефелс шаҳрида содир бўлган. Маҳаллий вақт билан соат 2 да қора кийинган икки эркак Месси уйининг боғига бостириб кирган, бироқ уйга кира олмаган. Улар полиция етиб келгунига қадар жиноят жойини тарк этган.
Ўғрилар кузатув камераси томонидан тасвирга олинган. Полиция тез орада ҳолат юзасидан баёнот бериши кутилмоқда.
Маълумот учун, Месси 2021 йилнинг августида ПСЖга ўтган эди. Француз клубига қадар у 18 йил давомида “Барселона”да ўйнаган. У Каталония клуби сафида 10 марта Испания чемпиони бўлган ва тўрт марта Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.
Унинг ПСЖ билан шартномаси 2023 йилнинг июнигача мўлжалланган. ОАВ хабарига кўра, Париж клуби билан янги шартнома имзолашда маоши катта миқдорда қисқартирилгани сабабли Месси бошқа жамоага ўтиш ниятида. Футболчида “Барселона”га қайтиш ва MLS клубларидан бирига ўтиш варианти мавжуд.
Месси жорий мавсумда ПСЖ сафида барча турнирларда 33 та ўйинда майдонга тушиб, 18 та гол урди ва худди шунча голли узатмани амалга оширди.