Мерц Европада Украина бўйича алоқа гуруҳини яратишга чақирди
Олам
−
09 Декабрь
1370Германия канцлери лавозимига Христиан Демократик Иттифоқи ва Христиан-Ижтимоий Иттифоқининг мухолифат блоки номзоди Фридрих Мерц АҚШда бўлажак ҳокимият алмашиши муносабати билан Украинага қўшимча ёрдам бериш учун Европа алоқа гуруҳини тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 9 декабрь куни Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувда маълум қилди.
"Украина ҳеч қандай чекловларсиз ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак. Бундан ташқари, европаликлар Украинадаги уруш имкон қадар тезроқ тугаши учун ҳамма нарсани қилишлари керак", деган Мерц.
Унинг сўзларига кўра, АҚШда Дональд Трампнинг ҳокимият тепасига келишига тайёргарлик кўриш ва барча мумкин бўлган сценарийларни ўйлаб кўриш керак. Мерцнинг фикрича, Европага Германия, Франция ёки Британиянинг ўзи ишлаб чиқа олмайдиган стратегия керак.
"Биз бу стратегияни фақат биргаликда ишлаб чиқа оламиз", дея қўшимча қилди у.
Мерц, шунингдек, Зеленскийнинг Дания бундай алоқа гуруҳида муҳим роль ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги таклифини “катта қизиқиш билан” қабул қилганини айтди.
Ўз навбатида, Владимир Зеленский Германияга “умуман Германия ҳукумати ва парламент аъзолари, уруш бошиданоқ украиналикларни қабул қилган халқ томонидан кўрсатилган ёрдам учун” миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, у Германиянинг узоқ масофали қуролларини етказиб беришга умид билдирди.
"Ўйлайманки, геосиёсат, НАТО бўйича биз сизнинг позициянгизни чин дилдан эшитишни хоҳлаймиз. Биз Украина ўз ассортиментини оширади, деб умид қиламиз", деган давлат раҳбари.
Бунга жавобан Мерц Зеленский немис TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бериш масаласидаги позициясидан хабардор эканлигини айтди.
"У ҳақида ҳеч нарса ўзгармади", деб ишонтирди сиёсатчи, агар Германияда христиан демократлар ҳокимиятга келса, Украинага бундай қуроллар берилишини истисно қилмаслигини қўшимча қилиб.
Зеленский, шунингдек, яқин орада АҚШ Президенти Жо Байденга қўнғироқ қилиб, Украинани НАТОга таклиф қилиш масаласини кўтармоқчи эканлигини айтди.
"Трамп билан бу ҳақда гаплашиш ҳали ҳам қийин, чунки у ҳали президентлик лавозимини эгалламаган. Президент Трамп билан ҳали Оқ уйга қайтмагани сабаб, унга боғлиқ бўлмаган нарсани муҳокама қилишдан маъно йўқ", деди Зеленский.
Маълумот учун, Мерцни канцлерликка номзод қилиб кўрсатган ХДИ/ХИИ блоки 2025 йил февралига мўлжалланган Бундестагга муддатидан олдин сайловлар олдидан ўтказилган сўровларда етакчилик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мерц Киевга сафар давомида Украина мудофаасининг ҳозирги ҳолати билан танишиш ниятида эканини, Германия Украинани Россия ҳарбий агрессиясидан ҳимоя қилиш учун нима қилиши мумкинлиги ҳақида маълумот олишни исташини айтганди.