Меркель Туркия ва Греция можаросига аралашди

Олам

image

Бугун, 22 сентябрь куни Германия канцлери Ангела Меркель, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Европа кенгаши раиси Шарль Мишель музокара ўтказди. Уч томонлама учрашув видеоанжуман шаклида ўтказилди.

Томонлар Шарқий Ўрта ер денгизидаги вазият ва Туркия билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилдилар.

Эрдўған расмий Берлиннинг минтақадаги кескинликни юмшатиш учун воситачилик қилаётганини юқори баҳолади. Музокаралар вақтида Анқара ва Афинанинг мазкур масала юзасидан дастлабки музокараларга тайёрлиги билдирилди.

Учрашув вақтида Ўрта ер денгизининг шарқий қисми бўйича минтақавий конференция ўтказишга келишилди. Эрдўған ҳам бу таклифни маъқуллади. У анжуман барча учун конструктив қарор қабул қилиш билан якунланишига умид қилмоқда.

Турк-грек муаммосидан кейин Эрдўған Туркиянинг Европа иттифоқи билан муносабатларига тўхталиб ўтди. Туркия етакчиси 24 сентябрь куни Брюсселда бошланадиган ЕИ давлат раҳбарлари саммити Анқара ва Иттифоқ муносабатларига ижобий таъсир қилишига ишонч билдирди.

“Агар ЕИ томонидан Божхона иттифоқини янгилаш, виза режимини соддалаштириш, шунингдек, Туркия билан миграция шартномаси бўйича самимий ва аниқ қадамлар қўйилса, Европа Иттифоқи ва Анқара ўртасидаги муносабатлар яна ижобий даражага кўтарилиши шубҳасиз”, деди Эрдўған.

Маълумот учун, Туркия ва Греция ўртасидаги муносабатлар Ўрта ер денгизидаги баҳсли ҳудудлар ва ундаги табиий бойликлар сабаб кескинлашиб кетди ва бир неча ҳафтадирки босилмаяпти.

Иккала давлат ҳам нефть ва газ бўлиши мумкин бўлган ҳудудларга эгалик қилишга даъво қилмоқда. Европа Иттифоқи Туркияни баҳсли ҳудудларда геологик-қидирув ишларини тўхтатишга чақирмоқда ва санкциялар билан таҳдид қилмоқда. Бироқ Анқара ён босишдан бош тортмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Ангела Меркель Туркия-Греция

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг