Мен нима дейману, қўбизим нима дейди?
Таҳлил
−
24 Май 2019
19855Бундан аввалроқ, Qalampir.uz сайтида “Усмонов ва Абдусаматов пиширган ош. Кўзбўямачилик ортидаги муаммони Ортиқхўжаев ечадими ё Арипов?” номли мақола эълон қилган эдик.
Мақолада “UMID SIFATLI BIZNES” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Мамлакат Азимовадан таҳририятимизга мурожаат келиб тушгани, бу мурожаатни ўрганиш учун Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, "Қадрдон" маҳалласига борганимиз ҳақида ёзган эдик.
Усмонов ва Абдусаматов пиширган ош. Кўзбўямачилик ортидаги муаммони Ортиқхўжаев ечадими ё Арипов?
Ушбу мақола сайтимизда эълон қилинганида Юнусобод туман ҳокимлигидан кимдир таҳририятимизга телефон қилар, муаммони бартараф этиш ҳақида бир тўхтамга келар деб ўйладик.
Йўқ бундай бўлиб чиқмади. Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам деганларидек, “ҳокимбува” ва ўринбосарлари ҳамон “сузмоқда”.
Мақолани 50 мингдан ошиқ ўқувчи ўқибдию, негадир Юнусобод тумани ҳокимлигидан бирорта масъул ўқиёлмабди-да, афсус. Ҳоким ёки унинг ўринбосарлари ОАВни умуман кузатмайди дейишимизга асос бор. Агар ўқиганида аллақачон муносабат билдирган бўларди. Ёки қоғозга чиқариб кўрсатсакмикан, ахир кўпчилик раҳбарлар ҳалиям шиқиллаган қоғозларни қўмсайди-ку, овози ёқимлида, а –лаббай, нима дедингиз.
Юнусобод тумани ҳокимлигида ҳеч кимнинг вақти йўқ. Ҳамма аҳолининг, тадбиркорнинг муаммоасини “ҳал қилиш” учун кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла “елиб-югуриб”, “жон койитиб” ишламоқда гўё. Лекин ҳар сафар “ҳоким бува”ни излаб борганимизда хонасида бўлади ва тўсатдан кимдир қаёққадир “срочни” чақириб қолади. Ўрнига эса ёрдамчиси шай. У ўринбосарларга рўбарў қилади. Калаванинг учини тополмай сарсон-саргордан юраверасан.
Мен нима дейману, қўбизим нима дейди.
Эшитгансиза бу машҳур иборани. Негадир бу иборани Раҳмонбек Усмонов эшитмабди ёки ёнидагилар қулоғига “шипшитишмаган”. Шипшитганда эди, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтараман” деган гапини ўнг қулоғи билан ҳам, чап қулоғи билан ҳам эшитган, ўзига шиор қилиб олган бўларди. Афсуски, бундай эмаслигини кўриб турибмиз.
Президентнинг айтганлари шаҳар ҳокимидан нарига ўтмаяпти. Бир сафар Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ОАВга қарата бизга дўстмисилар ё душманми деганди.
Жавоб: биз адолатга, тадбиркорнинг додини эшитганга, муаммони ҳал этганга, қарсакбозлик, расмбозликни ёқтирмайдиганларга дўстмиз.
Ким айбдор, мақола ёзган журналистми, борини бизнесга тикиб хонавайрон бўлиш ёқасида турган тадбиркорларми? Кимдир жавоб берадими?
Афсуски ҳеч ким жавоб беришга шошилмади. Мақола эълон қилинганига бир неча кун ўтса-да на Тошкент шаҳар, на Юнусобод тумани ҳокимлигидан садо чиқди.
Биз Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари ва ҳуқуқшуносини Qalampir.uz таҳририятига чақирдик. Муаммони ҳал қилайлик дедик. Ваъдалар олинди. Мана, орадан йигирма кун ўтибди ҳамки, улар жим. Муаммони ҳеч ким ўрганаётгани ҳам йўқ, шуми ҳокимиятнинг очиқлиги?
Агар шуни очиқлик десак, ёпиғи қандай бўларкин? Бир неча бор Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати билан бу борада суҳбатлашган бўлсак-да, муаммо юзасидан бирор аниқ жавоб йўқ. Ўрганяпмиз, деган жавобдан нарига ўтилмади шу вақтгача.
Ортиқхўжаев муаммоларни бартараф этаётган, тадбиркорлар хурсандлигидан чапак чалаётгандир. Аслида ҳам шундайми? Ваъдалар берилди. Қарсаклар чалинди. Шу ерда тўхташ керак. Тадбиркорни оёғидан чалиш керак эмас-да. Ортиқхўжаев ҳоким бўлганида энг кўп қувонганлар – тадбиркорлар эди. Ана ўзимиздан чиққанда, энди дардимизга “малҳам” топилди, дейишди. Ҳоким ҳам тадбиркорларни дўстим деди, аввалгидек порахўрликка йўл қўйиломаслигини бир неча бор таъкидлади. Бироқ, унинг “команда”сида, ҳали ҳам Усмонов давридан қолган масъулиятсиз одамлар яшаб келаётгандек.
Нега муаммолар Ортиқхўжаевгача кириб бормаяпти? “Фильтр”лар бунга тўсиқ бўляптими? Биз ҳаммаси учун изоҳ сўраб қоламиз. Токи тадбиркор дардига малҳам топсин. Ошни пиширганлардан бири шаҳар ҳокимлигидан туман ҳокимига айланди. Иккинчиси, яни Юнусободнинг собиқ ҳокими Абдусаматов қамалди. Ўртада қолган тадбиркор бошини қамоқхонанинг эшигига урсинми ё Усмоновнинг?
Акбар Жиянов