Усмонов ва Абдусаматов пиширган ош. Кўзбўямачилик ортидаги муаммони Ортиқхўжаев ечадими ё Арипов?
Таҳлил
−
30 Апрель 2019
61132“От кимники, минганники” деган нақл бор. Майли отни мининг, лекин, тадбиркорни эмасда. Пора олишда айбланаётган Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматовнинг “муравватидан” айни вақтда бир эмас, ўн эмас, нақ 32 тадбиркор азият чекмоқда. Энг қизиғи ўз вақтида бунга Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов бош-қош бўлган. “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади” деганлари шу бўлса керакда.
Юртимизда бугун тадбиркорлик билан шуғулланишни ихтиёр этганларга барча эшиклар очиқ, деб кўп эшитамиз. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Тўсиқлар йўқми? Бекор гап. Тўсиқлар бисёр бўлмаса эди, “UMID SIFATLI BIZNES” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Мамлакат Азимовадан таҳририятимизга мурожаат келиб тушмаган, биз ушбу мақолага қўл урмаган бўлар эдик.
Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматовнинг сиз билган, эшитган “кароматлари” ҳолва экан. Буни мурожаатни ўрганиш учун Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, "Қадрдон" маҳалласига борганимизда билдик.
Биласиз, Президент ва Ҳукумат раҳбарининг жойларда олиб борилаётган ислоҳотларни кўздан кечириш мақсадидаги ташрифларига ҳудудларда алоҳида тайёгарлик кўрилади. Янги ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари шай ҳолга келтириб, таништирилади. Юнусободда ҳам шундай бўлган. Абдусаматов Юнусобод тумани ҳокими, Усмонов эса Тошкент шаҳар ҳокими бўлиб ишлаб юрган даврларда Юнусобод тумани “Қадрдон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ташландиқ қолган ер майдонида "Замонавий маҳалла" барпо қилиш юзасидан тадбиркор Мамлакат Азимовага ер ажратилади. Фақат тадбиркор эски қолган маҳалла биносини янгидан таъмирлаб бериши, ерни оқлаши керак эди. Ушбу ташаббусини маҳалла раиси Комил Раҳмонов ҳам қўллаб-қувватлайди.
Юнусободнинг собиқ ҳокими Абдусаматов 2017 йил 16 май куни № 769-сонли “Замонавий маҳалла” лойиҳаси асосида маҳалла маркази, савдо ва маиший шаҳобчаларни ташкил этиш учун ер майдони ажратиш ҳамда қурилиш ишларига рухсат бериш ҳақида” қарор ҳам чиқариб беради.
“UMID SIFATLI BIZNES” МЧЖ ва “Қадрдон” маҳалла фуқаролар йиғини ўртасидаги инвестиция шартномасига кўра, Юнусобод туман, 17-мавзе, 16 ва 17-уйлар оралиғида жойлашган 10 сотих ер майдони ажратилиб, ҳудудда лойиҳага асосан маҳалла гузари, гўзаллик салони, дорихона, новвойхона каби маиший шаҳобчалар, болалар майдончаси қуриш ишлари бошлаб юборилади. Емоқнинг қусмоғи бор деганларидек, тадбиркор ўзига ажратилган 10 сотих ер ҳисобига маҳалла идораси биносини янгидан таъмирлатиб беради. Тадбиркорнинг қайд этишича, таъмирлаш ишларига 25 минг АҚШ долларидан кўп пул сарфланган. Бу орада 10 сотих майдондаги қурилиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилган. Орадан икки йил ўтди ҳамки, ҳужжатлардан дарак йўқ. Аксинча, масала бошқача тус олди.
Калаванинг учи
Биз “Қадрдон” маҳалласи ҳудудидаги 16 ва 17-уйлар оралиғида жойлашган майдонни кўздан кечирдик. Тадбиркорнинг куйиниб гапирганича бор экан. Ҳудудда замонавий гўзаллик салони, дорихона, новвойхона каби маиший шаҳобчалар, болалар майдончаси, аҳоли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун яшил ҳудуд, мусиқали фаввора тадбиркорнинг маблағлари ҳисобидан барпо этилган.
– Бу ерда қурилиш ишлари давом этаётганда ўша вақтда Тошкент шаҳар ҳокими бўлган Раҳмонбек Усмонов ҳам бир неча бор ҳудудга келиб, қоп-қоп ваъдалар берган эди, – дейди тадбиркор. – Бу ернинг кадастр ҳужжатларини олсак яхши бўларди, анча-мунча маблағ тикиб қўйдик деганимда, бу ишларни тепасида ўзим турибман ҳеч ким сизга ғинг демайди, ҳамма ҳужжатларингизни оласиз деганди. Мен эса шу гапларга ишониб қолавердим.
Тадбиркорнинг айтишига қараганда, қурилиш ишлари якунланиш арафасида Бош вазир Абдулла Арипов ҳам ушбу маҳалла гузарига ташриф буюриб, бу маскан республикадаги энг замонавий маҳалла гузари бўлаётганини таъкидлаб, Мамлакат Азимованинг ишларини мақтаган экан. Бундан кўриниб турибдики, Усмоновга ҳам, Абдусаматовга ҳам Бош вазирнинг мақтови керак бўлган. Ундан кейин нима бўлса бўлар қабилида иш тутилган.
– Мақтов ва ваъдаларга учиб боримни мана шу қурилишга тикдим. Йигирмага яқин қурувчилар бу ерда бир йилга яқин ишлашди. Уларнинг ётиш-туриши, овқатланиши учун шароит яратиб бердим. Ҳар ой маошларини вақтида бериб турдим, – дейди Мамлакат опа. – Ўзингиз биласиз, кўчадан мардикор олиб келсангиз ҳам бир кунига 70-80 минг тўлашингиз керак.
Президентимизнинг кўплаб мурожаатида тадбиркорликни ривожлантирайлик, аҳолимизнинг даромадлари ошсин деган гаплари ҳар бир юртдошимизга ишонч бағишлади. Ташаббуслар пайдо бўлди, тараққиёт сари қадам ташланди. Лекин, айрим мутасаддилар учун Президентнинг халқимизга берган ваъдалари чикорадек.
Туғилдию ўлди. Ҳа, бугун кўплаб тадбиркорларнинг ташаббуслари туғилибоқ ўлмоқда. Миллионлаб маблағ тиккан ишингга, қилган ташаббусингга тупурадиган раҳбарлар афсуски, топиляпти.
Шу ўринда Мамлакат Азимовага иши билан боғлиқ бир фактга эътиборингизни қаратамиз: Юнусобод тумани ҳокимининг 2017 йил 16 июндаги № 769-сонли қарори 4-бандида қурилиш ишлари якунлангандан сўнг фаолият турини ўзгартирмаслик шарти билан тадбиркорлик субъектига мулк ҳуқуқи берилиши лозим эди.
Ҳоким эса берган ваъдаларини унутиб, тадбиркор қурилиш ишларини олиб бораётган бир пайтда, орадан 11 ой ўтиб, 2018 йил 2 май куни, яъни қурилишга рухсат бериш ҳақидаги қароридан бир йил вақт ўтиб, № 842 сонли қарори билан "Замонавий маҳалла" лойиҳаси асосида маҳалла марказлари қуриш учун ер ажратиш ҳамда реконструкция қилишга рухсат бериш ҳақидаги қарорини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаради.
Мард (Юнусобод ҳокими) сўзидан, арслон (Тошкент шаҳар ҳокими) изидан қайтса... Даҳшатми, фожиами? Бу тадбиркорга аён, холос, афсуски. Мутасаддига фарқи йўқ – “барабан”.
Тадбиркорнинг айтишича, ҳокимнинг бу қароридан июлда, ишлар якунланай деб қолганда хабар топган.
“Бу ҳақда билганимда карахт бўлиб қолдим. Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Не-не умидлар билан бошлаган ишим бир кунда ер билан яксон этилганини оғриқ билан ҳис қилдим” – деди Мамлакат опа.
Онангни қози хафа қилса, додингни кимга айтасан?
Тадбиркор ҳам бўлиб ўтганларга ишонмасдан бир неча бор Юнусобод туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Қўнғироқларга 1 ярим ой давомида жавоб бермай келган ҳокимликдагилардан ҳар сафар бир баҳонани эшитдик. Ҳоким йиғилишга кетган, селекторда, учрашувда, инвесторлар билан ва ҳоказо... Усмоновга шаҳар ишлари оғирлик қилиб, туманга ўтказилди, аммо у шунда ҳам ОАВ билан ишлашга вақт топа олаётгани йўқ.
Мана, орадан деярли икки йил вақт ўтяпти. Бир пайтлар тадбиркорларга берилган қоплаб ваъдалар унутилди. Икки ўртада Абдусаматов ҳибсланди. Ҳа, дарвоқе, собиқ шаҳар ҳокими Усмонов ҳам оғзаки берган ваъдаларини эслай олмаслиги табиий. Боиси, ўша вақтдаги саъй-ҳаракатларнинг кўпи Бош вазир ҳудудга келиб-кетгунча уюштирилган спектакль бўлган, холос. Бу эса ваъдалар берилур, қилинмас қабилида иш тутишнинг энг олий намунаси. Тадбиркорнинг оҳини ҳамма эшитди, аммо ҳокимбува...
– Авваллари бу ер ташландиқ ҳолатда бўлган. Қаровсиз қолганидан кўпчилик ахлат ташлар, антисанитар ҳолатда эди. Раҳмат, тадбиркорга. Бу ер обод бўлганидан жуда хурсандмиз. Кунлар исиди дегунча оиламиз билан ҳар кеч шу ерга дам олгани чиқамиз, – дейди “Қадрдон” маҳалласи 11-уйда истиқомат қилаётган Абдуқодир Розиқов биз билан суҳбатда.
Биз суриштирувимизни давом эттириб, “Қадрдон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комил Раҳмоновнинг қабулига кирдик.
Маълум бўлишича, маҳалла гузари ҳудудидаги 14 ва 15-уйлар оралиғида жойлашган ташландиқ бино "UMID SIFATLI BIZNES" МЧЖ томонидан таъмирланиб, фойдаланишга топширилиши керак бўлган. Бироқ, маҳалла раиси бу бино эмас, айнан “Қадрдон” маҳалласининг эски биносини таъмирлаб бериш талабини қўйган. Тадбиркор 20 нафарга яқин ишчиси билан эски маҳалла гузарини таъмирлашга киришиб кетган.
Маҳалла раиси Комил Раҳмоновнинг иддао қилишича, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши комиссияси келиб, таъмирдан чиқарилган маҳалла гузарини ўрганиб кетган. Унга кўра, гўёки таъмирлаш ниҳоясига етмаган ва камчиликлар жуда кўп. Аслида бизга ундай туюлмади, аксинча ҳамаси кўнгилдагидек. Тадбиркорнинг қилгани ҳам шунча бўлар-да, энди. Биз ўз кўзимиз билан кўрдик, суратга олдик ва сизга қуйида ҳавола этамиз.
Комил Раҳмоновнинг яна бир иддаоси тўғриси бизни ҳайрон қолдирди. Эмишки, 14 ва 15-уйлар оралиғидаги битмай қолган бинони тугаллаш лозим экан. Бундан ташқари, айни пайтда “Қадрдон” маҳалла гузари жойлашган бинонинг фасади, кириш қисми ва бир нечта хонаси тадбиркор томонидан таъмирланган, янги эшик-ромлар қўйилиб, пол қилиб берилган бўлса-да, раис таъмирлаш чала эканлигидан шикоят қилди. Эмишки, юқоридан келган комиссия 20 тача камчиликни ёзиб кетганмиш, баракалла.
Ўз кўзимиз билан кўрдик, таъмирлаш ва пардозлаш ишлари маромида. Балки, маҳалла раиси “евроремонт” хоналарда ишлаб ўрганган бўлса, тадбиркорнинг ишидан қониқмаётгандир, буниси бизга қоронғу. Туман марказларидан узоқда бўлган маҳаллаларни шу раис бир бориб кўрса эди, борига шукр қилармиди.
Маҳалла раиси Комил Раҳмоновнинг айтишича, Юнусобод тумани ҳокимининг "Замонавий маҳалла" лойиҳаси асосида маҳалла марказлари қуриш учун ер ажратиш ҳамда реконструкция қилишга рухсат бериш ҳақидаги қарорини бекор қилиш тўғрисида қароридан умуман хабари бўлмаган.
Тадбиркор маҳалла раисининг барча айтганларини қилишга рози, бундан бўйин товлагани ҳам йўқ. Аксинча, лаббай деб турибди. Муаммо, тадбиркорда эмас, аксинча, мутасаддиларнинг тўсиқларида.
Калаванинг учи яна бизни Юнусобод туман ҳокимлигига бошлаб борди. Биз борган вақтда туман ҳокимининг хизмат машинаси ҳокимлик дарвозаси олдида турган эди. Эшик оғасига ўзимизни таништириб, ичкари киришга рухсат сўрадик. У туман ҳокимининг ёрдамчисига бизнинг келганимизни айтиб гўшакни тутқазди. Биз муддаомизни тушунтирдик. Бир пас кутиб туришимизни айтишди. Кутсак-кутибмизда, “ҳокимбува”нинг ишлари ҳам кўп бўлса, вақти бўлмаётгандирда деб.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Раҳмонбек Усмонов Captiva’сига ўтириб, “қуённинг расми”ни чизиб, кетворди. Ҳоким ёрдамчиси шу пайт бизни одига чақирди. Чиқиб борганимизда ҳоким йиғилишга кетганини иддао қилган масъул ходим, бизни ҳоким ўринбосари қабул қилишини айтди. Билсак, жаноб ўринбосар ҳам “мажлис”ча ўтказаётган экан. Шунча кутганимиз бефойда кетди.
“Эски ҳаммом, эски тос”. Ҳа шундай. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мажлисбозликдан амалий ишларга ўтиш кераклиги ҳақида бот-бот гапирса-да, Юнусободдагиларга бу таъсир қилмагандек. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деб шунга айтса керак-да.
Юнусобод туман ҳокимлигига айтар сўзимиз: муаммога ечим ундан қочиб эмас, рўбарў келгандагина топилади.
Тадбиркор шу маҳалла фаровонлиги учун маблағини аямади, ташландиқ ҳудудни обод масканга айлантирди. Маҳалланинг ўнлаб ёшлари ишли бўлди.
Обод маскан эса бузилиш арафасида турибди. Хўп, тадбиркор обод этган ҳудуд бузилди ҳам дейлик. Ҳудуд эски, ташландиқ, ахлатхонага айланса, ёшлар ишидан, оилалар даромадидан, фарзандлар ризқидан айрилса кимга фойда? Бунда ким ютади, ҳокимми, маҳалла раисими? Қани қураверинг, қўрманг, биз бормиз деб турганлар? Маҳалла раиси эса ишлаб турган шаҳобчанинг бузилишини қўллаб-қувватлаётгандек. Наҳотки, бир тадбиркорнинг фаолиятини ҳал этиш маҳалла раисига қолган бўлса...
Тадбиркорнинг мурожаатига ечим топилишига ишончимиз комил. Балки ёзганларимиз кимгадир ёқмас, лекин эшитадиганлар топилади. Тадбиркорга енгиллик яратманг, қонунлар қабул қилманг, қарорлар чиқарманг, имтиёзли кредитингиз ҳам керак эмас, шунчаки ўзига қўйиб беринг.
Собиқ ҳоким Абдусаматовдан жабр кўрган фақатгина Мамлакат Азимова эмас. Бу ишга бел боғлаган 32 нафар тадбиркорнинг тақдири ҳам мавҳумлигича қолиб кетмоқда. Масъулиятсиз амалдорлар “пиширган ош” дан нега энди тадбиркорлар азият чекиши керак экан? Воқеалар ривожини кузатамиз, масалани ким ечади, Тошкентнинг ҳозирги ҳокими Ортиқхўжаевми ё бир вақтлар ҳудудга бориб, тадбиркорнинг ишини мақтаб қайтган Бош вазир Арипов?
Мавзуга яна қайтамиз!
LiveБарчаси