Мен аввалгилардек хоин эмасман – Жапаров олдинги Президентлар ерларни бериб юборганини айтди
Олам
−
23 Сентябрь 2022
10707Қирғизистонликлар ҳар бир қарич ери учун сўнгги томчи қони қолгунча курашиши керак. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Кабар” давлат агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг қайд этишича, ҳозирги ҳокимият аввалги Президентлар берган ерларни қайтариб олмоқда.
“Мен аввалгилардек ерлардан воз кечиб, чегара масаласини ҳал қиладиган хоин эмасман. Биз ҳар қарич ер учун охирги томчи қонимизгача курашишимиз керак. Қирғизистоннинг ери бировнинг мулки эмас. Ота-боболаримиз ер учун жонларини аямаган, бундан афсусланмаймиз. Келажак авлод ҳам бундай қилмаслиги керак. Негаки, биз бу ерни келажак авлодга қолдириш мақсадида ота-боболаримиздан қарз сифатида олганмиз. Бу ер меники ё сизники эмас. Бу минг йиллар давомида яшайдиган қирғиз халқининг келажак авлодлари замини”, дейди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 сентябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилиб, қирғиз-тожик чегарасидаги вазият юзасидан фикр алмашган.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.
Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. Тўқнашувларни якунлаш учун Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари протокол имзолади. Ҳужжат учта бандни ўз ичига олган.
Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси