Мен ҳаётимни қўйганман бу масалага – Мирзиёев

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг тинчлиги ва барқарорлигига ҳаётини қўйганини айтди. У бу ҳақда кеча, 3 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда сўз очган. 

“Мен ҳар сафар ғурур билан айтаман: мен ҳам Ўзбекистон, Қорақалпоғистон фарзандиман. Юрагимдан айтяпман. Мен ҳаётимни қўйганман бу масалага, бу гапларга. Бир сўм топсам 60 тийинини Қорақалпоққа беряпман”, дейди Президент.

Шунингдек, давлат раҳбари депутатлар ва фаоллардан халқ тинчлиги ва осойишталигини сақлашга ҳисса қўшишларини, ёшларни тўғри йўлга бошлашларини сўраган.  

“Бу қадрдан Ватанимизни, шунча қилган меҳнатимизни ўзимиз сақламасак, ҳеч кимга бизга сақлаб бермайди. Ва мен сизлардан илтимосим, бу даргоҳни, Қорақалпоқ элини, халқни ўзингиз асрашингиз керак, бу ерда яшашларинг керак, одамларга тушунтиришларинг керак, ёшларни йўлга солиш керак. 

Мени кўнглим олиб келди, меҳрим олиб келди, юрагим олиб келди Қорақалпоғистонга. Мен қандай тинч ўтира оламан. Қандай оғир бўлмасин, барибир мен жазо муқаррар, қонун устуворлигини таъминлайман. Буни ҳамма билиши керак. Менга тинчлик керак. Давлатнинг кучи ҳам, қудрати ҳам, имконияти ҳам бор”, дейди Президент. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

184

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг