Мелони кутилмаганда Саудияга борди (видео)
Олам
−
15:35 4667 2 дақиқа
Кеча, 3 апрель куни Италия Бош вазири Жоржа Мелони АҚШ, Исроил ва Эрон иштирокидаги ҳарбий можаро бошланганидан бери минтақага ташриф буюрган биринчи ғарб етакчиси сифатида Форс кўрфази мамлакатларига эълон қилинмаган ташрифини амалга оширди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Қайд этилишича, сафарнинг биринчи манзили Саудия Арабистони бўлган. Италия ҳукумати раҳбари Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарга ҳам ташриф буюриб, у ерда нефть бозоридаги беқарорлик фонида Италиянинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда минтақа давлатлари билан стратегик шерикликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирган.
“Мелони давом этаётган ҳужумлар фонида Форс кўрфази давлатларини қўллаб-қувватлашини билдирмоқчи”, дейилади хабарда.
Вена таъминот занжирлари таҳлили институти ва Делфт университети ҳисоботига кўра, Ҳормуз бўғози орқали кемалар қатновининг бузилиши туфайли Италия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида энг кўп зарар кўрган. Жаҳон нефть таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу йўналишда навигациянинг чекланиши энергия ресурслари нархининг ошишига ва етказиб беришда узилишларга олиб келди.
Шу муносабат билан Рим БМТ шафелигида муҳим маҳсулотлар етказиб беришни таъминлаш учун Ҳормуз бўғозида “инсонпарварлик коридори”ни яратиш ташаббуси билан чиқди.
Бунгача АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа давлатларини минтақага ҳарбий кемалар юборишга чақирган эди, бироқ бу ташаббус қўллаб-қувватланмади. Франция Президенти Эммануэль Макрон кемалар қатновини ҳарбий йўл билан тиклаш эҳтимоли пастлигини айтиб, Эрон билан музокаралар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сербия Президенти Александр Вучич Ҳормуз бўғозининг ёпилиши сабабли нефть ва ўғит нархи кўтарилиши фонида инсоният тубсизлик ёқасига келиб қолганини айтганди.
Live
Барчаси