Мексикада яна бир мэр отиб кетилди
Олам
−
16 Декабрь
3730Мексиканинг Сан-Луис-Потоси штатидаги Танкануиц де Сантос муниципалитети мэри Хесус Франко Ларрага номаълум шахслар томонидан қуролли ҳужумда отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Universal” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ҳужум кеча, 15 декабрь куни содир бўлган. Мэр ва яна уч киши бўлган автомобиль Тамасунчале ва Сьюдад-Вальес шаҳарлари орасидаги йўлда ҳаракатланаётганда қуролланган номаълум шахслар транспорт воситасига ўқ узган.
“Қуролланган номаълум шахслар транспорт воситасига ўқ отиб, Танкануиц мэри Хесус Франко Ларрага ва у билан бирга бўлган яна уч кишини ўлдирди", дейилади хабарда.
Воқеа жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар етиб бориб, ҳудудни ўраб олган. Нашр маълумотларига кўра, “Морена” партиясидан бўлган Хесус Франко Ларрага июнь ойида мэр этиб сайланган.
Манбаларга кўра, октябрь ойида Миллий гвардия Танкануиц де Сантосда хавфсизликни таъминлаш бўйича кенг кўламли текширув ўтказиб, камида олти нафар полициячини қўлга олган. Улар ўз ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган ва қурол олиб юриш ҳуқуқига эга эмаслиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Мексиканинг Чильпансинго-де-лос-Браво шаҳрининг мэри Алехандро Аркос деярли ўз лавозимига кирганидан бир ҳафта ўтиб ўлдирилган эди.
LiveБарчаси