Мексикада сайловчилар билан учрашувда мэрликка номзод отиб ўлдирилди (видео)
Олам
−
30 Май
13006Мексиканинг Герреро штатидаги Коюка де Бенитес шаҳри мэри лавозимига ўнг марказчи “Куч ва Мексика учун юрак” альянсидан мухолифат номзоди Хосе Альфредо Кабрера Баррьиентос сайловчилар билан учрашувда отиб ўлдирилди. Бу ҳақда "El Universal" нашри хабар берди.
Бу штатда сайловолди ташвиқоти чоғида беш нафар мэрликка ва бир нафар депутатликка номзод ўлдирилган.
Сиёсатчи баскетбол майдонида сайловчилар оломонида бўлганида, номаълум шахс унинг орқасидан яқинлашиб, тўппончани чиқариб, бошининг орқа қисмига бир неча марта ўқ узган. Қотиллик лавҳалари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Видеода камида 15 та ўқ овози эшитилади.
Бир кун аввал Халиско штатида Мексиканинг ҳукмрон "Морена" партиясидан Энкарнасьион де Диас муниципалитети раҳбари лавозимига номзод Гильберто Паломар Гонсалес қуролли ҳужум оқибатида яраланган эди. Сиёсатчи акаси ва котиби билан бирга ўқ жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
"Laboratorio Electoral" тадқиқотчиларининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг ёзидан бери Мексикада сайлов кампаниялари билан боғлиқ 82 киши ўлдирилган. Улардан 34 нафари давлат сиёсий лавозимига номзодлар эди. Умуман олганда, 2023 йилдан 2024 йилгача сиёсатчиларга қарши 2172 зўравонлик, жумладан ҳужумлар, таҳдидлар ва одам ўғирлаш ҳолатлари қайд этилган.
2 июнь куни Мексикада умумий сайловлар бўлиб ўтади. Улар келгуси олти йилга янги президентни, шунингдек, Депутатлар палатасининг 500 нафар аъзосини ва Сенатнинг 128 нафар аъзосини, тўққиз нафар губернатор ва 19 минг маҳаллий амалдорни сайлайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мексиканинг Нуэво-Леон штатида президентликка номзод Хорхе Майнеснинг сайловолди ташвиқоти митинги вақтида саҳна қулаб тушганди. Штат губернатори Самуэль Гарсияга кўра, ҳодиса оқибатида тўққиз киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган, 50 га яқин киши жароҳатланган.