Мексика АҚШга жавоб қайтаради – Президент

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Оқ уйга қайтгач, Мексика учун 25 фоизлик умумий тарифни жорий қилса, Мексика ҳам жавоб чораларини кўради. Бу ҳақда мамлакат Президенти Клаудия Шейнбаум баёнот берди. 

Мексика ҳукумати 25 фоизлик тариф жорий қилиниши оқибатида 400 минг америкалик иш ўрнини йўқотиши ва АҚШдаги истеъмолчилар учун нархларнинг ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

“Агар АҚШ тарифларни жорий этса, Мексика ҳам ўз тарифларини оширади”, деган Шейнбаум ўз баёнотида.

Мексика Иқтисодиёт вазири Марсело Эбрард эса импорт солиқларига қарши кураш ўрнига кўпроқ минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияга чақирган.

“Бу ўз оёғига болта уриш билан баробар. Мазкур тарифлар Мексика, Канада ва АҚШ ўртасидаги USMCA савдо шартномасини бузиши мумкин”, деган Эбрард.

Шунингдек, у тарифнинг ошиши АҚШда катта миқдорда иш ўринларининг йўқолиши, иқтисодий ўсишнинг пасайишига олиб келиши ва Мексикадаги АҚШ компанияларига улар тўлайдиган солиқларни икки баравар кўпайтириш орқали зарар етказиши ҳақида огоҳлантирган.

Эбрарднинг таъкидлашича, АҚШда сотиладиган Pikap автомобилларнинг 88 фоизи Мексикада ишлаб чиқарилади ва уларнинг нархи ошиши кутилмоқда. Бу транспорт воситалари асосан Трампга овоз берган қишлоқ ҳудудларида оммалашган.

“Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу транспорт воситаларининг ўртача нархи 3 минг долларга қимматлашади”, дея таъкидлаган Эбрард.

Шейнбаум ва Трамп кеча, 27 ноябрь куни телефон орқали суҳбатлашиб, кун тартибидаги энг долзарб масалаларни муҳокама қилган. Шейнбаум Трамп билан бўлган суҳбатда Мексиканинг миграция стратегиясини тушунтирган, бу стратегия мигрантлар АҚШ-Мексика чегарасига етиб келишидан олдин уларга “эътибор қаратишини” таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 26 ноябрь куни Трамп ўз лавозимига киришганидан сўнг Мексика, Канада ва Хитой маҳсулотларига бож тўловларининг миқдорини оширишни режалаштираётганини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, ушбу тариф мамлакатга гиёҳванд моддалар ва ноқонуний мигрантлар кириб келиши тўхтамагунча амал қилади. 28 ноябрь куни Хитойнинг давлат оммавий ахборот воситалари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни фентанил оқими туфайли Хитой товарларига қўшимча тарифлар жорий этиш ҳақидаги ваъдаси дунёнинг етакчи икки иқтисодини ўзаро ҳалокатли тариф урушига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Моҳинур Каримова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Мексика Клаудия Шейнбаум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made