Меҳнат шартномалари қандай рўйхатдан ўтказилади?

Бу қизиқ

image

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ) билан ишлаш механизми Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 5 декабрдаги қарорида тақдим этилган.

Ўзбекистон Президентининг 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини, шунингдек амалдагиларига ўзгартириш киритиш ва тугатишни ЯММТда мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилади. Ишлаётган ходимларнинг меҳнат шартномаларини 2020 йил 1 сентябрга қадар ЯММТда рўйхатдан ўтказиш лозим. Бундан ташқари, 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон меҳнат дафтарчаси жорий этилади. У меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва уларга маълумотлар киритишда ЯММТда автоматик тарзда шаклланади.

Меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар  барча иш берувчилар, шу жумладан алоҳида таркибий тузилмалар, хусусий корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мажбурийдир.

ЯММТни бошқариш дирекцияси тизимнинг оператори ҳисобланади. У тизимнинг ишлашини, ундан фойдаланишни таъминлайди, шунингдек ташкилий-техник жиҳатларини тартибга солади.

Тизимда ишни нимадан бошлаш керак? Қуйида қабул қилинган ҳужжатга асосан ҳаракатларнинг босқичма-босқич алгоритми тақдим этилган. Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси вакиллари билан учрашув чоғида алоҳида тушунтиришлар олинди.

I босқич. ЯММТда авторизация

Бунинг учун мй.меҳнат.уз электрон манзили бўйича ўтиш ва «Электрон ҳукумат» тизими юридик шахслар маълумотлар базасида СТИР бўйича идентификациядан ўтиш лозим. Хатолар бўлмаган тақдирда иш берувчи авторизация қилинади. Агар унда ЯММТда мустақил равишда авторизация қилиш имконияти бўлмаса, буни меҳнат органларида бепул амалга ошириш мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам маълумотлар иш берувчининг ЭРИ билан тасдиқланади.

II босқич. Иш берувчининг шахсий кабинетини шакллантириш

Авторизациядан сўнг иш берувчининг шахсий кабинети автоматик тарзда шаклланади. Унга кириш  - фақат юридик шахснинг ЭРИ калити орқали. ЯММТ билан ишлаш учун  иш берувчи (ЯТТдан ташқари) ўзининг ёзма қарори билан тизимга кирадиган битта ёки бир нечта жавобгар шахсларни белгилайди ва уларга ЭРИнинг очиқ калитларини топширади.

III босқич. Ташкилот тузилмасини шакллантириш

Шахсий кабинетга киргандан кейин ташкилот тузилмасини шакллантириш лозим. Бунинг учун махсус шакллар тўлдирилади. Уларга барча:

•    бўлинмалар (департаментлар, бўлимлар ва ҳоказо), алоҳила СТИРга эга бўлганлари бундан мустасно;
•    штат жадвалига мувофиқ иш ўринлари (агар мавжуд бўлса), шу жумладан бўш иш ўринлари, жумладан маъмурий, ишлаб чиқариш ва техник ходимлар тўғрисидаги барча ахборот киритилади.

Ҳар бир иш ўрни алоҳида ташкил этилади. Лавозимлар номи Классификатор (ММСК бўйича код, ходимлар тоифаси, таълимнинг энг паст даражасига талаблар кўрсатилади) бўйича киритилади. Агар рўйхатга олинаётган лавозим Классификаторда бўлмаса, ундан аҳамияти бўйича энг яқин лавозимни танлаш, пастда эса меҳнат шартномаси бўйича тўлиқ номини кўрсатиш зарур. Шунингдек, маош, ставка миқдори, лавозим вазифалари, иш шароитлари (иш графиги) ҳам кўрсатилади.

Иш ўрни меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилгунга қадар, у дастлабки ҳолатда бўш иш ўрни сифатида белгиланади.

Агар иш берувчи меҳнат муносабатларини расмийлаштириш бўйича ваколатларини ўзининг таркибий тузилмаларига берса, уларнинг ходимлари, иш ўринлари ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотни киритиш, шунингдек меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш учун штат тузилмаси (жадвали)нинг алоҳида базасини шакллантиришга йўл қўйилади. Бунинг учун ЯММТ операторига тегишли сўров бериш керак.

IV босқич. Меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш

Иш ўрни тўғрисидаги саҳифа тўлдирилгандан кейин меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш имконияти очилади. Бу ерда ходим ва меҳнат шартномаси тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Ходимнинг Ф.И.О.ни киритишда хатонинг олдини олиш учун ташкилотнинг жавобгар шахси  паспортнинг серияси, рақами ва ЖШШИРни киритади. Агар ҳаммаси тўғри кўрсатилган бўлса – Ф.И.О. автоматик тарзда чиқади. Яшаш жойи манзили прописка бўйича қўлда киритилади.

Шундан кейин меҳнат шартномаси рақами, у тузилган сана, ходимнинг иш вақти режими, синов муддати, бандлик турлари, таътиллар, устамаларни қўшган ҳолда (уларнинг миқдори кўрсатилмаган ҳолда) меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Киритилган маълумотлар юридик шахснинг ЭРИ билан тасдиқланади. Ҳар бир рўйхатдан ўтказилган шартномага кейинчалик хизматда фойдаланиш учун ноёб рақам берилади. Агар иш берувчи маълумотларни нотўғри киритган бўлса,  буни 5 иш куни мобайнида таҳрир қилиш мумкин. Бу муддат тугагандан кейин энди ЭРИ идентификацияси билан ЯММТ алоқа каналлари орқали операторга мурожаат қилиш лозим. Оператор барча мурожаатларни навбат тартибида 5 иш куни мобайнида кўриб чиқади.

Меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш учун қўшимча келишув худди шундай тартибда рўйхатдан ўтказилади. ЯММТга маълумотларни киритиш учун иш берувчилар шартнома асосида хусусий ташкилотлар хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Таътиллар ва ишдан бўшатишни рўйхатдан ўтказиш

Барча таътил турларини тақдим этиш ҳам ЯММТда рўйхатдан ўтказилади. Махсус ойнада таътил турини (меҳнат, иш ҳақи сақланмаган, туғишгача, болани парваришлаш ва ҳоказо) танлаш ва унинг бошланиш санасини кўрсатиш лозим. Меҳнат шартномаси тугатилганда ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг рақами ва санаси, шунингдек ходим у асосда ишдан бўшатилган Меҳнат кодекси моддаси киритилади.

Яна бир бора эслатиб ўтамиз, киритилаётган маълумотлар ЭРИ билан тасдиқланади, тўлдириш чоғидаги хатоларни эса 5 иш куни мобайнида тузатиш мумкин. Бу муддатдан кейин тизим операторига мурожаат қилиш лозим.

Ишдан бўшатиш рўйхатдан ўтказилгандан кейин меҳнат шартномаси тўғрисидаги барча ёзувлар ташкилотнинг электрон архивига тушади. У ташкилот фаолиятининг бутун даврида ходимлар билан меҳнат шартномаларини  тузиш, уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, тугатиш тўғрисидаги ахборотни сақлайди ва иш берувчининг шахсий кабинети орқали кириш мумкин.

Жисмоний шахснинг шахсий кабинети

ЯМТда ўз маълумотларига кириш учун ходим  мй.меҳнат.уз орқали авторизация қилиши ва «Электрон ҳукумат» тизимида ЖШШИР бўйича идентификация қилиши зарур. Бунинг учун жисмоний шахснинг ЭРИ ёки ташкилотнинг ваколатли ходими ёки меҳнат органи томонидан верификация қилинган мобиль телефон рақамига СМС-хабарномадан олинган кириш коди зарур.

Агар ходим ўзининг контакт маълумотларига қандайдир ўзгартиришлар киритишни хоҳласа,  у бу ҳақда кадрлар бўйича ходимга ёзма ариза бериши керак. Жисмоний шахс мамлакатдан ДЯЖга чиқиб кетган ёки вафот этган ҳолда шахсий кабинет маълумотларини ЯММТда сақлаш давом этади ва  ишончли вакиллар ёки ҳуқуқий ворисларга тақдим этилиши мумкин.

Электрон меҳнат дафтарчаси

У ўзини ЯММТда қуйидаги асосларга кўра шакллантириладиган, жисмонинй шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлардан иборат электрон ҳужжат сифатида намоён қилади:

•    иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш маълумотлари;
•    якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш;
•    ўзини ўзи банд қилиш вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олиш;
•    вақтинчалик меҳнат фаолияти учун хорижга чиқаётганлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари.

Меҳнат дафтарчаси ходим (Ф.И.О., туғилган санаси, маълумоти, касби, мутахассислиги), ишга жойлашиш даврлари (ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш), ҳисобланган иш ҳақи, тўланган жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади. Иш берувчи меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказгандан кейин меҳнат дафтарчасига кириш имконияти бўлади. Ходимнинг кириши учун ЭРИ ёки СМС-хабарнома кўринишидаги кириш коди зарур бўлади.

Жисмоний шахслар тизимга ўзининг ишга жойлашишининг ўтган даврлари тўғрисидаги ахборотни мустақил равишда киритишлари мумкин. У ёзув киритилгандан кейин 15 кун ичида Пенсия жамғармаси органлари томонидан верификация қилиниши  (тасдиқланиши) керак.

Иш берувчи ходим тўғрисидаги маълумотлардан у билан меҳнат шартномаси тугатилгунга қадар фойдаланиши мумкин.  Ишдан бўшатилгандан кейин кейинги меҳнат тарихини иш берувчи энди кўрмайди.

Агар ташкилот тугатилса ёки қайта ташкил этилса...

Иш берувчини тугатишда, унинг шахсий кабинетига киритилган маълумотлар ЯММТ маълумотлари архивига юборилади, улар у ерда муддатсиз сақланади. Унга ЯММТ оператори пенсия тайинлаш билан боғлиқ манфаатдор шахслар буюртмаларини кўриб чиқиш учун кириши мумкин.

Ташкилот мулкдори ўзгарганда ёки у қайта ташкил этилганда (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш, қайта тузиш) шахсий кабинет уларнинг ҳуқуқий ворисларида сақланиб қолади.

Ўзини ўзи банд қилганлар тўғрисидаги ахборотни киритиш

Меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилганлар учун вақтинчалик гувоҳнома берилган санадан бошлаб уч кундан кечиктирмай улар тўғрисидаги ахборотни ЯММТга киритади. Киритилаётган меҳнат фаолиятини амалга ошириш даври берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддатига тенг (1 ойдан 12 ойгача) ва пенсия ҳисоблаб чиқариш учун шахснинг стажига қўшилади. Энди гувоҳномани тақдим этиш йўли билан бу даврни тасдиқлаш шарт эмас.

Эътибор беринг! Агар тизим билан ишлаш чоғида у ёки бошқа шаклларни тўлдириш асносида  қийинчиликлар юзага келса, мй.меҳнат.уз сайтининг “Ёрдамни кўрсатиш” ва “Тизим бўйича ёрдам” махсус бўлимларидан фойдаланиш мумкин, унда батафсил тушунтиришлар тақдим этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

меҳнат дафтарчаси меҳнат шартномаси

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг