МДҲ етакчилари янги жаҳон урушини бошлашга уринишларни тўхтатишга чақирди
Олам
−
08 Октябрь
11286Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлат раҳбарлари фашизм, нацизм, милитаризмнинг қайта тикланишига йўл қўймасликка, янги жаҳон урушини бошлашга уринишларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 8 октябрь куни Москвада ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида қабул қилинган “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарларининг 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги совет халқининг Ғалабасининг 80 йиллиги муносабати билан Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва жаҳон ҳамжамиятига Мурожаатномаси”да сўз боради.
“Биз урушнинг ҳақиқий айбдорларини оқлаш, нацизм устидан ғалаба қозонишда халқларимизнинг ролини пасайтириш, Гитлер жаллодларининг шерикларини, Гитлерга қарши коалицияга қарши курашган, нацистлар ҳаракати билан ҳамкорлик қилган ва уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганларни реабилитация қилиш истагини кескин қоралаймиз”, дейилади мурожаатда.
Шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарлари Ҳамдўстлик мамлакатлари халқи ва жаҳон ҳамжамиятини тарихни сохталаштиришни қоралашга ва олдини олишга чақирган.
“Биз Иккинчи жаҳон уруши даврида нацизмга қарши курашганлар шарафига ўрнатилган ёдгорликларни қасддан таҳқирлаш ёки бузишга уринишлар ва ҳодисалар сони ортиб бораётганидан чуқур ташвиш билдирамиз ва қаерда бўлишидан қатъи назар, ёдгорлик ва қабрларни ҳурмат қилишга, уларга тўсиқларсиз киришни таъминлашга, бузғунчилик ва вайронагарчилик ҳаракатларининг олдини олишга чақирамиз”, дейилади ҳужжатда.
МДҲ давлат раҳбарлари БМТ Бош Ассамблеясининг “Ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва улар билан боғлиқ муросасизликнинг замонавий шаклларининг кучайишига ёрдам берувчи нацизм, неонацизм ва бошқа амалиётларни улуғлашга қарши кураш” резолюциясини олқишлашини ҳамда ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг мақсад ва тамойилларига содиқлигини билдирди.
“Биз ушбу муҳим ҳужжатларнинг кенг қўллаб-қувватланаётганини халқаро ҳамжамиятнинг ўтмишдаги фожиали хатолар такрорланишига йўл қўймаслик ва келажакни бирлаштирувчи тамойиллар асосида қуриш қатъиятининг тасдиғи деб биламиз”, дейилади ҳужжатда.
Маълумот учун, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди. Кун тартибига мувофиқ, кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур саммитда 14 та ҳужжат имзолангани хабар қилинганди. Шунингдек, Путин Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг барча давлатлари умумий тарих хотирасини сақлаш ва уни сохталаштиришнинг олдини олиш муҳимлигини тушунишини таъкидлади.