МДҲ саммитида рус тили бўйича халқаро ташкилот тузилиши кутилмоқда
Олам
−
12 Октябрь 2023
5341Эртага, 13 октябрь куни Бишкекда рус тили бўйича халқаро ташкилотни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Ҳужжатлар орасида мен фақатгина МДҲ давлатлари билан чекланиб қолмайдиган рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш бўйича битим имзоланишини алоҳида таъкидлаган бўлардим”, дейди у.
Унинг айтишича, рус тилини дунёда оммалаштиришга қаратилган бундай ҳукуматлараро тузилмани ташкил этиш ташаббуси Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан илгари сурилган.
“Шундай қилиб, 13 октябрдаги учрашувдан сўнг, мустақил халқаро тузилма яратилади. Бу тузилма ўз мақсад ва тамойилларига муштарак бўлган барча давлатлар учун очиқ бўлади”, дейди Россия Президенти ёрдамчиси.
Маълумот учун, эртага, 13 октябрь куни Қирғизистонда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади. Унда Россия Федерацияси, Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари иштирок этади. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса йиғилишда қатнашмайди.