МДҲ давлатлари санкциялар босимига биргаликда қарши туради – Бош котиб Лебедев
Олам
−
29 Сентябрь 2023
8433Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев ташкилотга аъзо мамлакатлар Ғарб чекловларига биргаликда қарши туришини айтди. Бу ҳақда у МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишида сўз очди.
“Ҳамдўстлик давлатлари глобал хавфсизлик тамойилларини баҳам кўради ва қўллаб-қувватлайди, санкциялар босимига биргаликда қарши туради. Мулоқот, шериклик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига амал қилган ҳолда кўп қутбли дунёда мустақил куч марказларини шакллантириш тарафдори”, дейди Лебедев.
Унинг таъкидлашича, жорий йилда Қирғизистон раислигида Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирликлари тегишли соҳалардаги ҳамкорликни кучайтирган.
“МДҲга аъзо давлатларнинг ҳарбий хавфсизлигига таҳдидлар доираси анча кенг бўлиб қолаётганини ҳисобга олсак, ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик, шубҳасиз, ишончли барқарорлаштирувчи омил бўлади”, деган Бош котиб.
Унинг таъкидлашича, МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши ва унинг мувофиқлаштирувчи қўмиталари фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгаши ҳамдўстлик маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш учун қудратли жамоавий салоҳиятга эга.
Шу билан бирга, Лебедев сўнгги пайтларда МДҲ, КХШТ ва ШҲТга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг ишчи учрашувлари ва қўшма мажлислари ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этган.
“Уларда глобал ва минтақавий кун тартибига оид масалалар, давлатларнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, шунингдек, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кенг муҳокама этилмоқда”, дейди МДҲ Бош котиби.
Маълумот учун, Сергей Лебедев 1948 йилда Жиззахда туғилган. У 1966-72 йилларда армияда хизмат қилган. Лебедев ўз фаолиятини 1975 йилда КГБга ишга кирганида бошлаган. Кейинчалик у Россия Қуролли Кучларида армия генерали ва 2000 йилдан 2007 йилгача Россия Ташқи разведка хизмати директори бўлган. 2007 йил 5 октябрда Лебедев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ижрочи котиби этиб сайланган.
LiveБарчаси