МДҲ давлатлари миграция масаласида мослашувчан бўлиши керак – Бобожоновнинг ўринбосари
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
4747Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари миграция соҳасида самарали ҳамкорлик қилмоқда, аммо янги муаммолар унинг оқимини бошқаришда янада мослашувчан ечимларни талаб қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Раҳмонов маълум қилди.
“Сўнгги йилларда бизнинг саъй-ҳаракатларимиз ва ҳамкорлигимиз миграцияни бошқариш ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим ютуқларга эришди. Бироқ, олдимизда ҳали ҳам мураккаб вазифа ва муаммолар турибди. Жаҳон воқеалари ва жамиятдаги ўзгаришлар биздан янада мослашувчан ва самарали қарорлар қабул қилишни талаб қилади”, дейди Раҳмонов Тошкентда бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари миграция органлари раҳбарлари кенгашининг 27-йиғилишида.
У сўнгги йилларда МДҲ давлатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида мигрантларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва интеграцияси, шунингдек, ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бўйича келишувлар ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишга эришганини билдирган.
“Янги технологиялар ва ривожланаётган халқаро муносабатлар миграциянинг янги жиҳатларини юзага келтирмоқда, биз уларни ҳисобга олишни ўрганишимиз керак”, дейди Раҳмонов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган тадбир давомида унинг иштирокчилари ўзаро тажриба алмашишлари ва янги шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда миграцияни бошқаришнинг янги стратегиясини ишлаб чиқишлари мумкин.
Жорий йиғилишда МДҲ мамлакатларидаги миграция ҳолати ва 2019-2023 йилларга мўлжалланган Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурининг амалга оширилишига оид маърузалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Кенгаш йиғилишида ҳужжатларни қалбакилаштириш йўлларини аниқлаш ҳамда ноқонуний миграцияга чек қўйиш бўйича чора-тадбирлар ва махсус операцияларни ўтказиш бўйича тажриба алмашиш режалаштирилган. Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари миграция хизматлари соҳасида ҳужжат айланишини рақамли трансформация қилиш, тегишли соҳадаги миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар ва Ҳамдўстлик мамлакатлари миграция органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалаларини ҳам кўриб чиқадилар.