Мбаппе ПСЖдан ололмаган пуллари учун UEFA'га шикоят қилди
Спорт
−
20 Август
2503Франция терма жамоаси сардори ҳамда Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе ПСЖдан ололмаган 55 миллион еврони олиш учун UEFAʼга шикоят қилди. Бу ҳақда “Le Monde” хабар берди.
Газетанинг ёзишича, клуб футболчига пулларни тўлаб бермаса, мусобақалардан четлатилиши мумкин. Ўзининг собиқ жамоасидан қарийб 55 миллион евро талаб қилаётган “Реал” футболчиси бу масалани ҳал қилиш учун Европа футбол ассоциациялари иттифоқидан ташқари Франция футбол федерацияси орқали Франция профессионал футбол лигасининг ҳуқуқ қўмитасига ҳам ариза билан мурожаат йўллаган.
“Париждаги шартномаси тугаганидан деярли икки ой ўтган бўлса ҳам, футболчи ПСЖ ва унинг асосий акциядори Qatar Sports Investments билан баҳсда давом этмоқда ва у муваффақиятсиз тўловни талаб қилмоқда”, дея ёзган нашр.
Маълумот учун, Франция профессионал футбол низомининг 259-моддасига асосан, иш ҳақи клублар томонидан шартнома бўйича футболчиларга ҳар ойнинг охирги кунигача тўланиши керак. Бироқ Мбаппега апрель, май, июнь ойлари учун тўловлар берилмаган.
Жорий йилнинг 16 июль куни франциялик ҳужумчи Килиан Мбаппе “Реал Мадрид” футболчиси сифатида таништирилди. Ҳужумчининг клубдаги маоши йилига 30 миллион еврони ташкил этади. Футболчи голлари сони ва кўрсатган сермаҳсуллигига қараб қўшимча бонуслар олади. Унинг “Реал” билан шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мбаппе ўзи ўйнаган клубни сотиб олгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси