Мбаппе “Эль-Класико”да ўйнайди – ОАВ
Спорт
−
08 Май 1949 2 дақиқа
“Реал Мадрид” ҳужумчиси Килиан Мбаппе жароҳатидан тўлиқ тикланди, тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди ва “Барселона”га қарши ўйинда майдонга тушади. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи ўйин қайдномасига киритилади, бироқ асосий таркибда эмас, балки захира ўриндиғида бошлайди. Мураббийлар штаби зарурат туғилса, у тахминан 30 дақиқа ўйнаши мумкинлигини кутмоқда.
Килиан Мбаппе 13 кун аввал “Реал Бетис”га қарши ўйинда чап оёғидаги ярим пайдан жароҳат олган эди. Жароҳат сабаб у “Эспаньол”га қарши сафар ўйинини ўтказиб юборган. Шу орада Мбаппе дам олиш учун севгилиси билан Италияга йўл олгани, бу эса ижтимоий тармоқларда мухлислар орасида норозилик уйғотди. У Мадридга ўйин бошланишидан атиги 12 дақиқа олдин қайтгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мухлисларнинг норозилиги кейинчалик “Реал Мадрид” раҳбариятига етиб борган. Клуб футболчининг тикланиш давридаги сафарлари борасида турли фикрлар билдирган. Бош мураббий Альваро Арбелоа эса тиббий штаб жароҳатланган футболчилар режимини тўлиқ назорат қилишини, футболчилар эса ўз бўш вақтларини ўзлари белгилашини, бироқ клуб интизомини унутмаслик кераклигини таъкидлаган.
“Реал Мадрид” ва “Барселона” ўртасидаги учрашув жорий йилнинг 10 май куни Барселона шаҳридаги “Камп Ноу” стадионида бўлиб ўтади.
Шунингдек, Килиан Мбаппе “Реал Мадрид” ичида ҳам муҳокамалар марказида қолмоқда. Клуб ичида эса мураббийлар штаби ва футболчилар ўртасидаги муносабатлар ҳам барқарор эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган.
Маълумот учун, Килиан Мбаппе жорий мавсум барча турнирларда 41 та ўйин ўтказиб, 41 та гол урди. У Ла Лига мусобақасида 24 та гол билан ва Чемпионлар лигасида 15 та гол билан жамоасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Реал Мадрид” мухлислари франциялик ҳужумчи Килиан Мбаппенинг клубни тарк этишини талаб қилиб петиция бошлагани ва ушбу петиция атиги бир кун ичида 12 миллиондан ортиқ имзо тўплагани ҳақида хабар берилганди. Ҳозирда ушбу петиция 45 миллионга яқин овоз тўплади.
Live
Барчаси