“Маймундек ҳаракатланишни тўхтатиш керак”. “Реал” футболчиси ҳақоратга учради
Спорт
−
17 Сентябрь 2022
12863Испания спорт агентлари ассоциацияси президенти Педро Браво “El Chiringuito” телеканали эфирида “Реал Мадрид” футболчиси Винисиус Жуниорнинг самба рақсидаги ҳолатини маймунга ўхшатди. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” нашри хабар берди.
Педро Бравонинг сўзларига таянадиган бўлсак, рақс тушишни истовчилар рақс майдончасига боришлари керак.
“Агар сиз самба рақсга тушмоқчи бўлсангиз, рақс майдончасига боринг. Бу ерда (стадионда) сиз ҳамкасбларингизни ҳурмат қилишингиз ва маймундек ҳаракат қилишни бас қилишингиз керак”, деган Браво.
Таъкидлаш жоиз, Педро Бравонинг бу сўзлари ирқчилик сифатида талқин қилинди. Кўплаб футболчилар ва оммавий ахборот воситалари Винисиусни қўллаб-қувватлади.
Бразилия терма жамоаси ва ПСЖ клубининг ҳужумчиси Неймар Жуниор ҳам ватандошининг ёнини олиб чиқди. Неймар Instagram саҳифасига Винининг расмини жойлаб, кейинги сафар биргаликда рақсга тушамиз, дея изоҳ қолдирган.
Албатта, ушбу вазиятга Винисиуснинг ўзи ҳам изоҳ бериб, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига видео мурожаат жойлаштирди.
22 ёшли футболчи ўзига нисбатан қилинаётган ҳақоратларни ирқчилик дея баҳолаган. Шунингдек, самба рақсига ҳам тўхталиб, ушбу рақсни Роналдиньо, Неймар, Лукас Пакета, Антуан Гризман, Жоа Феликс каби футболчилар ҳам ижро этишини айтган.
Қайд этиш керакки, ўзига нисбатан қилинган ҳақоратларга қарамасдан, Винисиус самба рақсини тўхтатмоқчи эмас. Аксинча, бразилиялик иқтидорли футболчи рақсдаги маҳоратини янада кўпроқ намойиш қилмоқчи.
Маълумот учун, жорий мавсумда 22 ёшли футболчи “Реал Мадрид” сафида 8 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 3 та голли узатма амалга оширган. “Transfermarkt” портали бразилиялик иқтидор эгасини 100 миллион еврога баҳоламоқда.