Хитой яна 8 та шаҳарни вирус сабаб ёпиб қўйди
Олам
−
24 Январь 2020
6049Коронавируснинг янги 2019-nCoV тури тобора авж олиб боряпти. Дастлаб Хубэй провинциясидаги Ухань ва Хуанган шаҳарларини ёпиб қўйган Хитой ҳукумати яна саккизта шаҳарни беркитди. Чиби, Эчжоу, Сяньтао, Чжицзян, Цяньцзян, Хуанши, Эньши ва Сяньнин янги турдаги коронавирус сабабли вақтинчалик ёпилди.
Юқори номи келтирилган 8 та шаҳарда жамоат транспортлари вақтинчалик тўхтатилди.
Коронавирус пайдо бўлган Ухань шаҳрида энг қатъий карантин режими амал қилиб, бу ерда 23 январь соат 10:00 дан автобус, паром, метро қатнови тўхтатилган, шаҳарга йўловчи автобуслари ва сув транспорти киритилмаяпти, шаҳарнинг аэропортидан парвозлар ва темир йўл станцияларидан қатнов тўхтатилган. Шаҳарга алоҳида заруратсиз бормаслик ва у ерни тарк этмаслик тавсия қилинган.
Темир йўл ҳаракати 23 январь эрталабдан Эчжоу шаҳрида ҳам тўхтатилган. Шунингдек, Сяньтаода соат 17:00 дан барча автобуслар ва сув транспорти ҳаракати тақиқланди. Шу вақтдан бошлаб Чжицзянда ҳам транспорт қатнови тўхтатилган, шаҳарда фақат супермаркетлар, шифохоналар, бозорлар, АЁҚШлар, дорихоналар ишламоқда, қолган турдаги тижорий фаолият тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда янги вирус билан касалланганлар 830 нафарга етди, 25 киши шу вирус ортидан ҳалок бўлди.