Маск Ўзбекистон пахтаси ҳақида ҳисоботни эшитиб, кулиб юборди (видео)
Олам
−
01 Май 58969 2 дақиқа
Кеча, 30 апрель куни Оқ уйдаги ҳукумат йиғилишида АҚШ Меҳнат вазири Лори Чавес-ДеРемер Қўшма Штатлар ташқи ёрдам дастурларини бекор қилиш орқали 250 млн доллар тежалганини айтди. Улар орасида Ўзбекистон пахта саноатини шаффофлаштириш учун ажратилган пуллар ҳам бор. АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск эса буни эшитиб, кулиб юборди. Ушбу жараённи Оқ уй жонли эфирга узатди.
“Биз ташқи ёрдам дастурларини бекор қилиш орқали 250 миллион доллар тежадик… Ҳа, хорижий ёрдамларга кетган маблағлар, жумладан, Ўзбекистоннинг пахта саноатидаги шаффофлик ва ҳисобдорликни молиялаштириш учун ажратилган пулларни ҳам. Биз бу хорижий (лойиҳаларни) молиялаштираётганимиз мантиққа тўғри келмайди. Ҳукуматдаги тежамкорлик учун DOGE'га раҳмат. Биз нима топдик – ҳа аниқланган фирибгарликлар…”, деди Меҳнат вазири.
Шунда Илон Маск Чавес-Деремернинг гапига аралашиб, бу жуда кулгили эканини айтди.
“Баъзи нарсалар шунчалик ғалатики, ишониш қийин. Ўзбекистон пахтачилари. Бу худди ҳажвий кўрсатувга ўхшайди”, деди Маск.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Лори Чавес-ДеРемер Ўзбекистон пахта саноатида “шаффофликни ошириш” учун ажратилган миллионлаб доллар пул бошқа ажратилмаслигини эълон қилганди. Ўшанда у ўзининг видеонутқида АҚШ охирги дастурларга 38 миллион долларидан кўпроқ маблағ ажратгани ва бундан ҳатто америкалик солиқ тўловчиларнинг хабари бўлмаганидан айтган эди. Шу сабабли Меҳнат вазири АҚШ Президенти Дональд Трамп илгари сураётган сиёсатни қўллаб-қувватлаб, ортиқ бошқа мамлакатларнинг “боши силанмаслигини” билдирган.
Live
Барчаси