Маск Twitter'ни сотиб олишни тўхтатиб қўйди
Олам
−
14 Май 2022
5104Twitter’ни сотиб олаётган тадбиркор Илон Маск кеча, 13 май куни компанияни сотиб олиш бўйича келишувни тўхтатиб қўйди. Бунга ижтимоий тармоқдаги сохта аккаунтлар сони ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмагани сабаб бўлди.
“Twitter [сотиб олиш] шартномаси спам ва сохта аккаунтлар фойдаланувчиларнинг 5 фоизидан камроғини ташкил этиши ҳақидаги тахминларни тасдиқловчи далилларни кутиш учун вақтинча тўхтатиб турилади”, дейди Маск Twitter’даги постида.
Маск компанияни сотиб олишни тўхтатганини эълон қилганидан сўнг, NASDAQ биржаси маълумотларига кўра, унинг акциялари жума куни 15,57 фоизга тушиб, ҳар бир акция учун 38,06 долларни ташкил этди.
Кейинроқ тадбиркор ҳали ҳам компанияни сотиб олиш ниятидан қайтмаганини қўшимча қилди. “Ҳали ҳам [Twitter’ни] сотиб олиш ниятидаман”, деб ёзган Маск ижтимоий тармоқда.
Тадбиркорнинг кейинги постидан кейин Twitter пасайишнинг бир қисмини бартараф қилган. Уларнинг нархи, NASDAQ маълумотларига кўра, 11,89 фоизгача - ҳар бир қоғоз учун 39,78 долларгача етган.
25 апрель куни Twitter раҳбарлари Маск компанияни 44 миллиард долларга сотиб олишини эълон қилди. Агар миллиардер келишувни бекор қилишга қарор қилса, АҚШ қимматли қоғозлар ва биржа комиссиясига кўра, у компанияга 1 миллиард доллар жарима тўлаши керак бўлади. Агар Twitter келишувни бекор қилса, Маскга компенсация тўланади. Битимнинг якуний санаси 2022 йил 24 октябрга белгиланган.
LiveБарчаси