Маск Трамп тузадиган комиссияга раҳбар бўлишга рози бўлди
Олам
−
06 Сентябрь
2774Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса, ҳукумат самарадорлигини ошириш учун комиссия тузишга ваъда берди ва унга бизнесмен Илон Маск раҳбарлик қилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар бермоқда.
Нашрга кўра, Нью-Йорк иқтисодий клубида нутқ сўзлаган собиқ президент маҳаллий ишлаб чиқарувчи компаниялар учун корпоратив солиқ ставкаларини камайтиришга, федерал ҳудудларда қурилиш компаниялари учун рағбатлантириладиган паст солиқ зоналарини ташкил этишга ва суверен бойлик фондини бошлашга ваъда берди.
“Мен ҳукумат фаолияти бўйича комиссия тузаман, у ҳам молия, ҳам бутун ҳукумат фаолиятини кўриб чиқади ва бизга керак бўлган кенг қамровли ислоҳотлар бўйича тавсиялар беради”, деган Трамп.
Шунингдек, у ўзини қўллаб-қувватлаган Маск бўлажак комиссияни бошқаришга рози бўлганини ҳам маълум қилди. Унга кўра, Трамп ноябрь ойидаги сайловда ғалаба қозонса, ҳукумат дастурлари аудитини ўтказиш учун раҳбариятига Маск ҳам кириши мумкин бўлган махсус комиссия тузиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Ўз ўрнида, аввалроқ Tesla раҳбари ҳам собиқ президент билан комиссия ҳақида суҳбатлар ўтказгани ва унда хизмат қилишдан манфаатдор бўлишини таъкидлаган эди. Хусусан, Маск Трамп номзодини қўллаб-қувватлаб, унинг сайловолди кампаниясини молиявий таъминлашга ваъда берган ва АҚШ ҳукуматида ўрин эгаллашга тайёр эканини маълум қилган. Ғарб ОАВлари ҳам Трамп сайловда ғалаба қозонса, тадбиркорга ўз маъмуриятидан лавозим таклиф қилишини ёзмоқда.
Маълумот учун, АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Собиқ президент Дональд Трамп Республикачилар партиясидан давлат раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатилган. Демократлардан эса вице-президент Камола Ҳаррис мамлакат раҳбарлиги учун курашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп сайловда ғалаба қозонса, мамлакатда TikTok’ни тақиқламасликка ваъда берган эди.
LiveБарчаси